Ўзбекистон | 13:29 / 22.08.2022
56704
3 дақиқада ўқилади

“Ҳоким эмас, хон!” — Андижон ҳокими қабулига келганларга пойгакдан жой берилади

Андижон тумани ҳокими Абдужаббор Эгамбердиев туман фуқароларини ноанъанавий тарзда қабул қиляпти: ўзи айвончанинг тўрида, фуқаролар эса пойгакдан жой олади. Ҳокимнинг матбуот котиби қабулларда ижтимоий масофа сақланаётганини маълум қилди.

Фото: Андижон тумани ҳокимлиги матбуот хизмати

Андижон тумани ҳокими Абдужаббор Эгамбердиев қабулларига келган фуқаролар айвончада ўтирган ҳокимга рўпара бўлмоқда ва уларга суҳбат пайтида айвонча остонасидан жой бериляпти.

Ҳокимлик матбуот хизмати эълон қилган расмлардан кўринишича, ҳоким айвонда, қабулга келган фуқаролар эса айвоннинг ташқарисида ўтиргани бир нечта қабулларда кузатилган.

Фото: Андижон тумани ҳокимлиги матбуот хизмати
Фото: Андижон тумани ҳокимлиги матбуот хизмати
Фото: Андижон тумани ҳокимлиги матбуот хизмати

Хусусан, 6 август кунги қабулда ҳам туман ҳокими фуқаролар билан оралиқ масофани жуда катта сақлаганини кўриш мумкин. 20 августдаги ҳоким қабулида ҳам фуқароларга пойгакдан жой қилиб берилган.

Бу ҳолат ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ўртасида муҳокамаларга сабаб бўлди. “Ўрта аср хонликлари даврини эслатмоқда” деб ёзди фойдаланувчилардан бири изоҳларда. “Ҳоким эмас, хон!” – деб ёзган бошқа бир фойдаланувчи.

Айрим фойдаланувчилар давлат раҳбари такрор-такрор амалдорларни халққа яқин бўлишга чақираётганини эслаб ўтган. Яна бошқалар эса буни ҳокимлар сайланмаганининг навбатдаги оқибати демоқда.

Кўплаб ҳудудлар ҳокимлари фуқаролар билан учрашув ва қабулларда юзма-юз ўтириб, улар билан яқин эканликларини ифода этаётган бир вақтда, Андижон туман ҳокими Абдужаббор Эгамбердиевнинг бундай йўл тутишини жамоатчилик танқидий кутиб олган.

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев / Фото: Ҳокимлик матбуот хизмати
Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов / Фото: Ҳокимлик матбуот хизмати
Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев / Фото: Ҳокимлик матбуот хизмати
Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов / Фото: Ҳокимлик матбуот хизмати

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати ўз муносабатида “фуқаролар мурожаатлари бўйича сайёр қабуллар ҳафтанинг ҳар шанба куни туман ҳокимлигининг очиқ ҳудудида, фуқаролар билан ижтимоий масофа сақланган ҳолатда бўлиб ўтиши”ни таъкидлаган.

Коронавирус даври амалда ортда қолгани ва тармоқлардаги танқидлардан келиб чиқилса, бу ижтимоий масофа сақлаш ижтимоий мавқени сақлашга ҳам ўхшаб қолган.

Бу ҳолат давлат хизматчиларининг этикасига қанчалик мувофиқлиги борасида юқори турувчи бирор ташкилот ҳозирча муносабат билдирмади.

Абдували Қурбонов,
Kun.uz мухбири

Мавзуга оид