Ўзбекистон | 18:32 / 02.12.2024
7146
2 дақиқада ўқилади

“Уй қурилишини кечиктирган тадбиркор жаримага тортилади” — Қурилиш вазирлиги

Кўп қаватли уй қурилиши белгиланган муддатгача якунига етказилмаса, тадбиркорга солиқ органлари томонидан “катта-катта жарималар” қўлланади, дея маълум қилди Қурилиш вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари Азиз Худойқулов.

Кўп қаватли турар жой қурилиши учун одамлардан пул олиб, уйни ўз вақтида битириб бермаган қурувчи-тадбиркорларга қандай чора кўрилади?

Kun.uz мухбири ушбу савол билан 2 декабр куни АОКАдаги матбуот анжуманида қатнашган Қурилиш вазирлиги вакилларига мурожаат қилди.

Вазирликнинг архитектура ва шаҳарсозликни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Азиз Худойқуловнинг айтишича, бу борада солиқ органлари билан ечим ишлаб чиқилган.

Кечиктириш[га келсак], авваллари хусусий тадбиркорларимиз ўзларининг имкониятларидан келиб чиқиб, ҳар хил муддатда [қурилишни битириши] тақозо қиларди. Объект [қурилиши] бошланиб, 10 йилгача ётганлари бўлар эди. Ҳозир бу нарса солиқ органлари билан бирга интеграция қилиниб, боғлаб қўйилди. Шаҳарсозлик кодекси, умуман қонун бўйича [уй-жойнинг қурилиши] 2 йил деб белгиланган.

Ўзлари [қурувчилар] ўша объектни рўйхатдан ўтказгандан кейин, тармоқ жадвали қилишади, объектни битиришгача бўлган муддатини белгилаб беришади. Агар ўша муддатдан кечикадиган бўлса, уларга [қурувчиларга] тўғридан тўғри солиқ органлари томонидан жарима, пенялар қўйилиб, катта-катта жарималарга олиб келади.

Аҳоли орасида кўп хонадонли уй-жойларига тўлов қилаётганлар мавжуд, неча йилдан бери бу уйлар битмайди, қурувчиси йўқ. Шунинг учун солиқ органлари билан мана шу механизм татбиқ этилди ва бу нарса ўзига яраша анча самарасини беряпти”, – деди у.

Худойқуловнинг қайд этишича, янги амалиёт “яқиндан бошлаб” татбиқ этилишни бошлаган. Тадбиркор қурилишни кечиктирган тақдирда “катта жарима” тўлаши лозимлиги, бу сумма объектнинг қийматидан келиб чиқиб ҳисобланиши айтилди.

Аммо масъул бу жарима суммалари қанча экани ва калкуляцияси қандай бўлиши ҳақидаги саволга жавоб беролмаслигини, бундай маълумот Солиқ қўмитасида бўлишини билдирди.

Мавзуга оид