Ўзбекистон | 22:29 / 21.04.2017
13371
6 дақиқада ўқилади

Вазирликлар, мутасадди идоралар, ОАВ - халқ муаммоларини ечиш йўлида

Бугун 21 апрель куни  Ҳаракатлар стратегиясининг 1-чорагига бағишланган ҳисобот анжумани бўлиб ўтди.

"Ҳаракатлар сарҳисоби: 2017 йил 1-чорак якунлари" анжуманида Олий Мажлис Сенати, Олий Мажлис қонунчилик палатаси, “Тараққиёт стратегияси” Маркази,   Ташқи ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Марказий банк, Олий суд, Пенсия жамғармаси, Адлия вазирлиги,  Иқтисодиёт вазирлиги, Рақобатни ривожлантириш Давлат қўмитаси вакиллари иштирок этишди ва ўз соҳаларида амалга оширилган ишлар бўйича ҳисобот беришди:

- Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш йўналиши;

- Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш йўналиши;

- Иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштириш йўналиши;

- Ижтимоий соҳани ривожлантириш йўналиши;

- Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш йўналиши.

Жорий йилнинг 1 март куни ўз фаолиятини бошлаган "Тараққиёт стратегияси" марказининг мақсади халқ ва давлат идоралари ўртасида ўзига хос кўприк ролини бажаришдир. Шуни таъкидлаш жоизки, давлат идоралари вакиллари анжуманга ана шу марказ томонидан олиб борилган таҳлилий ўрганишлар, шунингдек аҳолидан келиб тушган мурожаат ва таклифларни инобатга олган ҳолда таклиф этилган.

Анжуманда кўплаб ОАВ вакиллари фаол иштирок этишди ва янги банкноталар, банкоматлар муаммоси, сайёҳлик тизими, топилиши қийин бўлган дори воситалари бўйича қатор саволлар билан мурожаат қилишди.  Шу билан бирга ҳудудий ОАВ вакилларига ҳам масофадан иштирок этиш имкони яратилди. Бундан ташқари, ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларнинг видеосаволларига ҳам имкон қадар жавоб берилди.

Давлат идоралари вакиллари шу кунга қадар ўз соҳасида амалга оширилган ишлар ҳақида ҳисобот беришди. Натижалар яхши, албатта. Бироқ истиқболдаги режалар ҳақида маълумотлар кам.

"Ҳар бир идорада ОАВ билан ишловчи алоҳида ходим фаолият олиб бормоқда" дейилди, бироқ анжуманда гапирилгани билан барча мутасадди ташкилотларнинг ОАВ учун масъул ходимлари ўз хизмат бурчларини тўлиқ адо этмаслиги кўпчиликка сир эмас.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан давлат идоралари ва ташкилотларнинг шаффофлик, очиқлик тамойилига амал қилиши, "ура-уралар"дан қочиши борасида кўп гапирилмоқда. Афсуски, кўп соҳаларда ҳозирча шаффофликка эришиш қийиндек кўринади. Зеро журналистлар томонидан берилган саволларга аниқ, тўлиқ жавоб топишнинг ўзи муаммо. Баъзи саволларга берилаётган жавоблар хали ҳам ўша-ўша - "олиб борилмоқда", "жадаллашмоқда", "...муваффақиятларга эришилгани қувонарли ҳол" ва ҳ.к.

Тадбир давомида бошловчилар регламентни қайта-қайта эслатиб туришларига тўғри келди. Вазирлик ёки ташкилот вакили саволга тўлиқ жавоб берай деса, вақт етишмайди, қисқа ва "айланиб ўргилувчи" жавоблардан эса ОАВ вакиллари қониқишмайди. Ҳатто баъзи маҳаллий нашрлар вакиллари савол-жавоб қисмидан қониқмай, зални эртароқ тарк этганига гувоҳ бўлдик. Баъзи давлат нашрлари эса "бу ерда савол бергунча ёзиб юборамиз, барибир аниқ жавоб бўлмайди" дейишди.

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, негадир муайян саволлар баъзи вазирлик ва мутасадди ташкилотлар ходимларини асабийлаштирди ва мавзуни бошқа томонга йўналтиришга ҳаракат қилинди. Бундан ташқари, ОАВ вакилларининг нима учун айнан бир нашр вакиллари кўпроқ савол бераётгани кимларгадир ёқмади. Шунингдек нима учун бир соҳа вакилига савол кўпроқ, бошқасига кам экани ишора қилинди... Демак, айнан савол кўп берилаётган соҳаларда ўз ечимини кутаётган камчиликлар, муаммолар бисёр! Уларни мана шундай очиқ, юзма-юз мулоқотларда ҳал қилинмаса, қачон ҳал қилинади? Қўнғироқ қилиб ёки алоҳида мурожаат қилингандан кўра мана шундай мулоқотлар эффекти кучлироқ, назаримда. Баъзи савол эгаларига анжумандан сўнг мутасадди ташкилотлар вакиллари ўзлари келиб, муаммо билан қизиқиб, уни ҳал қилишга ваъда беришди.

Шундай экан, ОАВ вакилларининг кимга қандай савол бериши ўзига ҳавола. Зеро маҳаллий матбуот вакиллари халқнинг хоҳиши ва муаммоларини  давлат идоралари вакилларига етказишади ва шу тариқа ўзига хос кўприк вазифасини ўташади.

2017 йил "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" дея эълон қилинган экан, бизнинг вазифамиз - аҳолини қийнаётган муаммолар, фаровон турмуш йўлида тўсиқ бўлаётган камчиликларни биргаликда бартараф қилишга ҳисса қўшиш, улардан қочиш эмас...

Эҳтимол, бу шаффофлик сари қўйилган биринчи қадам бўлгани боис шундайдир ёки бу кимгадир "ёшларнинг сабрсизлиги, вазият моҳиятини тушунмаслиги"дек кўринар. Бироқ Ўзбекистон аҳолисининг 60 фоизини ёшлар ташкил қилар экан, тажрибали мутахассисларимиз уларга ўрнак кўрсатишлари, эски эмас, янгича позицияни қўллашлари, ёшларни келгусида жаҳон саҳнида ўз сўзини дадил айта оладиган қилиб тарбиялашлари керак. 

Мавзуга оид