Иқтисодиёт | 12:16 / 27.02.2024
24252
3 дақиқада ўқилади

227-1-модда бўйича қўлланган жарималар суммасининг 98 фоизи ҳисобдан чиқарилади

Президент фармони билан, Солиқ кодексининг 227-1-моддаси бўйича қўлланадиган жарима миқдори камайтирилди. Биринчи марта содир этилган ҳуқуқбузарлик учун соф тушумнинг 2 фоизи миқдорида жарима белгиланмоқда.

Фото: Солиқ қўмитаси

Ўтган ойлар мобайнида кенг муҳокамаларга сабаб бўлган Солиқ кодексининг 227-1-моддаси бўйича жарима миқдори 98 фоизга пасайтирилди. Бу ҳақда Савдо-саноат палатаси хабар бермоқда.

Илгари бу модда бўйича фискал белгиларни акс эттириш ёхуд автоматлаштирилган ҳисобга олиш ўлчов воситалари билан жиҳозлаш ёки солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилинишини таъминлаш бўйича қонунчиликда белгиланган талабларни ёки тартибни бузиш, шунингдек товарларни (маҳсулотларни) ишлаб чиқарувчилар, импорт қилувчилар ва сотувчилар томонидан идентификация воситалари орқали мажбурий рақамли маркировкалаш қоидаларини бузиш реализация амалга оширилган охирги ҳисобот чорагида олинган соф тушум миқдорида жарима солишга сабаб бўлар эди.

Киритилган ўзгаришлар билан, бу ҳуқуқбузарлик биринчи марта содир этилганда реализация амалга оширилган охирги ҳисобот чорагида олинган соф тушумнинг 2 фоизи миқдорида жаримага сабаб бўлади.

Шунингдек, бир йил давомида такрор содир этилганда – реализация амалга оширилган охирги ҳисобот чорагида олинган соф тушумнинг 20 фоизи миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Бу – президентнинг 38-сонли фармонида назарда тутилган. Фармон кучга киргунга қадар фискал тартиб-қоидаларга оид ҳуқуқбузарликлар (227-1-модда) учун қўлланган молиявий жарималар бўйича мавжуд қарздорликнинг фоизи ҳисобдан чиқарилади ва қарздорликни ундириш билан боғлиқ суд ва ижро ишлари тугатилади.

Ундирилган жарима суммаларининг фоизи келгуси тўловлар ҳисобига тадбиркорлик субъектларига қайтарилади.

227-1-модда ҳақида

2023 йил март ойида Солиқ кодексига ўзгартиришлар киритилиб, 227-1-моддаси қўшилган эди. Унга кўра, тадбиркор маркировка қоидаларини бузса, махсус ҳисоблаш дастурларини солиқ органи базасига интеграция қилмаса, бир чоракдаги (3 ой) соф тушумининг 100 фоизи миқдорида жаримага тортилади. Бу жариманинг юқорилиги тадбиркорларнинг эътирозларига сабаб бўлиб келяпти.

2023 йил охирида Президент ҳузуридаги кенгаш маркировкалаш бўйича жаримани камайтиришни сўради. Кенгашнинг бу муаммо юзасидан давлат раҳбарига мурожаат этишга қарор қилиши ортидан Солиқ қўмитаси раҳбарлари тадбиркорлар билан мулоқот қила бошлади. Савдо-саноат палатаси 400 млрд сўмлик жарималарни ҳисобдан чиқариш ва белгиланган санкцияни енгиллаштиришни таклиф этди.

Иқтисодчи Отабек Бакиров тадбиркорлик субъектларига нисбатан қўлланган жарималар миқдори жами триллион сўмдан ошиб кетгани ҳақида ёзганди.

2024 йил феврал ойида Тошкент шаҳар маъмурий суди 227-1-модда бўйича солиқ органлари қарори устидан шикоят қилган тадбиркорнинг фойдасига ҳал қилув қарорини чиқарди.

Мавзуга оид