Ўзбекистон | 22:23 / 24.10.2020
14049
6 дақиқада ўқилади

«Душанба куни хушхабар бўлиши кутилмоқда» – Бош консул Абхазиядаги ўзбекистонликлар масаласи бўйича изоҳ берди

Ўзбекистоннинг Ростов-Дондаги бош консуллиги бош консули Рустам Курганбаевнинг сўзларига кўра, барча расмиятчиликлар ҳал бўлиши билан фуқароларни ватанга қайтариш бошланади.

Пандемия сабабли икки минг нафарга яқин ўзбекистонлик Абхазияда қолиб кетгани, уларнинг юзга яқини айни пайтда Абхазия-Россия чегарасида кўчада тунаётгани ҳақида хабар берган эдик.

Ташқи ишлар вазирлигининг 30 сентябрь кунги баёнотида 400га яқин ватандошларнинг биринчи гуруҳи октябрь бошида Ўзбекистонга қайтарилиши айтилганди. Ўзбекистоннинг Ростов-Дондаги бош консуллиги бош консули Рустам Курганбаев билан жараён нима учун кечикаётгани, уларни ватанга қайтаришга нималар тўсқинлик қилаётгани хусусида суҳбатлашдик.

Рустам Курганбаев

– 23 октябрь куни Москвада Россия Федерацияси ҳукумати раиси ўринбосари Татьяна Голикова раҳбарлигида Махсус комиссиянинг йиғилиши бўлиб ўтган, ушбу йиғилишда Абхазияда қолиб кетган фуқароларимизни Россия орқали Ўзбекистонга қайтариш масаласи муҳокама қилиниши кутилаётган эди. Бироқ Россия Ташқи ишлар вазирлигида шанба-якшанба дам олиш куни бўлгани, расмийлар бу вақтда мурожаатларимизга жавоб бермаётгани учун йиғилишда қандай қарор қабул қилинганини билолмай турибмиз.

Бу ёқда Абхазия-Россия чегарасида тўпланаётган ўзбекистонликлар бизга тинимсиз мурожаат қилишмоқда. Ортга қайтиш кундан-кунга чўзилаётганидан дарғазаб бўлаётганлар ҳам бор. Биз ҳам бу масалага тезроқ ечим топиш тарафдоримиз. Аммо биз ҳозир бошқа мамлакат ҳудудидамиз, бу ерда ўйин қоидаларини улар белгилашади. Шу сабабли юртдошларимиздан сабрли бўлишларини, яна озгина кутишларини, ноқонуний ҳаракатлардан тийилишларини сўраб қолардим. Худо хоҳласа, душанба (26 октябрь) куни хушхабар бўлиши кутилмоқда. Чоршанба куни биринчи самолётимиз етиб келади. Унгача барча расмиятчиликлар ҳал бўлса фуқароларни ватанга қайтаришни бошлаймиз, – дейди Рустам Курганбаев.

– Жараён нима учун чўзилиб кетди?

– Абхазияда қолиб кетган фуқароларимизнинг Ўзбекистонга қайтарилиши чўзилиб кетганининг сабаби чартер рейслар билан олиб келинадиганлар рўйхатини тузишга кўп вақт кетиб қолди. Ушбу ҳудуддаги ўзбекистонликларни топиб, маълумотларига биттама-битта аниқлик киритиб чиқишга тўғри келган. Айни пайтда рўйхатга 537 нафар киши киритилган. 20 октябрь куни бош консулхонамиз томонидан ушбу рўйхат нота орқали РФ Ташқи ишлар вазирлигига тақдим этилган.

Абхазиядан ватанга қайтишни кутаётган ўзбекистонликлар Телеграмда очилган гуруҳда жамланишган. 537 кишилик рўйхат ушбу гуруҳга ташлангандан сўнг яна тахминан икки юз киши Ўзбекистонга қайтмоқчи эканини айтиб мурожаат қилди. Шу каби ишлар вақтимизни кўп олиб қўймоқда.

Қолаверса, ишларнинг чўзилишига Россия томонининг жавоби кечикаётгани сабаб бўлмоқда. Бу масалани Россия Федерацияси ҳукумати раиси ўринбосари Татьяна Голикова кўриб чиқиши керак эди. Аслида Россия томонининг мазкур вазиятдан хабари бор, октябрь бошида ўзбекистонликларнинг катта бир гуруҳи Абхазияда қолиб кетгани, уларни чартер рейс орқали олиб чиқиб кетиш режалаштирилаётгани ҳақида расман нота киритганмиз. Ўшанда рўйхатда 329 киши бўлган.

Россия томони Ўзбекистон фуқароларини Абхазиядан олиб чиқиб кетишнинг аниқ механизмлари, чегарада уларни ким кутиб олиши, қайси йўналиш бўйича Россиядан олиб чиқиб кетилиши, бунинг учун талаб этиладиган ҳужжатларни ким тайёрлаши бўйича режа ишлаб чиқилса, рухсат берилишини маълум қилди. Шундан сўнг ҳаракат бошланди, ушбу жараёнда жуда кўп муаммолар борлиги аниқланди.

Жумладан, карантин даврида аксарият фуқароларимизнинг ушбу ҳудудда бўлиш, ишлаш ҳуқуқини бериш ҳужжатлари муддатлари ўтиб кетгани ойдинлашди. Шунингдек, самолётга чиқиш учун йўловчилар COVID-19га тест топширишлари лозим, бироқ Абхазия ҳудудида бир вақтда 250-300 кишини тестдан ўтказиб, жавобини қисқа муддатда тақдим эта оладиган лабораториялар йўқ экан. Шу сабабли фуқароларимизни тест топширгизмасдан олиб қайтиш бўйича масъуллар билан келишувга эришдик.

– Ватандошларни Ўзбекистонга қайтариш қай тартибда амалга оширилади?

– Айни пайтда тайёргарликнинг якуний босқичидамиз. Самолётлар ҳам, автобуслар ҳам тайёр. Россия Федерацияси Махсус комиссиясининг рухсатини кутяпмиз. Рухсат берилса, Ростов-Дон шаҳридаги Ўзбекистон бош консулхонаси вакиллари биринчи самолёт учишидан бир кун олдин Сочига борамиз. Москвадаги элчихонадан ҳам маслаҳатчи келиши кутилмоқда. Ўзбекистон фуқароларини чегарада кутиб оламиз ва уларни бепул автобусларда аэропортгача етказиб қўямиз. Режамиз бўйича кунига битта рейс қўйилиши керак. Uzbekistan Airways билан бу масалани келишиб қўйганмиз. Дейлик, учта самолёт келса, ҳар куни битта рейсда кетадиган фуқароларни Абхазиядан олиб чиқамиз.

Бош консулхонамизнинг рўйхатига киритилган барча Абхазиядан олиб чиқиб кетилади. Хоҳ у аёл бўлсин, хоҳ эркак, хоҳ бемор – ҳеч кимни ташлаб қўймаймиз. Фақат кунига биттадан рейс қўйилади. Рўйхатга кирмаган, ҳозирча Абхазияда қолаётган ўзбекистонликларни ҳам ватанга қайтариш чораларини кўрамиз.

Хабарингиз борми ё йўқми, октябрнинг бошидан 20 кишилик дастлабки гуруҳни Абхазиядан олиб чиқиб, Ўзбекистонга юборганмиз. Уларнинг орасида ҳомиладор аёллар, қариялар, беморлар бор эди. Буни амалга оширишга бир ой давомида ҳаракат қилдик, келишувга эришиш қийин бўлди.

Бош консуллигимиз масъул бўлган округ жуда катта. Астраханда 500 киши чегарада турибди. Волгораддан ўзбекистонликлар поезд орқали ватанга қайтарилмоқда. Жанубий Осетияда ҳам 100 нафар Ўзбекистон фуқароси қолиб кетган, уларни ҳам олиб чиқишимиз керак. Улар билан алоқадамиз, айни пайтда рўйхат шакллантириляпти.

Жамшид Ниёзов суҳбатлашди

Мавзуга оид