Ўзбекистон | 15:23 / 19.10.2023
12090
2 дақиқада ўқилади

“Aйбдор ходимни топишнинг иложи бўлмади” – турк сайёҳининг поездда пул эвазига жойини алмаштиргани бўйича изоҳ берилди 

“Ўзбекистон темирйўллари” Тошкент-Андижон йўловчи поездида жойини алмаштириш учун 100 минг сўм берган турк сайёҳи билан боғлиқ вазият ўрганилганини маълум қилди. Масъуллар видео қайси кун, қайси поезд ва вагонда олинганини билмагани учун ҳолатни исботлай олмагани ва айбдорни топа олмаганини айтди. 

Турк сайёҳининг Тошкентдан Андижонга кетаётган поездда жойини алмаштириш учун 100 минг сўм пора бергани айтилган видео юзасидан “Ўзбекистон темирйўллари” АЖ расмий изоҳ берди. 

Унга кўра, видеода керакли маълумотлар, яъни видео қайси кун қайси поезд ва вагонда олингани ҳақидаги ахборотлар бўлмагани учун ўрганиш давомида коррупцион вазият бўлгани ёки бўлмагани исботланмаган. Айбдор ходим ҳам топилмаган. 

“Ушбу жараёнда ОАВда тарқатилаётган ҳар бир маълумот, фуқароларимиз ва юртимизга ташриф буюрган меҳмонларимизда мамлакатимиз темирйўллари ҳақида салбий тасаввурлар пайдо бўлишига олиб келади. 

Шу боис "Ўзтемирйўлйўловчи" АЖ раҳбарияти сизлардан ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган, исботланмаган, асоссиз маълумотларни тарқатмаслигингизни сўрайди”, – дейилади расмий хабарда. 

Шунингдек, АЖ юқоридагига ўхшаш ҳолатлар учраганда ишонч телефонига (+99871-299-94-50) қўнғироқ қилишни ёки @pastrans телеграм манзилига мурожаат қилишни сўраб қолган.  

Эслатиб ўтамиз, бироз аввалроқ нидерландиялик сайёҳ “Афросиёб” электропоездининг эконом классидан VIP’ига ўтиш учун поезд бошлиғига қўшимча 15 доллар пул бергани муҳокамаларга сабаб бўлганди. Воқеадан 4 кун ўтиб ходим ишдан олинганди. 

Кейинроқ сайёҳ ходимнинг айнан шу ҳолат сабаб ишдан кетганидан афсусда эканини айтиб, “Ўзбекистон темирйўллари” АЖ хизматларини танқид қилганди. “Сифат йўқлиги сабаб поезд ходимининг ишдан бўшатилиши – ачинарли ҳолат”, – деган эди у. 

“Ўзбекистон темирйўллари” АЖ раисининг биринчи ўринбосари Ҳикматилла Раҳметов бундай коррупцион вазиятлар юзага келмаслиги учун йўловчи поездларида “upgrade” тизими ишга туширилишини маълум қилганди. Яқин кунларда фойдаланилиши кутилаётган бу тизим орқали поездларда эконом классдан бизнес классга ўтиш мумкин бўлади.

Мавзуга оид