Жаҳон | 18:43 / 26.08.2025
10469
2 дақиқада ўқилади

Москвадаги мигрантлар «Амина» мобил иловаси орқали назорат қилинади

Москва ҳудудида ишловчи чет элликлар мобил иловани юклаб олиб, геолокациясини мунтазам равишда узатиб туриши керак.

Фото: Ведомости

2025 йил 1 сентябрдан бошлаб Москва шаҳри ва Москва вилоятида «Амина» мобил иловаси ёрдамида хорижий фуқароларнинг турган жойини ҳисобга олишнинг экспериментал режими жорий этилади. Бу ҳақда «Многофункциональный миграционный центр» (ММЦ Сахарово) муассасаси маълум қилди.

Иловани мажбурий ўрнатиш Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон, Арманистон, Қозоғистон, Гуржистон, Озарбойжон, Молдова ва Украинадан келган меҳнат мигрантларига тааллуқлидир.

Пойтахт минтақасида миграция рўйхатидан ўтиш фақат «Амина»дан фойдаланиш орқали амалга оширилади.

Мигрантлар иловани мустақил равишда ўрнатади. Аммо «Амина»да авторизациядан ўтиш учун хорижий фуқаронинг амалдаги картаси зарур бўлгани сабабли, уни расмийлаштириш учун Саҳаровога бориш керак бўлади. Карта йўқолган тақдирда, «Амина»да авторизациядан паспорт маълумотлари бўйича ўтиш мумкин.

Мобил иловада фойдаланувчининг геолокация маълумотлари автоматик равишда узатилади. Агар маълумотлар уч иш кунидан ортиқ вақт давомида узатилмаса, мигрант яшаш манзилини тасдиқлаш ёки унинг ўзгаргани ҳақида маълумот бериш сўралган хабарнома олади. Ҳисобга олиш шартларига риоя қилмаслик манзил бўйича рўйхатдан чиқарилишига ва Назорат қилинадиган шахслар реестрига киритилишига сабаб бўлади.

Таъкидланишича, келгусида «Амина»да назорат билан бир қаторда қўшимча хизматлар - патент тўлови, ММЦ қабулига ёзилиш ва бошқалар пайдо бўлади.

Июнь ойи охирида Россия ҳукумати ruID кўп тилли мобил иловасини ишга туширди, у орқали мигрантлар Россияга кириш учун ариза топшириши, кириш чекловларини текшириши ва давлат хизматларидан фойдаланиш учун рақамли профил яратиши мумкин.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид