Шавкат Мирзиёевнинг Вашингтонга амалий ташрифи доирасида АҚШ савдо вакили Жеймисон Грирни қабул қилди ва қўшма лойиҳалар доирасида икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросимининг амалий натижаларини муҳокама қилди. Қўшма лойиҳалар тақдимотида видеоалоқа орқали Ўзбекистон ҳудудлари раҳбарлари ҳам қатнашди.
Ўзбекистон – АҚШ стратегик шериклик муносабатлари, энг аввало, савдо-иқтисодиёт ва инвестиция соҳаларида барқарор суръатда ривожланиб бораётгани таъкидланди.
Ўзаро савдони кўпайтириш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишдаги муваффақиятлар мамнуният билан қайд этилди. Ўтган йили товар айирбошлаш ҳажми 1 миллиард доллардан ошди.

Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёнини якунига етказишга оид масалаларда амалий ҳамкорликни кучайтириш ва АҚШ томонидан ушбу жараёнларни янада қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Маҳсулотларни барқарор етказиб бериш, техник тартибга солиш ва рақамли савдога оид минтақавий ёндашувларни ишлаб чиқиш мақсадида Марказий Осиё мамлакатлари ва АҚШ ўртасидаги Савдо ва инвестициялар бўйича ҳадли битим (ТИФА) доирасида ҳамкорликни фаоллаштириш таклифи билдирилди.
Учрашув якунида Ўзбекистон Президенти АҚШ савдо вакили Жеймисон Грирни жорий йилнинг июн ойида бўлиб ўтадиган Тошкент халқаро инвестиция форумида иштирок этишга таклиф қилди.

Шавкат Мирзиёев Вашингтон шаҳрига ташрифнинг ишбилармонлик дастури доирасида икки томонлама ҳужжатларни имзолашга бағишланган маросим ва қўшма лойиҳалар тақдимотида ҳам иштирок этди.
Тадбирда АҚШ ҳукумати ва молия институтлари вакиллари – савдо вакили Жеймисон Грир, Президентнинг махсус вакили Паоло Замполли, Эксимбанк президенти ва раиси Жон Ёванович, АҚШ – Ўзбекистон савдо палатаси раиси Керолин Лемм, шунингдек, “Traxys”, “Valmont Industries”, “Gulf Oil”, “Avigen Broiler Breeding Group”, “John Deere”, “BlackRock Financial Markets Advisory”, “Oppenheimer” ва бошқа етакчи компаниялар раҳбарлари иштирок этди.
Видеоалоқа орқали учрашувда Ўзбекистон ҳудудлари раҳбарлари ҳам қатнашди.
Шавкат Мирзиёев ўз нутқида янги, амалий форматда ўтаётган ушбу учрашув бундан аввалги давра суҳбатининг мантиқий давоми ҳамда иқтисодий шериклик стратегик ишонч ва ўзаро манфаатдорлик руҳида юксак даражага кўтарилаётганининг ифодаси эканини таъкидлади.









