Жаҳон | 12:44 / 01.04.2026
3908
4 дақиқада ўқилади

Рубио: АҚШ НАТО билан муносабатларни қайта кўриб чиқади

У агар «алянс фақат Европага ҳужум қилинган тақдирда АҚШ уни ҳимоя қилишини назарда тутиб, Вашингтонга зарур пайтда ҳарбий базалардан фойдаланишга рухсат берилмайдиган тузилмага айланса, бу яхши келишув ҳисобланмаслиги»ни таъкидлаган.

Фото: Mandel Ngan / Reuters

АҚШ давлат котиби Марко Рубио Қатарнинг «Ал-Жазира» телеканалига берган интервюсида НАТО бўйича иттифоқчилар Эрон билан урушда қўллаб-қувватлашдан бош тортиш орқали АҚШнинг «ҳафсаласини пир қилгани» ва ҳарбий амалиёт якунланганидан кейин Вашингтон алянс билан муносабатларни қайтадан кўриб чиқишини айтди.

Телеканал мухбири Рубиодан Евроиттифоқ ва НАТО мамлакатлари «ҳал қилувчи паллада» АҚШга хиёнат қилмадими, дея сўраган.

«Ўйлайманки, бу ҳафсалани пир қиладиган иш бўлди. Президент ва мамлакатимиз амалиёт якунланганидан кейин буларнинг барчасини қайта кўриб чиқиши керак бўлади. НАТОнинг Қўшма Штатларга фойдаси – турли сценарийларда базалардан фойдаланишдир», – дея жавоб қайтарган Рубио.

У АҚШ миллий хавфсизлик ва мамлакат манфаатларига жиддий таҳдид ҳис қилган «муҳим паллада» Вашингтон НАТО аъзолари – хусусан, Испания ўз базаларидан фойдаланишга рухсат бермаётганини эслатиб ўтган. «Худди шундай йўл тутган бошқа мамлакатлар ҳам бор. Бу ҳолда шундай савол туғилади: Қўшма Штатларнинг манфаатлари қаерда қолади?» – дея қўшимча қилган Рубио.

«Мен доим НАТОни қўллаб-қувватлаганман ва бунинг сабабларидан бири – базалардан фойдаланиш бизга бутун дунё бўйлаб ҳарбий амалиётларда таъсир ўтказиш ва мослашувчанлик имконини беради. Аммо агар НАТО – фақат ҳужум бўлган тақдирда Европани ҳимоя қилишимиз ҳақида бўлиб, бизга керак бўлганида эса базаларга кириш рад этиладиган бўлса – буни яхши келишув деб бўлмайди. Бундай форматда иштирокни давом эттириш ва буни Қўшма Штатлар учун фойдали дейиш қийин. Шунинг учун бунинг барчасини қайта кўриб чиқишга тўғри келади. Бунинг барчаси қайта кўриб чиқилади», – деган у.

У НАТО алянс сифатида «бир томонлама ҳаракатланадиган кўча бўлмаслиги лозимлиги»ни таъкидлаган. «Умид қиламизки, бу масалани тартибга солишга эришамиз», – деган у.

  • Март ойи бошида Испания АҚШга ўз базаларидан Эрон бўйлаб зарбалар беришда фойдаланишга рухсат бермаганди. Трамп бунга жавобан Мадрид билан савдо алоқаларини узишини айтиб таҳдид қилганди. Кейинроқ Испания бош вазири Педро Санчес можарони дипломатия йўли билан ҳал қилишга чақириб, АҚШ ва Исроил томонидан бошланган урушга қарши фикр билдирди.
  • 30 март куни El Pais газетаси Испания Америка ва Исроилнинг Эронга қарши ҳарбий амалиётида иштирок этаётган самолётлар учун ўз ҳаво кенгликларини ёпгани ҳақида хабар тарқатди. Бундай самолётларга фақат фавқулодда ҳолатларда қўнишга рухсат берилади.
  • 31 март куни эса Corriere della Sera ва Reuters ўз манбаларига таяниб, Италия ўтган ҳафтада Америка ҳарбий самолётлари Яқин Шарққа учиш давомида Сицилиядаги Сигонелла авиабазасига қўнишига рухсат бермагани ҳақида ёзди. Манбаларга кўра, Америка самолётлари олдиндан хабардор қилмасдан авиабазага қўнмоқчи бўлган.
  • Шунингдек, Трампнинг сўзларига кўра, Франция ҳам Исроил учун мўлжалланган ҳарбий юкларни олиб кетаётган самолётларга ўз ҳудуди орқали учишга йўл қўймаган. «Франция муваффақиятли йўқ қилинган „Эрон қассоби“ бўйича жуда ишончсиз ҳамкор бўлиб чиқди! АҚШ буни эслаб қолади», – дея ёзган Трамп.
Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид