Жамият | 18:09 / 07.05.2020
16299
8 дақиқада ўқилади

Англияда ўқитувчи мавқейи ва ғарб жамиятида фарзанд тарбиялаш — педагог Мардон Юсупов билан суҳбат

Kun.uz Буюк Британияга ижодий сафар уюштириб, қатор ватандошлар билан интервьюлар ташкил этди. Бирмингем шаҳридаги Кэдбери коллежининг математика фани ўқитувчиси, Буюк Британия Педагогик кенгаши аъзоси Мардон Юсупов билан суҳбатимизда инглиз жамияти ва таълим тизими ҳақида сўз борди.

Қарийб 20 йилдан буён Англияда яшаётган ватандошимиздан хорижда яшаб, фарзанд тарбиялашнинг баъзи жиҳатлари ҳақида ҳам сўрадик.

– Буюк Британияда ўқитувчининг мавқейи, одамларнинг бу касб эгаларига муносабати қанақа?

– Бу оилалардаги дунёқарашга боғлиқ. Ўқишга қизиқмайдиган оилаларда ўқитувчиларни яхши кўришмайди, улар учун ўқитувчи – бошоғриқ: доим телефон қилади, «ўғлингиз уй вазифасини қилмади, тўполон қилди», дея. Бундай оилалар ўқитувчиларни ёқтиришмайди.

Ўқишга қизиққан, илмга бефарқ бўлмаган табақа вакиллари эса, албатта, ўқитувчиларни ҳурмат қилишади. Жамиятда ўқитувчиларга нисбатан умумий бир фикр шаклланган, деб ҳисобламайман.

Умуман олганда, бу ерда ўқитувчиларга муносабат Ўзбекистондагичалик бўлмаса керак. Ҳозир қанақа, билмадим, лекин ўзим ўқиган ва ишлаган вақтимда ўқитувчининг айтганини қилиш, ўқитувчига нисбатан ота-оналарнинг ҳурмати кабилар бизда бошқача эди.

Бизда ўқитувчининг айтгани айтган, Англияда эса ундай эмас. Ўқитувчи хато қилса, ота-она ёки ўқувчилар унинг хатосини айтишади. Ўқитувчи сўзсиз ҳурмат қилиниши керак, деган нарса йўқ. Унга ўз вазифасини бажараётган давлат хизматчиси сифатида қарашади.

Шахсан ўзим Британияда дарс бера бошлаганимда энг қийин бўлган жиҳат – синфдаги болаларнинг менталитетини тушуниш, уларни бошқара олиш. Бошқариш учун уларнинг дунёқарашини тушунишингиз, қайси кўрсатмага улар қанақа реакция қилишини билишингиз керак.

Айни шу нарса мен учун маданий шок бўлган. Ўзбекистонда дарс бериб юриб, кейин бу ердаги таълимга ўтишим мен учун катта ўзгариш бўлган. Бошида қийналганман: синфга кирсам, болалар қулоқ солмасди, айтганимни қилмасди, уйга вазифаларни бажаришмасди, тўполон қилишарди. Булар нега ўзларини ундай тутишяпти, деб тушунмасдим.

Ўзбекистонда шунча дарс берган бўлсам, менда унақа нарса бўлмаганди. Болалар гапимга қулоқ солар, ўқувчилар ҳам, ота-оналар ҳам ҳурмат билан муомала қиларди. Бу ерда эса сизни ҳурмат қилишлари учун ҳурмат қозонишингиз керак.

Тизимни, қонун-қоидалар ва йўл-йўриқларни тушуниб олгач, бу ерда дарс бериш ҳам у қадар қийин эмас. Энг асосийси – фанингизни билишингиз ва болаларни бошқара олишингиз керак. Бўлди, шуни қила олсангиз, марра сизники.

Албатта, педагогик жиҳат ҳам бор: фанни билган билан ҳамма ҳам дарс бера олмайди. Лекин Ўзбекистондаги ўқитувчи бу ерга келиб дарс бераман деса, ўрганиши керак бўлган энг муҳим ва қийин нарса – менимча, болаларни бошқариш.

Мен ҳам энди келганимда ўйлардим: бегона юртда қандай ишлаб кетаркинман? Лекин инглизлар жуда ҳам очиқ, сизни қабул қилувчи халқ экан. Миллатингиз, динингизга катта эътибор қаратишмайди; ишингизни қила олсангиз бас.

Ўқитувчилик сертификатини энди олган вақтимда биринчи ишим – Бирмингем ҳокимияти қошидаги мактабда бўлган. Ишга кириш учун интервьюга келганман, интервьюдан кейин иш таклиф қилишган. Ўша пайтлари қандай иш топаркинман, деб ўйлардим: инглиз тилим ҳозиргидек равон эмас, Англияда дарс бериш тажрибам умуман йўқ, диним ҳам бошқа... Йўқ, ишга киришда умуман муаммо бўлмади.

Ўн йилдан ортиқ вақтдан буён ишлаб келаётган бўлсам, бирон марта биров нега соқол қўйгансан, деб сўрамаган. Мактабларда намоз ўқиш учун шароитлар қилинган. Ҳалол овқат ейман десангиз, шу шароитни ҳам яратиб беришади. Бирмингемда ўқувчилар ҳам, ўқитувчилар ҳам – ҳар хил миллат вакиллари. Халқ ҳар хил миллат ва дин одамлари билан яшашга ўрганган, эътиқодингизни шахсий ҳуқуқингиз, деб билишади.

Масалан, ҳозирги ишлаб турган коллежимизда алоҳида намозхона ажратилган. У ерда ўқувчилар ҳам, ўқитувчилар ҳам ибодат қилишлари мумкин. Айрим муассасалар ҳатто таҳоратхоналаргача яратиб беришади. Ишга кираётганда ҳам сўрашади: қандайдир махсус ҳожатларинг борми? «Маълум вақтда намоз ўқишимиз учун вақт керак, жума кунлари жума намозига чиқиб келаман», дейиш мумкин. Кўп иш берувчилар бунга ижобий ёндашади, уларнинг мақсади – ишчиларни хурсанд қилиш, бу – ишчиларнинг меҳнат самарадорлиги ошишига хизмат қилади.

Шунинг учун ишхонада ё ўқишда миллатим, тилим ё диним туфайли муаммо бўлмаган. Ҳатто мактабда 2 йил давомида кафедра мудири бўлиб ишлаганман, қўлимда 10-12 нафар математика ўқитувчилари ишлашган – аксарияти инглизлар. Айтмоқчиманки, ташқи кўринишим ва диним бу лавозимда ишлашимга тўсиқ бўлмаган.

– «Чириган ғарб» дея таъриф беришларига муносабатингиз қанақа?

– Ғарбда эркинлик бор. Эркинлик иккала тарафга ҳам кетади: тўғри яшайман десангиз ҳам эркинлик бор; эгри йўлда яшайман десангиз, бунга ҳам тўсиқ йўқ. Бу сиз нимани танлашингизга боғлиқ.

Ҳақиқатан ҳам, ғарбга келиб йўлини йўқотиб қўяётган инсонлар ҳам бор. Шу билан бирга, ўзбеклар мисолида олсак, кўплаб ютуқларга эришаётганлар ҳам талайгина.

Танганинг икки тарафи бор дегандек, ғарбда ҳамма нарса гўзал, деб айта олмайман. Муаммолари ҳам етарли.

– Айтиб ўтганингиздек, шу эркинликнинг салбий томонлари ҳам бор. Мана шу ғарб жамиятида фарзанд тарбиялаш, оилавий қадриятларни сақлаб қолиш осон бўлмаса керак.

– Албатта, чет элга чиқиб яшагандан кейин ўзбек маданиятини, ўзбекчиликни сақлаб қолиш жуда ҳам қийин. Чунки бу ерда Ўзбекистондаги муҳит йўқ. Яшаб турган муҳитингизнинг таъсири эса жуда кучли бўлади.

Четга чиққанларнинг кўпи билса керак, фарзандлари ўзбек оилада тарбия топишса ҳам, Ўзбекистондаги тенгдошларидан анчага фарқ қилади. Ҳатто ўзбекчани гаплаша олса ҳам, уларнинг тушунчаси, дунёқараши фарқли бўлади.

Фарзандларим ўзбекча гапиришга қийналади, чунки ўзбекча мулоқот жуда чекланган. Кўпини тушунишади, лекин гапиришга қийналишади. Лекин гаплаша олган тақдирда ҳам, уларнинг фикрлаши барибир бошқача – улар бошқа жамиятда яшашяпти: мактабдаги ўртоқлари, ҳаётидаги воқеалар... ҳаммаси бошқача муҳитда рўй беряпти.

Фарзандларимиз ўзларини кўпроқ британиялик деб билади. «Биз ўзимизни кўпроқ британиялик деб ҳис қиламиз», дейишади. Ўзбекистонга борганда ҳам билинди, буларнинг фикрлаши барибир бошқача.

Албатта, баъзи одамлар буни яхши, баъзилар салбий баҳолаши мумкин. Ўзбек маданиятида ҳам, албатта, яхши хислатлар кўп. Ана ўша хислатларни фарзандларимизга сингдиришга ҳаракат қиламиз. Лекин бу яхши фазилатлар ислом динида бор. Меҳмондўстлик, катталарни ҳурмат қилиш кабилар бошқа миллат ва маданиятларда ҳам бўлиши мумкин. Яъни бу яхши хислатларни фарзандингизга ўргатишингиз учун айнан ўзбекчилик муҳити бўлиши шарт эмас.

Яшаб турган жамиятимизнинг ҳам яхши томонлари жуда кўп. Масалан, тўғрисўзлик, навбатни бузмаслик... Яъни ўзига яраша ғарб жамиятининг ҳам яхши жиҳатлари бор.

Чет элда яшаб, ўзбекчиликни сақлаб қолиш жуда қийин. Хорижда яшаётган нафақат ўзбеклар, бошқа миллат вакилларида ҳам шундай муаммо бор: биринчи кўчиб келиб яшаган иммигрант ота-оналар ва уларнинг фарзандлари ўртасида фарқ бўлади. Ота-оналар ўз маданияти, қадриятларини сақлаб қоламан деб, баъзида болаларидан узилиб қолиши ҳолатлари ҳам бўлади. Чунки болалари бошқа жамиятда ўсишяпти, фикрлаши бошқача, лекин ота-онаси ҳали ҳам хаёлида ўз ватанида, бошқа жамиятда юргандек ўзини тутади. Шунинг учун ҳам баъзи оилаларда шу туфайли муаммолар бор.

Баъзилар эса шу жамиятга мослашиб, яхши тарафини олиб, ёмон томонини четлаб ўтиб ҳаёт кечиришади. Юқоридаги муаммо асосан биринчи тўлқин иммигрантларда бўлади, кейинчалик фарзандлари шу жамият вакилларига айланиб кетишади.

Мавзуга оид