Ўзбекистон | 00:45 / 26.12.2020
86664
5 дақиқада ўқилади

«Ҳу анави йигит сўзга чиқсин, тайёрланмаганга ўхшайди» — Президентнинг ёшлар билан учрашуви қандай ўтди?

Ҳаётда эндигина ўз йўлини излаётган, ҳар имкониятга умид билан қараётган ёшлар учун президент билан учрашув – катта воқеа. Ана шу воқеа 25 декабр куни Тошкентдаги «Ҳумо арена»да бўлиб ўтди.

Фото: KUN.UZ

Шавкат Мирзиёев форум доирасида ёшлар билан учрашиб, мулоқот қилди. Учрашувда ёшларни қийнаётган муаммолар ечимига оид режалар баён қилинди, вазифалар белгиланди.

Аввалига эълон қилинган янгиликларнинг айримларини санаб ўтсак:

  • Икки ва ундан ортиқ фарзанди олий ўқув юртида шартнома асосида ўқиётган оилаларга имтиёзли таълим кредити бериш йўлга қўйилади. Бу кредитларни ёшлар ОТМни битириб, ишлашни бошлаганларидан кейин узиши мумкин бўлади.
  • 2021 йилдан ОТМларга кириш имтиҳонларида энг юқори балл тўплаган 200 нафар ёш учун Президент гранти жорий этилади. Ҳозирги Президент стипендияси фақат бир ўқув йили учун мўлжалланган бўлса, ушбу грант маблағлари тўрт йил давомида тўлаб борилади.
  • IELTS, TOEFL, GMAT ва SAT каби имтиҳонларда максимал баллнинг камида 75 фоизини тўплаган ёшларнинг имтиҳон харажатлари тўлиқ қоплаб берилади.
  • Ҳукуматга ёш кадрлар учун белгиланган синов муддати даврида иш берувчиларга имтиёзлар тақдим этиш масаласини кўриб чиқиш вазифаси топширилди.
  • Ёшларнинг лойиҳаларини молиялаштириш учун Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги қошида алоҳида жамғарма ташкил этилади ва унга 100 миллион доллар маблағ ажратилади.
  • Жамғарма ёшларнинг лойиҳаларини қулай шартларда ва паст фоизларда молиялаштиради. Бундан ташқари, кичик саноат зоналарида ишлаб чиқариш бинолари қурилиб, ёшларга имтиёзли шартларда ижара ва лизинг асосида берилади.
  • Касб-ҳунар ҳамда тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш орқали махсус сертификат олган ёшларга Марказий банкнинг асосий ставкасидан 4 фоиз паст ставкада микрокредитлар ажратилади. Бу кредитлар 7 йил муддатга 3 йил имтиёзли давр билан берилади. Бу мақсадлар учун 2021 йилда 45 миллион доллар ажратилади.
  • Тошкент шаҳрида замонавий муҳташам кутубхона барпо этилади ва бу маърифат саройи илм-фаннинг сўнгги ютуқлари асосида жиҳозланади.
  • Мактаб ўқувчилари ва олий ўқув юртлари талабалари ўртасида «Бўлажак олим» танловини ташкил қилиш орқали ёшларнинг энг яхши инновацион ҳамда стартап лойиҳаларига 50 миллиард сўм маблағ йўналтирилади.

«Бир сония ҳам вақтингиз бекор ўтмасин! Ёшлик – умрнинг энг бебаҳо даври. Илм ўтда ёнмайдиган, сувда чўкмайдиган, ҳеч ким сиздан тортиб ололмайдиган бойлик эканини асло унутманг!

Сизлар – мустақиллик фарзандларисиз. Ота-боболарингиз кўрган тўсиқ ва қийинчиликларни кўрмай, озод Ватанда эркин нафас олиб, вояга етяпсизлар. Юксак мақсадлар йўлида сиз – ёшлар ҳал қилувчи куч бўлишингиз керак. Мен сизларнинг зиммангизга юкланган ана шундай улкан масъулиятни, том маънодаги тарихий вазифани шараф билан адо этишингизга қатъий ишонаман», – деди президент ёшларга қарата.

Маърузадан сўнг давлат раҳбари ёшлар билан бевосита мулоқот қилди.

Тадбирда кутилмаган, қизиқарли ҳолатлар ҳам кузатилди. Масалан, Навоий вилоятидаги ёшлардан бири минбарга чиқиш арафасида турганида энг охирги қаторда ўтирган йигит қўл кўтаргани кўринди. Президент ҳоким ва минбарга чиқишга тайёрланаётган номзодни тўхтатиб, ўша йигитни чақиришларини сўради ва шундай деди:

– Ҳу ўша, орқадан қўл кўтарган йигит сўзга чиқсин. Тайёрланмаганга ўхшайди.

Бу сўзлар бутун иштирокчиларнинг табассумига сабаб бўлган бўлса, сўзга чиққан йигитнинг таклифи (у ҳаяжон туфайли негадир «талаб» деб атади, президент кулиб қабул қилди) ғайриоддийлиги билан кўпчиликни ҳайратга солди:

– Ўзим Нуротаданман. Бизда тарихий жойлар жуда кўп, лекин тарихий фильмларимиз кам. Ҳалигача 40–50 йил аввал олинган фильмларни томоша қиламиз. Таклифим, тарихий сериал олинса ва мен шунда бир рол ижро этсам.

Давлат раҳбари бу таклифни қабул қилишини ва бу йигитга албатта рол берилишини мутасаддиларга тайинлади.

Самарқанд вилоятидан сўзга чиққан қиз эса жуда эсда қоларли таклиф билдирди.

– Маълумки, тарихий дарсликларимизда маълум даврларга нафрат руҳида ёзилган мавзулар кўп учрайди. Аслида дарслик фақат холис ахборот етказиш билан шуғулланиши лозим, – деди у.

Президент бу таклиф бўйича ҳам батафсил тушунтириш берди ва дарсликларни яратиш, умуман таълим тизимини зарур адабиётлар билан таъминлаш ҳамиша диққат марказида бўлиши зарурлигини таъкидлади.

Сўзга чиққан ёшлардан бири ўз ижодий фаолияти ҳақида сўзлаб бераётганида, давлат раҳбари ёнида ўтирган Тошкент шаҳар ҳокимига қарата: «Кўрдингми, қандай ёшларимиз бор?!» деган сўзлари ўртада турган микрофон орқали бутун залга эшитилиб кетди.

Ёшлар форумида эсда қоларли дақиқалар анчагина кўп бўлди. Энг муҳими, бу жараён фақатгина маълум кампания доирасида бўлмаслиги, ёшлар билан ишлаш мунтазам ва тизимли олиб борилиши кераклиги таъкидланди.

Аброр Зоҳидов
Тасвирчи – Нуриддин Нурсаидов

Мавзуга оид