Хитой ўз пандаларини АҚШга қайтаради
Хитой пандаларни хорижий мамлакатларга ижарага бериб, муносабатларни яхшилашда «панда дипломатияси»дан фойдаланишни давом эттиришга қарор қилди.
АҚШ пойтахтидаги Смитсон миллий ҳайвонот боғи 29 май куни Хитойдан икки улкан панда - 2 ёшли эркак Бао Ли ва 2 ёшли урғочи Цин Бао келишини маълум қилди. Бу ҳақда The Washington Post хабар берди.
Бао Ли 2013 йилда ушбу ҳайвонот боғида туғилган урғочи панда Бао Баонинг ўғли ҳамда ўтган йили ҳайвонот боғини тарк этган Мэй Сян ва Тян Тян жуфтлиги набирасидир.
Қайд қилинишича, АҚШ ва барча пандаларнинг эгаси бўлган Хитой ўртасидаги бугунги таранг муносабатлар шароитида бу янгилик кутилмаган бўлди. 29 май куни эрталаб ҳайвонот боғида қилган чиқишида Хитойнинг Қўшма Штатлардаги элчиси Сие Фенг икки давлат ўртасида муносабатлар яхши бўлиши кераклигини айтди.
Нашрнинг таъкидлашича, энди янги давр бошланмоқда ва ҳайвонот боғига келадиган томошабинларнинг янги авлоди учун пандамания ҳаяжонини ҳис қилиш имконияти мавжуд. Шунингдек, яна янги пандачалар дунёга келиши умиди ҳам пайдо бўлмоқда.
«Мен ҳозир жуда хурсандман, буни ифодалаш жуда қийин», деди ҳайвонот боғи директори Бренди Смит хоним. «Ушбу дастур улкан пандалар учун жуда муҳим. Биз йўқолиб бораётган турни сақлаб қолиш учун ишлаяпмиз», деди у.
Янги пандалар 2034 йилнинг апрелида тугайдиган 10 йиллик ижара асосида келтирилади. Бу даврда ҳайвонот боғи Хитойнинг ёввойи табиат ва табиатни муҳофаза қилиш ассоциациясига йилига 1 миллион доллар тўлайди.
Дунёдаги барча пандалар Хитойга тегишли, аммо Пекин 1984 йилдан бери ҳайвонларни хорижий мамлакатларга ижарага бериб, муносабатларни яхшилашда «панда дипломатияси»дан фойдаланмоқда.
Мэй Сян ва Тян Тян исмли пандалар Вашингтон ҳайвонот боғига 2000 йилда Хитой ёввойи табиат ассоциацияси билан келишув доирасида келган эди. Жуфтлик тадқиқот ва наслчилик дастури учун ўн йил қолиши керак эди, аммо Хитой билан шартнома бир неча бор узайтирилди. 2020 йилда жуфтлик бола кўрди. Ўша йили ҳайвонот боғи уч бош пандани 2023 йил охиригача сақлаб қолиш учун шартнома имзолади. Шундан сўнг, улар Хитойга қайтарилиши керак эди.
Бироқ, 2024 йил февралида Хитой ёввойи ҳайвонларни ҳимоя қилиш ассоциацияси Вашингтон миллий ҳайвонот боғи билан пандаларни қайтариш бўйича музокара ўтказаётганини маълум қилди. Пандаларнинг қайтиши ҳақидаги ушбу хабар музокараларнинг мувафақиятли якунланганидан далолат бермоқда.
Мавзуга оид
17:34
Хитой Ой тупроғидан ясалган ғиштлар ёрдамида у ерда база қурмоқчи
13:11
Хитой Бухорода "яшил" саноат паркини барпо этади
11:31
Хитой Ўзбекистонда озиқ-овқат ва асбоб-ускуналар ишлаб чиқариш масаласини кўриб чиқяпти
17:22 / 17.11.2024