Ўзбекистон | 15:17 / 18.03.2024
11739
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда туғилиш камая бошлади

2024 йилнинг дастлабки 2 ойида туғилишлар сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,6 фоизга камайди.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистонда 2024 йилнинг январ-феврал ойларида 137 457 та тирик туғилиш ҳолати қайд этилган. Бу 2023 йилнинг тегишли даврига нисбатан 3 631 тага – 2,6 фоизга кам. Бу ҳақда Статистика агентлиги маълум қилди.

Иқтисодчи Отабек Бакировнинг эътибор қаратишича, айрим трендлар бу ҳолат давом этиши мумкинлигига ишора қилади.

Биринчидан, қайд этилган никоҳлар сони иккинчи йил кетма-кет қисқармоқда ва 2023 йилда янги даврдаги энг кам никоҳ рўйхатга олинган (283,8 минг). Бундан камроқ кўрсаткич 2016 йилда қайд этилган (275 минг).

Иккинчидан, ажралишлар сони сунъий бюрократик тўсиқларга қарамай, 2023 йилда барча даврлардаги максимум – 49,2 мингга етган. Бу рақам мавжуд реалликни ифодаламаслиги ва аввалги йиллардаги тўсиқларнинг юмшатилиши эффекти бўлиши ҳам мумкин.

Учинчидан ва бу энг асосийси, даромадларнинг ўсиши кескин секинлашган. 2023 йилда жон бошига реал даромадлар ўсиши пандемия йилини ҳисобга олмаса, охирги 7 йилдаги энг паст кўрсаткичгача секинлашган – 2,4 фоиз. 5 та ҳудудда эса реал даромадлар қисқарган”, дея ёзди иқтисодчи.

Отабек Бакировнинг қўшимча қилишича, янги даврда туғилишнинг кескин ортиши даромадларнинг ўсиши билан юқори корреляцияда бўлиб келган.

“Туғилиш динамикасининг узоқ муддатли тренди яна урбанизация, гендер чақириқлари, миграция, эртанги кунга ишонч каби кўплаб омиллар таъсири остида шаклланади”, дея ёзди у.

Ўзбекистонда йиллик туғилишлар сони 2018 йилдан буён узлуксиз ўсиб келаётган эди.

Мавзуга оид