Ўзбекистон | 21:24 / 17.02.2026
10773
2 дақиқада ўқилади

Рамазон ойида эҳтиёжманд оилаларга 1 млн сўмдан бир марталик ёрдам берилади

Президент қарори билан «Вақф» хайрия жамоат фондига 800 миллиард сўм ажратилди. Қарорга кўра, ижтимоий реестрнинг «давлат таъминотидаги оила» тоифасига кирувчи оилалар, ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз яшовчи ва ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар, шунингдек, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар яшаётган оилаларга 1 миллион сўмдан бир марталик моддий ёрдам кўрсатилади.

Фото: Kun.uz

«Муборак Рамазон ойида эҳтиёжманд аҳолини давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари тўғрисида»ги президент қарори эълон қилинди. Унда эҳтиёжманд аҳолини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари белгиланган.

Қарорга кўра, ижтимоий реестрнинг «давлат таъминотидаги оила» тоифасига кирувчи оилалар, ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз яшовчи ва ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар, шунингдек, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар яшаётган оилаларга 1 миллион сўмдан бир марталик моддий ёрдам кўрсатилади.

Бундан ташқари, ижтимоий реестрнинг «камбағал оила» тоифасидаги ҳамда «маҳалла еттилиги» томонидан шакллантириладиган қўшимча рўйхатдаги эҳтиёжманд оилаларга 500 минг сўмдан бир марталик моддий ёрдам ажратилади. Бунда қўшимча рўйхатга киритиладиган оилалар сони ҳудуддаги «давлат таъминотидаги оила» тоифасидаги оилалар умумий сонининг 20 фоизидан ошмаслиги белгиланган.

Шунингдек, ижтимоий реестрдаги оилаларнинг 6 минг нафар бемор аъзоларининг даволаниши ва жарроҳлик амалиёти билан боғлиқ харажатлари қоплаб берилади. Даволанишга муҳтож фуқароларни тиббиёт муассасаларига йўллаш ва хизматлар учун тўловларни амалга ошириш тартиби алоҳида ахборот модули (1 мартга қадар ишга туширилиши белгиланган) орқали йўлга қўйилади.

Мазкур тадбирларни молиялаштириш учун «Вақф» хайрия жамоат фондига 800 миллиард сўм ажратилиши кўзда тутилган. Қарор билан ажратиладиган моддий ёрдамлар жисмоний шахсларнинг даромад солиғини ҳисоблашда жами даромад таркибига киритилмаслиги белгиланди.

Ёрдам олувчилар рўйхати Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва маҳалла тизими томонидан 5 кун муддатда шакллантирилиб, «Вақф» фондига тақдим этилади. Маблағлар 2026 йил 1 мартга қадар «Халқ банки» орқали фуқароларнинг ижтимоий картаси ёки банк картасига ўтказилади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид