Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ғазо бўйича хат атрофидаги можаро: Берлинале цензурани инкор этмоқда
Берлинале директори Таттл Ғазо масаласида фестивалнинг «сукути»ни танқид қилган кинематографистларнинг очиқ хатига жавоб берди. У Исроилни халқаро ҳуқуққа риоя қилишга чақирди, бироқ кинофестивални сиёсийлаштиришга қарши чиқди.
Фото: Julie Edwards/Photoshot
Берлин кинофестивали — Берлинале директори Триша Таттл чоршанба куни, 18 февралда, Яқин Шарқдаги можаро билан боғлиқ ҳолда кинематографистларга нисбатан цензура ва қўрқитиш бўлгани ҳақидаги айбловларни рад этди. Dpa агентлигига берган интервюсида у нуфузли Ҳолливуд нашри Variety’da эълон қилинган очиқ хатни «нихоятда оғир» деб атади. Ушбу хатда Тилда Суинтон ва бошқа ўнлаб маданият арбоблари Берлиналенинг Ғазо секторда Исроил ҳаракатларига нисбатан «институционал сукут»ини қоралаган.
«Мен бу хатдан ҳайрон қолдим», — деб тан олди Таттл ва ҳужжатни имзолаганлар билан, айримларини у шахсан таниганини айтиб, тўғридан тўғри мулоқотни афзал кўрган бўлардим, дея қўшимча қилди. Ҳужжат муаллифлари фестивални «фаластинликларга нисбатан геноцид»ни инкор этишда айблаган, бундай ҳолат мавжудлигини эса Исроил ҳам, Германия ҳукумати ҳам қатъий рад этади.
Таттлдан унинг шахсий позицияси ҳақида сўралганда, у тинч аҳоли вакилларининг ҳалок бўлиши уни чуқур ларзага солганини айтди. «Мен Исроилни халқаро ҳуқуққа риоя қилишга қатъий чақириб қоламан», — деди Берлинале директори. Шу билан бирга у яҳудий давлати ҳамкорлари ҳам тинч аҳолини ҳимоя қилишга эришиш учун ҳаракат қилиши кераклигини қўшимча қилди.
Айни пайтда Триша Таттл «профаластинчилик» ёки «происроилчилик» каби баҳоловчи ёрлиқлардан эҳтиёт бўлишга чақирди: унинг таъкидлашича, бундай иборалар фикрлар доирасини торайтиради. Таттлнинг сўзларига кўра, кинофестивал аниқ бир томонни танламаслиги керак, чунки бу муҳокама учун жойни қисқартиради ва одамларга гўё уларнинг фикри кераксиздек туйғуни сингдиради. «Бу мавзу жуда мураккаб — уни қисқа баёнот билан ифода этиб бўлмайди», — деди у.
Таттл, шунингдек, ҳакамлар ҳайъати раиси Вим Вендерсни ҳам ҳимоя қилди: уни кинематографистлар сиёсатдан узоқ туриши керак, деган гаплари учун танқид қилган. У иқтибосларни контекстдан узиб олиш адолатсизлик эканини айтди ва Вендерс сўнгги 50 йил давомида ўз филмларида одамларга нисбатан катта ҳамдардликни намоён қилиб келаётганини эслатди. «Унинг ишларида ҳар доим сиёсий унсур бўлган», — деди Таттл ва Вендерс сўзлари «вирусли кампанияни ишга тушириш» учун қасддан бузиб кўрсатилганидан афсус билдирди.
Германиянинг маданият масалалари бўйича давлат вазири Волфрам Ваймер ҳам фестивал ва ҳакамлар раиси томонига ўтди. Welt TV эфирида Ваймер Берлинале — «камера ва режиссураси бор ННТ» эмас, балки «барча нозик мавзулар» кўтариладиган эркин мунозара майдони эканини билдирди.
Немис сиёсатчиси Вендерсга профаластин фаоллар томонидан босим ўтказилаётганини таъкидлади: улар ундан «кўпроқ гапириш» ва «кўпроқ иш қилиш»ни талаб қилмоқда. У режиссёрни ҳимоя қилмоқчи эканини айтди — Вендерс «мутлақо тўғри сўзларни топган», деди Ваймер ва Таттл ҳамда Вендерс Берлин кинофестивалини «жуда вазминлик билан» бошқараётганини қайд этди.
Мавзуга оид
19:09 / 16.02.2026
Юзлаб ўзбекистонликлар Исроилнинг Ғазога қарши урушида қатнашган – Al Jazeera
13:48 / 16.02.2026
Исроил яна Ғазога зарба берди: 12 киши ҳалок бўлди
15:42 / 13.02.2026
Исроилга қурол: Германия конституциявий суди шикоятни қабул қилмади
08:22 / 30.01.2026