Жаҳон | 22:33 / 29.05.2026
12090
3 дақиқада ўқилади

Путин Арманистоннинг Евроиттифоққа интилишига муносабат билдирди

“Агар Арманистон ЕИ стандартларига ўтишни бошласа, у билан барча иқтисодий интеграцияни тўхтатишимиз керак бўлади”, деди Россия президенти. У Арманистон учун темирйўл ва энергия тарифлари оширилиши, арман фуқаролари Россияда ишлаш учун патент олишига тўғри келишидан огоҳлантирди. “Украинадаги инқироз бир пайтлар Киевнинг Европа Иттифоқига қўшилиш уринишлари билан бошланган эди”, деди Путин.

Фото: kremlin.ru

Россия президенти Владимир Путин 29 май куни Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида ўтказилган Eвросиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) саммити якунлари бўйича матбуот анжуманида иштирок этди.

Кремль раҳбари Россия учун EОИИ барча давлатлари билан иттифоқчилик алоқаларини чуқурлаштириш сўзсиз устувор вазифа ҳисобланишини таъкидлади.

«ЕОИИ товарлар, хизматлар, капитал ва ишчи кучининг умумий бозорлари яратилган. Ўтган йили иттифоқ мамлакатлари ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 95 миллиард долларга етди. EОИИ мамлакатлари ўртасидаги деярли барча ҳисоб-китоблар миллий валюталарда амалга оширилади. ЕОИИ давлатлари ўзини асосий озиқ-овқат маҳсулотлари билан мустақил таъминлаш ниятида», деди у.

Шундан сўнг, Путин халқаро вазият, хусусан Арманистон билан боғлиқ воқеаларга тўхталди.

«Россия ва Арманистон ўртасида алоҳида муносабатлар мавжуд. Ереван Ғарб билан яқинлашиш бўйича қандай қарор қабул қилмасин, бу уларни бузмайди. Аммо Евросиё Иттифоқи мисолида гап соф иқтисодий субстанциялар ҳақида бормоқда. Агар Арманистон Европа Иттифоқи стандартларига ўтишни бошласа, биз у билан барча иқтисодий интеграцияни тўхтатишимиз керак бўлади. Улар ўз маҳсулотларини кимга етказиб беради, арман виноси қаерга боради? Улар учун темирйўл тарифларини оширишга тўғри келади. Энергия нархларини оширишга тўғри келади. Арманистон фуқаролари Россияда ишлаш учун патент олиши керак бўлади. Украинадаги инқироз бир пайтлар Киевнинг Европа Иттифоқига қўшилиш уринишлари билан бошланган. Евросиё иттифоқи Арманистондан аъзолик бўйича референдумни имкон қадар тезроқ ўтказишни сўрамоқда», деди у.

Эслатиб ўтамиз, Арманистон бош вазири Никол Пашинян EОИИ саммитида иштирок этмади. Аввалроқ, мамлакат Европа Иттифоқи билан яқинлашиш сиёсатини танлаган эди.

Бундан ташқари, Россия президенти сўзларига кўра, Ғарб матбуоти ўз фуқароларини алдамоқда.

«Старобелск коллежига берилган зарба ҳақида бир оғиз ҳам сўз йўқ. Шармандалик ва даҳшат, оммавий аҳмоқ қилиш воситалари. Европа Иттифоқининг Россия билан эҳтимолий уруш ҳақидаги баёнотлари — сафсата ва ёлғон. Геббелс айтганидек, ёлғон қанчалик ақл бовар қилмайдиган бўлса, унга шунчалик тез ишонишади. Россия ҳеч қачон Европа мамлакатларига таҳдид қилмаган ва қилмаяпти. Россия базаларига зарба беришга уринганларнинг барчасини ер билан яксон қилиш учун Россияда воситалар мавжуд», деди у.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид