11:13 / 04.06.2024
11963

Божхона божи қийматлари ЖСТ талабларига мослаштирилади

2025 йил 1 январдан экспортни қўллаб-қувватлаш мақсадида тақдим этилаётган субсидия ва преференциялар, шу жумладан, товарларни экспортга реализация қилишдан олинган даромадлар бўйича фойда солиғи, айланмадан олинадиган солиқ, транспорт харажатларини қисман қоплаб беришга оид имтиёзлар бекор қилинади.

“Бозор ислоҳотларини янада жадаллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилигини Жаҳон савдо ташкилоти битимларига мувофиқлаштириш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, давлат харидларини амалга оширишда соғлом рақобат муҳитини таъминлаш мақсадида 2025 йил 1 январдан бошлаб:

  • бюджет буюртмачилари томонидан, шу жумладан, бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан тузиладиган шартномалар бўйича тўловлар тегишли тартибда Ғазначилик хизмати бўлинмаларида рўйхатдан ўтказилгандан (ҳисобга олингандан) сўнг амалга оширилади;
  • давлат буюртмачилари бўлган давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари зиммасига давлат харидларини амалга оширишда соҳага оид қонунчилик ҳужжатларига қатъий риоя этилиши, шунингдек, давлат харидларининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш учун шахсий жавобгарлик юкланади;
  • белгиланган тартибда тасдиқланган лойиҳа ҳужжатлари (ишчи лойиҳа, иш ҳужжатлари, лойиҳа-смета ҳужжатлари) мавжуд бўлмаганда ёки лойиҳа ҳужжатларини тайёрлаш қурилиш-монтаж ишлари билан параллел равишда олиб борилганда, консолидациялашган бюджет маблағлари ва бошқа марказлашган манбалар, шунингдек, давлат банклари ва давлат иштирокидаги корхоналар ҳисобидан харажатларни амалга ошириш ва ишларни бажариш тақиқланади.

Миллий қонунчиликни Жаҳон савдо ташкилотининг Субсидиялар ва компенсация чоралари тўғрисидаги битимига (АSCМ) мувофиқлаштириш мақсадида 2024 йил 1 октябрга қадар:

  • Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда экспортни қўллаб-қувватлаш мақсадида тақдим этилаётган субсидия ва преференцияларни, шу жумладан, товарларни (хизматларни) экспортга реализация қилишдан олинган даромадлар бўйича фойда солиғи, айланмадан олинадиган солиқ, транспорт харажатларини қисман қоплаб беришга оид имтиёзларни 2025 йил 1 январдан бекор қилишни, шунингдек, ЖСТ қоидалари билан тақиқланмаган қўллаб-қувватлаш чораларини;
  • Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Адлия вазирлиги ҳамда Солиқ қўмитаси билан биргаликда самараси паст бўлган солиқ ва божхона имтиёзларини 2025 йил 1 январдан бекор қилишни назарда тутувчи тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш белгиланди.

Ўзбекистон ҳудудига импорт қилинадиган ва ишлаб чиқариладиган акциз солиғи тўланадиган товарлар учун акциз солиғи ставкаларини қуйидаги энг охирги муддатларгача босқичма-босқич бирхиллаштирилади:

  • 2026 йил 1 январь – тамаки маҳсулотлари учун; 
  • 2027 йил 1 январь – алкогол маҳсулотлари ва шакар учун.

Ўзбекистон Республикасида амалда бўлган божхона божи, йиғимлари ва қийматини Жаҳон савдо ташкилотининг Тарифлар ва савдо бўйича бош битими (GATT 1994) талабларига мослаштириш мақсадида:

  • 2025 йил 1 январдан бошлаб жорий этиладиган божхона йиғимларининг фискал мақсадларда ундирилмаслиги белгиланади;
  • Божхона қўмитаси 2024 йил 1 августга қадар божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган товарларнинг божхона қийматини аниқлаш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритади.

Жаҳон савдо ташкилоти билан ишлаш бўйича идоралараро комиссия (Ж.Хўжаев) 2024 йил 1 августга қадар:

  • савдо-иқтисодий муносабатларда энг кўп қулайлик бериш режими (МФН) назарда тутилмаган мамлакатларда ишлаб чиқарилган ёхуд ишлаб чиқарилган мамлакати аниқланмаган товарларга нисбатан божхона божларини қўллаш бўйича амалдаги қонунчиликни қайта кўриб чиқиб, унинг самарадорлигини ошириш юзасидан таклифларни;
  • импорт божхона божлари ставкаларининг қўлланиши самарадорлигини ошириш ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида амалдаги божхона тарифларини Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатурасининг 2022 йилги таҳририга мувофиқлаштириш бўйича қарор лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритади.
Top