Жаҳон | 12:06 / 22.07.2025
5556
4 дақиқада ўқилади

Белгияда исроиллик аскарлар Ғазодаги жиноятлари учун ҳибсга олинди

21 июл куни Белгия ҳудудида икки исроиллик аскар «ҳарбий жиноятлар»да гумонланиб, ҳибсга олинди. Европада илк марта содир бўлган ушбу ҳуқуқий жараёнда Цаҳал аскарлари сўроқ қилиниб, қўйиб юборилган. Ҳарбийлар устидан полицияга шикоят қилган «Hind Rajab Foundation» ва «GLAN» нодавлат ташкилотлари Белгия ҳукуматини бу ишни тўлиқ ва мустақил тарзда якунлашга чақирди.

Фото: AFP via Getty Images

21 июл куни Белгия ҳудудида ўтказилган Tomorrowland фестивалида икки исроиллик аскар «ҳарбий жиноятлари» учун ҳибсга олинди. Бу ҳақда Исроил ҳарбий хизматчиларини Ғазодаги геноцид учун суд жавобгарлигига тортиш билан шуғулланадиган нодавлат ташкилот «Hind Rajab Foundation» хабар берди.

Ташкилот расмий баёнотида айтилишича, Белгия федерал полицияси ҳуқуқий сўровларга кўра, Ғазодаги ҳарбий жиноятларда асосли тарзда айбланаётган икки исроиллик аскарни ҳибсга олиб, сўроқдан ўтказган. Бу — халқаро жавобгарликни таъминлаш йўлидаги глобал ҳаракатларда бурилиш нуқтасига айланиши мумкин бўлган воқеа сифатида кўрилмоқда.

«Гумонланувчилар Боом шаҳрида куч ишлатиш билан аниқланиб, ҳибсга олинган. Улар ҳибсга олингач, расмий сўроқ қилиниб, кейин қўйиб юборилган. Бельгия Федерал прокуратураси ҳозирда ушбу иш бўйича жиноий тергов бошланганини тасдиқлади», дейилади ташкилот баёнотида.

«Жуда кўп давлатлар сукут сақлаётган бир пайтда, ушбу ҳаракат аниқ сигнал беради: халқаро жиноятлар бўйича асосли далилларга ҳуқуқий жавоб берилиши лозим — сиёсий бефарқлик эмас. Биз ҳали адолат қарор топди дея олмаймиз — ҳали йўқ. Бироқ биз муҳим бир жараён бошланганига ишонамиз. Биринчи марта Европада Ғазо билан боғлиқ жиноятларда айбланаётган исроилликлар расмий равишда ҳибсга олиниб, сўроқ қилинди. Бу ҳолат қонуннинг кучи ва уни қўллаш иродасисиз мумкин бўлмаган бўларди.

Ғазодаги қурбонлар ва омон қолганларга шуни айтамизки: биз сизни кўряпмиз, эшитяпмиз ва адолат учун бўлган талабларингизни илгари суришда давом этамиз. Жазога тортилмаслик абадий бўлади, деб ишонаётганларга эса: бу лаҳза аксини исботлайди. Дунё бўйлаб кузатаётган давлатларга эса шуни эслатамиз: универсал юрисдикция — бу шунчаки принцип эмас, бу мажбуриятдир», дейилади ташкилотнинг расмий баёнотида.

Шунингдек, «Hind Rajab Foundation» ва "Global Legal Action Network” ушбу тергов жараёнларини қўллаб-қувватлашда давом этишини билдириб, Бельгия ҳукуматини бу ишни тўлиқ ва мустақил тарзда якунлашга чақирди.

Белгия прокуратураси баёнотига кўра, улар Ғазода «халқаро гуманитар ҳуқуқнинг жиддий бузилишларига» алоқадор бўлган икки исроиллик аскар Tomorrowland фестивалида кўрилгани ҳақида расмий шикоятлар қабул қилган.

Фото: The Guardian

Федерал прокуратура ўз баёнотида айбловда номлари кўрсатилган икки кишини аниқлаш ва уларни сўроқ қилиш учун полицияга кўрсатма берганини билдирди. «Ушбу сўроқлардан сўнг улар қўйиб юборилди», дейилади баёнотда. Прокуратура, Белгияда уруш жиноятлари бўйича экстерриториал юрисдикция мавжуд деган хулосага келганидан сўнг, бу ҳаракатни амалга оширганини маълум қилди. «Терговнинг ушбу босқичида бошқа маълумотлар берилмайди», дейилади баёнот якунида.

Исроил Ташқи ишлар вазирлиги Белгия ҳудудида ЦАҲАЛ аскари бўлган Исроил фуқаролари ҳибсга олиниб, сўроқ қилинганини тасдиқлади. Уларнинг иккаласи ҳам Бельгия ҳудудида таътилда бўлган. Сўроқдан сўнг тез орада озод этилган.

Исроил расмийлари сўроқ сабаблари ёки ҳибсга олиш тафсилотлари бўйича ҳеч қандай қўшимча маълумот бермаган.

Тайёрлаган:  Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид