Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга янги қўллаб-қувватлаш чоралари ваъда қилинди
Тадбиркорлардан бири экспортдаги транспорт харажатларини қоплаб беришни сўради. Бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев бундай имтиёз Жаҳон савдо ташкилоти қоидаларига зидлигини айтиб, ташкилот қоидаларига мос келадиган бошқа чораларни кўзда тутувчи қарор лойиҳаси ишлаб чиқилаётганини айтди. “Кутиб туринглар, биз бошқача қўллаб-қувватлов йўлларини албатта жорий этамиз”, деди у.
Жамшид Хўжаев / Савдо-саноат палатаси эфиридан кадр
Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев бошчилигидаги ҳукумат комиссиясининг тадбиркорлар билан навбатдаги очиқ мулоқоти 14 феврал куни бўлиб ўтди. Унда мева-сабзавоти ва озиқ-овқат экспортчиларининг мурожаатлари тингланди.
Мулоқотда Самарқанд вилоятидаги “Tina Agro Narpay” МЧЖ таъсисчиси Аҳрор Абдужалилов сўз олиб, Ўзбекистон денгиздан узоқда жойлашгани учун маҳаллий ишлаб чиқарувчилар хорижий бозорларда рақобат қилишга қийналаётгани, чунки транспорт харажатлари қимматлигини айтиб, транспорт субсидияларини ажратишни сўради.
Жамшид Хўжаев бундай чора Жаҳон савдо ташкилоти қоидаларига зидлигини эслатиб, ҳукумат қўллаб-қувватлашнинг бошқача йўлларини излаётганини айтди.
“Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнида. Бошқа экспортёрларимизга ҳам битта нарсани эслатиб қўймоқчиман: экспорт жараёнида транспорт харажатларини тўғридан тўғри давлат томонидан қоплаб бериш – ЖСТдаги ҳаққоний рақобат қонун-қоидаларига умуман зид. Шунинг учун, президентимиз топшириқ берганлар, қарор лойиҳаси: нафақат экспортчиларга, умуман ишлаб чиқарувчиларга, айниқса озиқ-овқат ишлаб чиқарувчиларга қўллаб-қувватлаш механизмлари тайёрланмоқда.
Бунда сиз айтаётган транспорт харажатлари эмас, бошқа қонуний, [ЖСТ қоидаларига] тўғри келадиган йўллар билан қўллаб-қувватлаш масаласи кўриб чиқилмоқда.
Мен тўғри тушунишингларни илтимос қиламан: бошқа давлатлардаги тарифларни, тўсиқларни олиб ташлашни биздан сўрайсизлар, лекин бу тўсиқларни олишнинг энг осон, энг тўғри йўли – ЖСТга қўшилиш”.
Хўжаев сўзининг якунида ишлаб чиқарувчиларга ваъда берди:
“Ҳурматли ишлаб чиқарувчиларимиз, кутиб туринглар, биз бошқача қўллаб-қувватлов йўлларини албатта жорий этамиз”.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиш йўлида экспортёрларга транспорт харажатларини қисман қоплаб беришга оид имтиёзларни 2025 йил 1 январдан бекор қилган.
Мавзуга оид
23:05 / 18.03.2026
ЖСТ Яқин Шарқда эҳтимолий ядровий ҳалокатга тайёрланаётгани ҳақида огоҳлантирди
09:05 / 15.03.2026
Президентнинг ИИВга эътирози, энергетик мустақиллик ва ўпирилган йўл — ҳафта дайжести
15:00 / 10.03.2026
Божлар камайтирилади, лекин истиснолар ҳам бўлади – ЖСТ бўйича бош музокарачи
06:00 / 19.02.2026