Ўзбекистон | 09:46 / 17.09.2021
65116
8 дақиқада ўқилади

UzAuto автомобиллари учун турнақатор навбатлар. Сабаб нимада?

“Янги автомобиллар учун “навбатлар”... “Машина сотиб олишда “шапка” қайтди”. “Пора бериб навбатсиз машина олди”. “Таниш-билишчилик буёғи”...

Бу каби хабарлар ижтимоий тармоқларда бот-бот кўзга ташланаётган изоҳлардан кўчирмалар холос. Ушбу ҳолатларни бирор йўсинда исботлайдиган далил Kun.uz ихтиёрида мавжуд эмас. Қуйидаги мақолада Ўзбекистон автосаноати нима учун харидорларга буюртмаларини ўз вақтида етказиб бера олмаётганига доир маълумотлар келтирилади.

Давлат статистика қўмитаси томонидан эълон қилинган расмий маълумотларга қараладиган бўлса, 2021-йилнинг январ-июл ойларида Автомобил ишлаб чиқариш саноати томонидан 36317 дона Cobalt (2020 йилнинг мос даврига нисбатан 80,9 фоиз), 14442 дона Nexia (34,7 фоиз), 26266 дона Gentra (86,5), 33862 дона Damas (109,6), 6485 дона Spark (39,6) ҳамда 7542 дона Labo (166,8) автомобиллари ишлаб чиқарилган. Рақамлардан кўриниб турибдики, харид қуввати ўрта ва қуйироқ қатлам орасида энг талабгир бўлган автомобиллар ишлаб чиқарилиши сезиларли пасайган. Фақатгина бутловчи қисмларининг аксари маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан етказиб бериладиган Damas ва Labo автомобилларини етказиб беришда кескин ўсиш мавжуд.

Давлат статистика қўмитаси

Kun.uz “Ўзавтосаноат” АЖ билан боғланиб, бир неча саволларга ойдинлик киритишни сўради.

  • Жумладан, 2021 йил август-сентябр ҳолатида ҳафтасига харидорларга ўртача қанча Cobalt, Nexia, Gentra ва Spark русумли енгил машина етказиб берилган?
  •  Бошқарув микрочипи ўрнатилмаган, бироқ ишлаб чиқариш конвейеридан чиққан автомобиллар сони нечтани ташкил этади?
  •  Бугунги кунда ишлаб чиқарилган автомобилларни микрочиплар билан таъминлаш ҳолати қандай?
  •  Уларни етказиб бериш қай йўсинда таъминланмоқда ва бу ишлаб чиқариш жараёнига қандай таъсир кўрсатди?
  •  Расмий автодилерларда “шапка” эвазига автомобилни навбатсиз етказиб бериш ҳолатлари ҳақидаги хабарларни қандай изоҳлайсиз?

“Ўзавтосаноат” АЖ Ахборот хизмати ушбу саволларга тез орада жавоб беришини маълум қилди.

Ҳозирча, UzAuto Motors компаниясига яримўтказгичли бутловчи қисмларни етказиб бериш занжири ҳақида маълумотни таҳлил қилсак.

Ўзавтосаноат Ахборот хизмати

Унда қайд этилишича, дунё бўйлаб 6та йирик яримўтказгич ишлаб чиқарувчи мавжуд. Таркибида яримўтказгичли бутловчи қисмлар автомобилларнинг спидометр, электрон бошқарув тизими, электркучайтиргич, ғилдиракларни бошқариш, подвескаларни бошқариш, тормозни бошқариш, двигател ҳамда узатгич (трансмиссия)ни бошқариш, хавфсизлик ёстиқчаларини бошқариш тизимлари, навигация, магнитола, томойна, иммобилайзер ва ҳоказоларда қўлланилади. Ҳар бир автомобил яримўтказгич мавжуд бўлган 100 ~ 300 хил бутловчи қисмлардан ташкил топади.

Continental Automotive, Renesas, Allegro, Bosch, Infineon, Murata JP, NSC, KEC CN, On semiconductor, Swindon каби ишлаб чиқарувчилар UzAuto Motors компанияси эҳтиёжлари учун яримўтказгичли бутловчи қисмларни етказиб беради.  

GM автомобил заводлари орасида яримўтказгичлар тақсимоти ҳар ҳафтада глобал даражада амалга ошириб келинмоқда. Тақсимот жараёни шаффоф бўлиши учун 4 даражада штаб ташкил қилинган:

  1. Яримўтказгич ишлаб чиқарувчи
  2. GMI ташкилоти тақсимот штаби
  3. 1/2 даражали таъминотчи ёки бутловчи қисм таъминотчиси
  4. Автомобил ишлаб чиқарувчи
Ўзавтосаноат Ахборот хизмати

Маълум қилинишича, Cobalt автомобили учун ҳар ҳафта 1000 дона хавфсизлик ёстиқчаси модули APTIV (Мексика) компаниясидан авиарейс орқали етказиб келинмоқда. Nexia, Gentra ва Spark моделлари учун ҳар ҳафта жами 1200 дона хавфсизлик ёстиқчаси модули GM KOREA (Корея) компаниясидан авиарейс орқали олиб келинмоқда. Таъкидланишича, етказиб бериш миқдорини 2 ҳафтадан ортиқ муддатга прогноз қилиш имконияти мавжуд эмас.

Шу билан бирга, Damas ва Labo моделларида яримўтказгичли бутловчи қисмлар нисбатан озлиги сабабли йиллик ишлаб чиқариш ҳажмини 75 000 донага оширишга эришилгани қайд этилган.

Хўш, микрочиплар ва автомобиллар электрон бошқарув тизими учун эҳтиёт қисмларни етказиб беришда глобал муаммо мавжудлиги қанчалик асосли? Ёхуд UzAuto’нинг юқоридаги маълумотлари, ижтимоий тармоқларда кўп таъкидланаётганидек, ўзбек истеъмолчиларини асоссиз баёнот билан чалғитишми? Жаҳон автомобил ишлаб чиқариш саноатига доир охирги 1-2 ойдаги айрим хабарларнинг қисқача мазмунини келтириш бу саволга жавоб бўлади, назаримда.

Яқингинада, Toyota компанияси глобал миқёсида автомобил ишлаб чиқаришни қисқартиришини эълон қилди. Унга кўра, 2021 йил сентябр ойида ишлаб чиқариш сезиларли қисқартирилади. Automotive News сайтининг ёзишича, бунга дунё миқёсида автомобил бутловчи қисмларини етказиб беришдаги муаммолар сабаб бўлмоқда. Танқислик, асосан, микропроцессорлар ва яримўтказгичлар билан боғлиқ, дейилади хабарда. Умуман, ишлаб чиқаришдаги узилишлар Япония, АҚШ, Европа, Хитой ва бошқа Осиё мамлакатларидаги заводларга ўз таъсирини кўрсатади. Компания 2021 молиявий йилда режадагидан 360 мингта машина кам ишлаб чиқариши кутилмоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, Toyota 2021 йилда 9,3 млн дона автомобил ишлаб чиқаришни режалаштирган, бироқ бу рақам 9 млнни ташкил этиши мумкин.

Audi компанияси ҳам айнан микрочиплар етказиб бериш бозоридаги танқисликлар боис, иш соатини қисқартиришга мажбур бўлди. Августда 10 минг кишининг кунлик иш соатлари қисқартирилди. Бир неча минг нафари эса, таътилларини узайтиришга мажбур бўлди, деб ёзмоқда Spiegel нашри. Компания раҳбарияти электрон бошқарув тизими бутловчи қисмларини етказиб беришдаги муаммолар боис шундай қарорга келган. Бу ўз навбатида буюртмаларни етказиб бериш муддатларига салбий таъсир кўрсатган. Хусусан, йилнинг биринчи чорагида 50 минг автомобил харидорга ўз вақтида етказиб берилмаган.

Германиянинг яна бир йирик автокомпанияси BMW’да ҳам чиплар танқислиги сабабли буюртмаларни етказиб бериш борасида муаммолар кўзга ташланмоқда. Компания 2021 йил режасига нисбатан 70-90 минг автомобил камроқ ишлаб чиқариши мумкинлиги айтилмоқда.

Россиянинг АвтоВАЗ концерни эса, август ойи ўрталарида микрочиплар етказиб беришдаги узилишлар сабабли ишлаб чиқаришни 1 ҳафтага тўхтатишга мажбур бўлди. Bosch компанияси бутловчи қисмларни етказиб бера олмаётгани боис, АвтоВАЗ июн ва июл ойларида ҳам шундай муаммога дуч келган эди.

Қолаверса, Россияда автомобил ишлаб чиқарувчиларга шу йилнинг охирига қадар ЭРА-ГЛОНАСС тизимисиз автомобилларни етказишга рухсат берилди. Бу ҳақда Россиянинг Коммерсантъ нашри ёзмоқда. Евросиё иқтисодий комиссияси қарорига жаҳон микрочип бозоридаги улкан танқислик сабаб қилиб кўрсатилган. Таъкидланишича, ҳар бир ишлаб чиқарувчи микросхемаларни етказиб бериш билан боғлиқ муаммо бартараф бўлгач, ЭРА-ГЛОНАСС қурилмаларини сотилган автомобилларга ўрнатиб беради.

Американинг GM компанияси эса, ўз эҳтиёжлари учун микрочиплар ва электрон бошқарув тизими қисмларини ўзи ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга қарор қилди.

Automotive News сайтининг ёзишича, GM компаниясининг Хитойдаги қўшма корхоналаридан бири келгуси 5 йилда ўзлари ишлаб чиққан микрочиплардан фойдаланиш улушини ошириб боришни режалаштирмоқда.

Шу ўринда яна бир нарсага алоҳида тўхталиб ўтишни истардик. Ижтимоий медиа саҳифаларида ҳам, Kun.uz таҳририятига келиб тушаётган шикоятларда ҳам UzAuto компаниясининг дилерлик автосалонларида янги автомобилларни етказиб бериш муддати узайиб кетаётгани, пора бериш орқали навбатсиз автомобил харид қилиш ҳоллари учраётгани ҳақида хабарлар кўп учрамоқда.

Шу муносабат билан, авваламбор, ҳар бир фуқаро қонун бузилиш ҳоллари бўйича мутасадди идораларга маълум қилиши лозимлигини эслатиб ўтган ҳолда, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралардан бу каби хабарларга кўпроқ эътибор қаратишларини ҳамда қонунчиликда белгиланган тартибда чора кўришларини, натижаси ҳақида жамоатчиликни хабардор қилиб боришларини сўраймиз. Мақсадига эришиш учун ҳар турли усулларни қўлловчиларга эса Ўзи инсоф берсин. 

Мавзуга оид