Тошкент вилояти Пискент туманида, Тошкент денгизига яқин ҳудудда кўплаб дарахтлар кесиб ташлангани ҳақда Kun.uz'га видеомурожаат келиб тушди.
Видео 7 декабр куни олинган. Унда дарахтлар кўп йиллик бўлгани, ҳар ёқда шох-шабба ва тўнкалар сочилиб ётгани кўринади.
“Мана бунга қаранг, қандай дарахтларни кесиб ташлашди. Бу нимаси? Бу Тошкент денгизи [ҳудудида] бўлган. Кўряпсизми, ҳаммасини йўқ қилишган. Қани бизнинг экология [расмийлари], дарахтлар қанча кислород беради. Шундоқ ҳам ҳаво жуда ифлосланган. Бу ерда эса барча дарахтларни йўқ қилиб туришибди.
Бирор чора кўринглар, табиатни ҳимоя қилинглар. Бу ер яшил ҳудуд эди. Бу дарахтларни нима учун кесишди? Айни шу дарахтларни ўстиришга 20-30 йил кетади”, – деди мурожаат йўллаган одам.
Дарахтлар нима сабаб билан кесилгани маълум эмас. Kun.uz бу борада Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасига сўров юборди.











