Жаҳон | 14:48 / 25.03.2026
6983
6 дақиқада ўқилади

Яқин Шарқдаги уруш: Эрон ракетаси Тел-Авивга келиб урилди, Исроил Ливан жанубини эгалламоқда

Сешанба куни Эрон Исроил бўйлаб ракета зарбалари сериясини амалга оширди. Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Доналд Трампнинг Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги музокаралари ҳақидаги баёнотларига қарамай, Эрон ва Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» гуруҳига ҳарбий босимни сусайтирмаслигини маълум қилди. Бу вақтда Исроил мудофаа армияси Ливан жанубидаги катта ҳудудни «Исроилга таҳдид йўқ қилинганига қадар» ўз назоратига олишга тайёрланмоқда.

Фото: EPA/Shutterstock

Сешанба тонгида Эроннинг Тел-Авив бўйлаб ракета зарбаси оқибатида тўрт киши жароҳатланган. Баллистик ракеталардан бири келиб тушган жойда улкан ўра ҳосил бўлган, атрофдаги учта бино ҳамда автомобиллар жиддий шикастланган, дея маълум қилди фронторти қўмондонлиги расмий вакили, полковник Мики Давид.

Сешанбага ўтар кечаси Исроилнинг шимолий ва жанубий ҳудудлари ҳам зарба остида қолган. Юз минглаб исроилликлар тунни бомбапанагоҳларда ўтказишган, Хайфа шаҳри чеккасида яшовчи кишилардан бири ҳужум вақтида енгил жароҳат олган.

Исроиллик ҳарбийлардан бирига кўра, Тел-Авивга келиб урилган ракеталардан бирининг жанговар каллагида 100 кг атрофида портловчи моддалар бўлган, лекин у Эрон бунгача қўллаган ракеталарга қараганда кучсизроқ эди.

Доналд Трампнинг Эрон инфратузилмасига зарба беришни вақтинча тўхтатгани ва Теҳрон билан музокаралар олиб борилаётгани ҳақидаги баёнотлари фонида бош вазир Нетаняҳу Исроил Ливан жанубида Эрон режими ва унинг Ливандаги иттифоқчиси бўлган «Ҳизбуллоҳ» гуруҳига қарши ҳарбий операцияни давом эттиришини маълум қилди.

«Биз ҳаётий муҳим манфаатларимизни ҳар қандай шароитда ҳимоя қиламиз», – деди Нетаняҳу сешанба куни 36 сониялик видеода.

Эрон бўйлаб зарбалар: нималар маълум?

Эрон нашрлари хабар беришича, қисқа танаффусдан сўнг Теҳроннинг шарқий ҳудудларига ҳужумлар қайтадан бошланган.

Шунингдек, Эрондаги манбаларга кўра, 23 март куни иккита газ иншооти ва қувурга ҳужум қилинган. Бу АҚШ президенти Доналд Трамп АҚШ беш кунга энергетика инфратузилмасига зарба беришни тўхтатишини айтганидан бир неча соат ўтиб рўй берган.

«Сионист ва америкалик душманлар томонидан давом этаётган ҳужумлар доирасида Исфаҳондаги газ бошқармаси биноси ва газ босимини назорат қилиш станциясига зарба берилди», – дея хабар берди Эроннинг Fars агентлиги. Эрондаги бошқа нашрлар ҳодиса ҳақида хабар бермаган.

Агентлик маълумотларига кўра, объектларга қисман зарар етган.

Яна бир зарба мамлакат жануби-ғарбидаги Хуррамшаҳр шаҳридаги электр станцияси газ қувурига берилган.

«Снаряд Хуррамшаҳр газ қувурининг газни қайта ишлаш станцияси ташқарисидаги ҳудудга келиб тушди», – дея хабар бермоқда агентлик Ироқ билан чегарада жойлашган шаҳар губернаторига таяниб. Расмийларга кўра, ҳужумга учраган инфратузилма одатдагидек ишлашда давом этмоқда, газ таъминотида узилишлар йўқ.

BBC ихтиёрида сўнгги кун давомида Эроннинг марказий ҳудудларида содир бўлган портлашлар тасвирлари бор. Суратларга қараганда, бу икки хил ҳодиса: бири текисликда, иккинчиси тоғли жойда рўй берган.

Шу билан бирга, BBC Verify фактчекинг бўлими кеча кечқурун интернетда пайдо бўлган видео ва фотосуратларни таҳлил қилди, уларда Эроннинг марказий қисмидаги Исфаҳон шаҳри яқинида камида битта портлаш қайд этилган.

Геолокация маълумотларига асосланиб, BBC суриштирувчи журналистлари Fars хабар берган зарба эпимаркази шаҳарнинг энг йирик электр станциясидан камида 20 км, энг яқин авиабазадан саккиз км ва Исфаҳондаги ядровий мажмуа ҳудудига кириш жойидан 22 км узоқликда бўлган деб ҳисобламоқда.

Исроил Ливан жанубидаги буфер зонани назоратига олмоқда

Ливан жануби, 24 март

Исроил мудофаа вазири Исраэл Кац сешанба куни Исроил Ливаннинг жанубий ҳудудлари устидан назоратни сақлаб қолишини айтди. Унинг сўзларига кўра, Исроил хавфсизлиги таъминланмагунча, ливанликлар бу ҳудудлардаги уйларига қайтмайди.

«Исроил мудофаа армияси Ливанда „Ҳизбуллоҳ“га қарши тўлиқ куч билан ҳаракат қилишда давом этади. Ливан жанубининг шимолга кўчирилган юз минглаб аҳолиси Исроил шимолидаги аҳолининг хавфсизлиги таъминланмагунча, Литани дарёси жанубидаги ҳудудларга қайтиб кела олмайди», – деган Кац армия бош штаби йиғилишида.

Унинг сўзларига кўра, «Ҳизбуллоҳ» жангчилар ва қурол-яроғларни Ливан жанубига ўтказиш учун фойдаланган Литанидаги барча кўприклар «йўқ қилинган» ва ЦАҲАЛ қолган кечув нуқталарини ҳамда ўз чегарасидан дарёгача бўлган хавфсизлик зонасини назорат қилади.

Сешанба куни ЦАҲАЛ Хар-Дов тоғининг Ливандаги қисми ҳудудида ҳаракатланаётган исроиллик ҳарбийлар «Ҳизбуллоҳ» туннелига кириш жойини топишгани, шунингдек, гуруҳ томонидан фойдаланилган бошқа объектларни йўқ қилгани ҳақида хабар берди.

Байрутнинг жанубий чеккаси, 24 март
Фото: AFP

Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари «Ҳизбуллоҳ»нинг Байрутдаги қўмондонлик пунктларига ҳам зарбалар бермоқда.

ЦАҲАЛ маълумотига кўра, Ливан пойтахти бўйлаб сешанбага ўтар кечаси амалга оширилган зарбалар гуруҳнинг бир неча объектлари, жумладан, «Радван» элита бўлинмаси объектлари, шунингдек, «Ҳизбуллоҳ»нинг разведка қаноти тузилмаларига қарши қаратилган.

Бир кун аввал кечқурун, гуруҳ объектларига зарба беришдан олдин, ЦАҲАЛ яна Байрутнинг жанубий чеккаси – «Ҳизбуллоҳ»нинг таянч қўрғонидаги аҳолини эвакуация қилиш ҳақида огоҳлантириш тарқатганди. Ливан миллий ахборот агентлиги хабар беришича, Исроилнинг тунги ҳужумлари етти хил ҳудудни қамраб олган.

Ливан жанубидаги Ат-Тири шаҳрига яна бир тунги зарба «Ҳизбуллоҳ» қўмондонлик марказига берилди, у Ал-Нур радиостанцияси студиясида жойлашгани айтилмоқда. Исроил ҳарбийларининг таъкидлашича, объект «Ҳизбуллоҳ»нинг оператив ходимлари бўлган вақтда ҳужумга учраган.

Сешанба куни «Ҳизбуллоҳ» Исроил шимолидаги Хайфа кўрфази томон 30 га яқин ракета учирди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид