Ўзбекистон | 09:49 / 06.09.2024
4036
3 дақиқада ўқилади

Газ қазиб олишнинг қисқариши ва импортнинг ортиши солиқ тушумларини камайтириб юборган

Солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаевга кўра, Ўзбекистон ҳар 1000 метр куб газни 160 доллардан импорт қиляпти. Хусусан, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида 5,2 млрд метр куб газ сотиб олинган. Шунинг ҳисобига 1,3 трлн сўм акциз солиғи олинмаган. UzGasTrade компаниясига эса 1 трлн сўм ҚҚС тўлови қайтариб берилган. Ўз навбатида, ички газ қазиб олишнинг камайиши ҳисобига ҳам акциз солиғи тушумлари 104 млрд сўмга қисқарган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 5 сентябр кунги мажлисида “Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2024 йил биринчи ярим йилликдаги ижроси тўғрисида”ги ҳисобот кўриб чиқилди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг биринчи ярмида билвосита солиқ тушумлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,4 фоизга камайган. Солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаевга кўра, бунга газ ишлаб чиқаришнинг пасайиши ва импорт қилишнинг ортиши сабаб бўлган.

“2024 йилнинг биринчи ярмида солиқ органлари томонидан 85,8 трлн сўмлик солиқ тушумлари йиғилди ва ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 12,5 фоиз ўсиш таъминланди. Тўғри айтдингиз, биринчи ярим йилликда билвосита солиқ тушумлари 2023 йилдаги кўрсаткич 22,8 фоиздан 21,4 фоизгача пасайди. Бу асосан иккита солиқ тури: ҚҚС ва акциз солиғи бўйича тушумлар улуши камайгани билан боғлиқ.

ҚҚС бўйича биринчи ярим йилликда 17,8 трлн сўм йиғилган бўлса, бу тушумлар 12,3 фоизга ошди. Лекин 14 трлн ҚҚС қайтариб берилди. Бу ўтган йилга нисбатан 40 фоизга кўп. Мисол учун, 1000 метр куб газни 160 доллардан импорт қиляпмиз ва 240 минг сўм божхонада тўланяпти. Аҳоли ва корхона ташкилотларига бу 480 минг сўмдан то 1,5 млн сўмгача сотиляпти. Натижада ҳар 1000 метр кубга 60 сўмдан қайтариб беряпмиз. Яъни 2024 йилнинг биринчи ярмида UzGasTrade компаниясига 1 трлн сўм ҚҚС тўлови қайтариб берилган.

Акциз солиғи бўйича 8 трлн сўмлик тушум таъминланди ва улуши 0,2 фоизга камайди. Бунга ҳам табиий газдан 1,4 трлн сўмлик солиқ тушумлари тушмаслиги сабаб бўлди. Биринчи асосий масала 2023 йилнинг 6 ойида бизда 2,3 млрд метр куб газ импорт қилинган бўлса, 2024 йилнинг биринчи ярмида 5,2 млрд метр куб газ импорт қилинди. Бу деярли 2,2 баробар ошди. Шунинг ҳисобига 1,3 трлн сўмлик акциз солиғи олинмади. Чунки табиий газ импортига 0 фоизлик ставка қўлланади.

Иккинчиси, олти ойда 13,7 млрд метр куб газ ишлаб чиқарилган. Бу ўтган йилга нисбатан 1,4 млрд метр куб кам. Шунинг ҳисобига 104 млрд сўмлик акциз солиқлари кам тушган.

Мана шу факторлар сабаб билвосита солиқлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан камайди”, деди Мубин Мирзаев.

Мавзуга оид