Ўзбекистон | 15:05 / 22.12.2019
9046
3 дақиқада ўқилади

Сеулдан гапирамиз: Олий Мажлисга сайлов Кореяда қандай ўтди?

Вакиллик органларига сайловлар хориждаги ваколатхоналарда ҳам давом этмоқда. Айни пайтга келиб, Япония, Жанубий Корея, Хитой, Малайзия ва Сингапур каби мамлакатларда овоз бериш жараёнлари якунланиш арафасида.

Kun.uz мухбири Феруза Авазова Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядаги элчихонасида ташкил этилган 42-сонли сайлов участкасида бўлди ҳамда жараённи кузатиб, сайловчилар ва Ўзбекистон консули Ҳайдар Файзиевнинг фикрлари билан қизиқди.

«22 декабрь куни тонгда ватанимиз мадҳияси остида элчихонамизда ташкил этилган Сеуль сайлов участкаси ўз ишини бошлади. Мана, ҳамюртларимиз ўз фуқаролик бурчларини бажариш мақсадида элчихонамизга ташриф буюриб, сайлов жараёнларида фаол қатнашишмоқда, уларнинг кайфиятлари аъло даражада.

Бу сайловни ташкиллаштиришда сайлов участка аъзолари фаол иштирок этиб, фуқароларимиз қулай шарт-шароитлар яратилмоқда. Улар учун бугун ош дамланмоқда. Фуқароларимиздан ўз вазифаларини ижро этиш учун элчихонамизга келиб, овоз беришларини сўраб қоламан», – деди Файзиев.

Жанубий Кореяда яшовчи ўзбекистонлик Галина Паннинг фикрича, янги сайланган депутатлар қонун устуворлиги ва сўз эркинлигини тўла таъминлаш устида иш олиб боришлари керак.

«Бу сайловдан нималар кутяпман? Биринчидан, сўнгги уч йил ичида жуда кўп ижобий ўзгаришлар бўлмоқда. Биз президентимизни қўллаб-қувватлаймиз. Биз сайлаган номзодлар президентимиз томонидан олға сурилаётган ислоҳотларни амалга оширишда хизмат қилишларини, шунингдек, қонун устуворлигини, сўз эркинлигини тўлақонли таъминлашларини истаган бўлар эдим. Бўлажак депутатлар, аввало, инсонлар фикрига қулоқ солишлари лозим», – дейди у.

Эслатиб ўтамиз, 12-18 декабрь кунлари сайловда муддатидан аввал овоз бериш тадбирлари Жанубий Кореянинг Ансан, Тэгу, Киме, Квангжу ва бошқа шаҳарларида ташкил этилган эди.

22 декабрь куни сайловлар Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Квангжудаги ваколатхонасида ҳам бўлиб ўтмоқда. Kun.uz бу ҳақда ҳам яқин вақт ичида репортаж тақдим этади.

Маълумот учун, Ўзбекистон парламенти сайловлари учун рўйхатга олинган 20,5 млн нафар сайловчининг 8,3 фоизи хориждаги сайлов участкалари ҳисобига тўғри келади. Яъни 1,7 миллион нафарга яқин ўзбекистонлик 38та чет давлатдаги 55та сайлов участкасида овоз бериши мумкин.

Мавзуга оид