Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Концерт тегишли идоралар билан келишилмаган» – ТИВ Россиядаги ўзбекистонлик мигрантларга рейд бўйича муносабат берди
Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигининг маълум қилишича, Красноярскдаги рейддан сўнг Ўзбекистоннинг 4 фуқароси депорт қилинган. Яна 4 нафари чет эл фуқароларини вақтинча сақлаш марказига жойлаштирилди. Вазирлик расмийси Аҳрор Бурҳонов «тадбир Красноярск ўлкасининг тегишли идоралари билан келишилмагани – мазкур воқеага сабаб бўлганини» билдирди.
22 сентябрь куни Россия кучишлатар тузилмалари Красноярск ўлкаси Емеляновский туманида «Корона» зиёфат залида ўтказилган тадбирга бостириб кириб, ўнлаб мигрантларни текширувдан ўтказди.
Россия ички ишлар вазирлигига кўра, махсус тузилмалар ва Росгвардия кучлари «ноқонуний мигрантлар» ва гиёҳванд моддалар савдосига алоқадор бўлган шахсларни аниқлаш мақсадида рейд ўтказган.
Kun.uz обуначиларининг маълум қилишича, ўша куни ўзбекистонлик қўшиқчи Жалолиддин Аҳмадалиев концерти бўлиб ўтаётган бўлган. Полиция барча 620 нафар меҳмонни текширган, улардан 210 нафари хорижлик экани аниқланган. Уларнинг ёнидан эркин муомалага чиқарилиши тақиқланган буюмлар ёки моддалар топилмаган. Россия томони уларнинг фуқаролиги ҳақида маълумот келтирмади.

Тарқалган видеолавҳада Росгвардия ходимлари зиёфатдаги шахсларнинг ҳужжатини текшираётгани, уларнинг ёни хизмат ити билан текширилгани, бир гуруҳ эркак елкама-елка саф тортган ҳолда олиб чиқилгани, айримлари қўли қайрилган ҳолда олиб кетилгани кўринади.
Шу билан бирга, 26 нафар хорижлик полиция бўлимига олиб кетилган, улардан 8 нафари Россияда ноқонуний равишда бўлгани таъкидланмоқда. Рейд якунлари бўйича полиция ходимлари 19 та маъмурий баённома тузган. Улар чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс томонидан Россияга кириш ёки бўлиш қоидалари ва иммиграция қоидаларини бузганликда айбланмоқда.

Ўзбекистон Миграция агентлиги мигрантларга қарши ўтказилган рейдга муносабат билдириб, мамлакат фуқароларининг ҳуқуқий ҳимояси таъминланишини билдирди.
«Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлигининг Россиядаги ваколатхонаси томонидан фуқароларимиз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида лицензияга эга адвокат воқеа жойига юборилди. Айни пайтда мазкур ҳолат Россиянинг амалдаги қонунчилиги доирасида ўрганилмоқда», — дейилади хабарда.
Кейинроқ, Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов воқеа юзасидан изоҳ берди.
ТИВ расмийсига кўра, Красноярскдаги рейдда Ўзбекистоннинг 8 нафар фуқароси Россияда бўлиш қоидаларини бузганлиги аниқланган. Улардан 4 нафарига нисбатан маъмурий жарима ва маъмурий чиқариб юбориш чоралари қўлланган, қолган 4 нафари эса Красноярск ўлкасидаги чет эл фуқароларини вақтинча сақлаш марказига жойлаштирилган.

Новосибирскдаги Ўзбекистон Бош консулхонаси «тезкор тарзда ушбу фуқароларга зарурий ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш бўйича» чоралар кўрмоқда.
Аҳрор Бурҳоновнинг ёзишича, «концерт Красноярск ўлкасининг тегишли ташкилот ва идоралари билан белгиланган тартибда келишилмаган бўлиб, айнан шу ҳолат мазкур воқеага сабаб бўлган». Шунингдек, Бош консулхона шаҳар ҳокимияти билан олдиндан келишилган аввалги концертда муаммо бўлмагани, буниси Россия фуқаролигига эга бўлган шахслар томонидан шахсий тартибда ташкил этилганини билдирди.
Бош консулхона фикрича, «Красноярск ўлкасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилаётган бундай рейдлар ҳуқуқий асосга эга бўлиши ва маданий ҳордиқ чиқаришга тўсқинлик қилмаслиги лозим».
Шунингдек, Бош консулхона «Россия куч тузилмалари ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида барча зарур ҳужжатларни Красноярск ўлкасининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига тақдим этгани»ни билдирди.
Россия кучишлатар тузилмалари томонидан марказий осиёлик, хусусан Ўзбекистон фуқароларига нисбатан сўнгги йилларда тинимсиз равишда ноинсоний рейдлар ва асоссиз текширувлар ўтказилмоқда. Бундай рейдлар давомида Ўзбекистон фуқароларига куч ишлатиш, ҳақоратлаш ҳолатлари аниқ қайд этилса ҳам, Россия томони бунга чора кўргани маълум эмас.