Ўзбекистон | 17:04 / 11.02.2022
24841
2 дақиқада ўқилади

Шаҳрихондаги портлашда жароҳатланганлар сони ошди. Уларнинг бир қисми шифохонадаги беморлар бўлган

Андижон вилояти Шаҳрихон туманидаги хусусий шифохонада юз берган портлашда бир киши вафот этди, 11 киши жароҳат олди. Бош прокуратура ушбу ҳолат юзасидан жиноий иш қўзғатилганини маълум қилди.

Фото: Kun.uz

Бош прокуратура матбуот хизмати Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманидаги Қоракўрпа маҳалласида жойлашган хусусий шифохонада рўй берган газ портлаши юзасидан муносабат билдирди.

«Шаҳрихон туманидаги хусусий диагностика ва даволаш масканида ҳаво-газ аралашмасининг чақнаши содир бўлганлиги ҳолати юзасидан Жиноят кодексининг 257-моддаси (Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилди», дейилади хабарда.

Прокуратура хабарида аниқлик киритилишича, ҳодиса оқибатида 1 киши вафот этган, 11 киши жароҳатланган.

Воқеа жойида бўлган Kun.uz мухбири портлаш оқибатларини тасвирга олди. Мухбирнинг гувоҳларга асосланиб хабар беришича, портлаш шифохонанинг биринчи қаватида содир бўлган, натижада иккинчи қават ҳам қулаб тушган.

Қайд этилишича, жароҳатланганлар орасида шифохонага даволаниш учун келган беморлар ҳам бўлган.

Андижон вилояти ФВБ дастлабки хабарида ҳодиса оқибатида 7 киши жароҳат олганини маълум қилганди, кейинроқ Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотида жароҳатланганларнинг бир нафари вафот этгани, 4 киши жароҳат олгани ҳақида хабар қилди.

Мавзуга оид