Ўзбекистон | 11:09 / 04.10.2021
6032
2 дақиқада ўқилади

«Rothschild & Со» Ўзбекистон билан банкларни хусусийлаштириш борасида ҳамкорликни чуқурлаштиради

Тошкентда Ўзбекистон бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов ҳамда “Rothschild & Со” кузатув кенгаши раисининг ўринбосари барон Эрик де Ротшильд ўртасида музокаралар бўлиб ўтди.

Ўзбекистонда давлат активларини хусусийлаштиришда, шунингдек, мамлакат банк-молия секторини ривожлантиришда эришилган ижобий тенденциялар тилга олинди. Манфаатдор хорижий инвесторларни жалб қилган ҳолда йирик давлат корхоналар ва банкларни хусусийлаштириш борасида ҳамкорликни чуқурлаштириш ҳамда миллий банк тизимини ривожлантириш ҳамда ислоҳ қилишда биргаликда ишлашга тайёрлик билдирилди.

Хорижий томон шунингдек, транспорт соҳасини трансформациялаш, жумладан, Ўзбекистонда инфратузилмавий лойиҳаларни амалга оширишга хусусий инвесторларни жалб этишга кўмаклашиш орқали ҳамкорлик қилишга қизиқиш билдирди.

Томонлар металлургия, кимё ва нефть-кимё саноати, қишлоқ хўжалиги ва туризм соҳаларидаги устувор лойиҳаларни инвестициялар киритишдан олдин биргаликда тайёрлаш ҳамда кейинчалик ушбу лойиҳаларни амалга оширишга хорижий инвесторларни жалб қилиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйишга ҳам келишиб олди.

1811 йилда ташкил этилган “Rothschild & Co” компанияси Ротшильдлар оиласи томонидан бошқариладиган молиявий холдинг компаниясидир. Қароргоҳи Париж шаҳрида жойлашган. “Rothschild Group” банки гуруҳига “N.M. Rothschild & Sons” (Лондон) ва “Rothschild & Cie Banque” (Париж) компаниялари ҳам киради. Гуруҳ фаолияти инвестициявий ҳамда корпоратив банк хизматлари, хусусий капитал қўйилмалари, активларни бошқариш, хусусий банк хизматлари ва бошқа соҳаларни қамраб олади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид