Шаҳидлар хотираси мажмуаси тендерсиз, шаҳар ерларини сотиш эвазига таъмирланади
Тошкентдаги “Шаҳидлар хотираси” мажмуасида олиб бориладиган қурилиш-таъмирлаш ишлари Тошкент шаҳар ҳокимлиги маҳаллий бюджети ва мажмуа атрофидаги 3,7 гектар ерни сотиш ҳисобидан молиялаштирилади. Объектларни қуриш ва жиҳозлаш учун тендер ўтказилмаган. Қурилиш вазири ўринбосари жамоатчиликка нотўғри маълумот бергани маълум бўлди.
Апрел ойида Тошкент шаҳридаги “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуаси ҳудудида қурилиш ва таъмирлаш ишлари бажарилиши бўйича тарқалган хабар жамоатчилик муҳокамаларига сабаб бўлганди.
Ўшанда пойтахт ҳокимлиги ва Қурилиш вазирлиги берган изоҳларда, мажмуада ҳукумат қарори билан қатағон қурбонлари номи акс этадиган рамзий китоб, музей ходимлари учун бино, миллий ҳунармандчилик ва савдо дўконлари, амфитеатр, велойўлаклар қурилиши билдирилган.
Қурилиш вазири ўринбосари Насрулло Бобоев 28 апрелдаги матбуот анжуманида журналистлар савобига жавобан қурилишга қанча пул ажратилиши ва пудратчилар ҳали номаълум экани, лойиҳалар тендерлар асосида амалга оширилишиниАммо кейинги воқеалар вазир ўринбосарининг гаплари ёлғон эканига ишора қиляпти. Жамоатчилик, ҳукуматнинг очиқ эълон қилинмай келаётган тегишли қарори 2021 йил 3 апрелда қабул қилингани, яъни барчаси 3 апрелдаёқ аниқ белгилаб қўйилганидан хабар топди. Яъни 28 апрелдаги матбуот анжуманига қадар биноларни кимлар қуради, тахминан қанча пул ажратилади, бари олдиндан тасдиқланган бўлган.
Қурилиш-таъмирлаш ишларига қанча маблағ сарфланади?
Gazeta.uz тақдим этган қарор суратида “Шаҳидлар хотираси” мажмуаси қурилиш-таъмирлаш ишларига биринчи босқичда Тошкент шаҳар ҳокимлигининг маҳаллий бюджетидан 20 млрд сўм миқдоридаги маблағлар ажратилиши кўрсатилган. Иккинчи босқичда эса ерларни лотларга ажратишда сармоядорлардан тушадиган маблағлар ҳамда етмаган қисми ҳокимлик маҳаллий бюджетининг қўшимча маблағлари ҳисобидан йўналтирилади.
Ҳужжатда мажмуа яқинидаги 3,7 гектар ер участкалари сотилиши ва бунинг учун улар шаҳар ҳокимлиги захирасига беғараз тақдим этилиши белгиланган.
Хусусан, Давлат активларини бошқариш агентлигининг Бўш объектлардан самарали фойдаланишни ташкил қилиш маркази Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси балансидаги, майдони 2,67 гектар бўлган ер участкаси (Юнусобод тумани Бўзсув бўйи кўчаси, 28-уй) ҳокимлик балансига бепул ўтказиб берилади. Ушбу объект “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуаси ёнида жойлашган:
Шу билан бирга, «Ўзэкспомарказ» миллий кўргазма марказига тегишли Амир Темур шоҳкўчаси 107-уй манзилидаги 0,9 гектар ер майдони ҳам пойтахт ҳокимлиги захирасига ўтказилади.
“Яндекс.Карта” ва 2GIS маълумотларига кўра, мазкур манзилда “Тошкентленд” ёнидаги Aqva Bog’i аквапарки жойлашган. Ушбу ер майдонларини замонавий хизмат кўрсатиш объектлари, жумладан бизнес марказлари, миллий овқатланиш жойларини ташкил этиш учун инвесторларга сотиш режалаштирилган.
Ерлар “E-IJRO Auksion” электрон савдо майдончаси орқали ёки аниқ инвестиция ва ижтимоий мажбуриятларни белгилаган ҳолда тўғридан тўғри сотилади.
Истисно тариқасида ерларни сотишдан тушган маблағлар мажмуа ҳудудидаги объектлар қурилишини молиялаштириш учун буюртмачи (Тошкент ҳокимлиги ҳузуридаги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси) ҳисоб рақамига ўтказилади.
Канал ва аквапарк ҳудуди ўртасидаги 1 гектарлик ва 0,5 гектарлик майдон мулкдорларга “давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун” олинган ҳудудлар ўрнига товон сифатида мулкдорларга қайтариб берилади.
Қарорда қурилиш ишлари тендерсиз амалга оширилиши белгиланган. Ваҳоланки, Қурилиш вазирлиги мулозими лойиҳалар жамоатчилик муҳокамасига қўйилиши, қуриш-таъмирлаш бўйича тендер ўтказилишини айтганди.
Ҳужжатда келтирилишича, қурилиш-таъмирлаш ишларининг бош лойиҳачиси – “Ўзшаҳарсозлик ЛИТИ” ДУК, бош пудратчиси – “Mimar Group” МЧЖ. Улар томонидан хиёбонда рамзий китоб барпо этилади, рамзий ротонда реконструкция қилинади ва музей ходимлари учун маъмурий бино қурилиб, жиҳозланади. Қурилиш-монтаж ишларини 2021 йилнинг 1 сентябрига қадар лойиҳалаш-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш билан бир вақтнинг ўзида амалга оширишга рухсат берилган.
Савдо дўконлари, очиқ амфитеатр ва Wi-Fi ҳудудларини ташкил этиш кабилар жамоатчилик эътирозидан сўнг лойиҳадан чиқарилган.
Жамоатчилик нимадан норози?
Қарор очиқланганидан кейин, унда белгиланган айрим масалалар ижтимоий тармоқларда муҳокамалар ва эътирозлар яна авж олишига сабаб бўлди. Хусусан, ҳужжатда шаҳар ерларини сотиш орқали қурилиш ишларини бажариш келтирилгани норозиликлар билдирилишига олиб келди.
“Комплекс атрофидаги 3,7 гектар тилло нархдаги ерни эгаллаб олиш учун ўйлаб топилган реконструкция лойиҳаси гўё. Бошқача иқтисодий мотив мантиқсиз. Шарманда. Муҳр. Бу менинг ўта шахсий фикрим. Шаҳид кетганлар руҳи чирқираётгани аниқ. Чирқиратадиям. Агар Коррупцияга қарши кураш агентлиги буни ўрганмаса, билмадим, яна нимани ўрганиш керак”, – деб ёзади блогер Отабек Бакиров телегам каналида.
Davletovuz канали муаллифи ҳолатни ачинарли деб таърифлаб, қуйидагича саволни ўртага ташлади:
“Пулимиз бўлмаса, таъмирлаш керак эдими? Шунақа пайтлар муаммомиз пул топиш эмас, балки бор пулни оқилона сарфлаш экани аёнлашади”.
Олий Мажлис депутати Дониёр Ғаниев мазкур қарор учун асос қилиб олинган президент фармойишида мажмуада фақатгина рамзий китоб яратиш ва Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи ходимлари учун алоҳида хизмат биносини қуриш белгилангани, маиший хизмат бинолари ёки савдо дўконлари, Wi-Fi ҳудудлари ёки амфитеатр қуриш умуман кўзда тутилмаганига эътибор қаратди.
“Президентимизнинг Ер муносабатларини тартибга солишга оид 8 июндаги ПФ-6243-сонли фармонига асосан, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерларнинг сотилиши фақат электрон онлайн-аукцион орқали бўлиши белгиланган бўлиб, фармон расман эълон қилинган кундан бошлаб қонунчиликка тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилгунига қадар мазкур фармонда назарда тутилганидан бошқача тартибда ер участкаларини ажратиш қатъиян тўхтатилган. Шундан келиб чиқиб, ВМ қарорида инвесторларга тўғридан тўғри сотилиши кўзда тутилган ерлар савдоси тўхталиши керак эмасми? (агар фармон чиққунча сотиб улгурилмаган бўлса, албатта)” – дея ёзади депутат.
Дониёр Ғаниев “Шаҳидлар хотираси” хиёбони моддий маданий мерос объектлари рўйхатида туриши, бу рўйхатдаги объектларга шикаст етказиш ва уларнинг ҳудудларида моддий маданий мерос объекти ҳисобланмайдиган бино-иншоотлар ҳамда бошқа объектларни рухсатнома олмасдан қуриш маъмурий ва жиноий жавобгарликка сабаб бўлишини эслатган.
“Шундоқ ҳам Тошкентнинг бир неча боғ ва хиёбонлари кимларнингдир тижорий мақсадлари йўлида хусусийлаштирилди ёки тугатилиб, ўрнида кўп қаватли уйлар қуриб бўлинди. Шу кунгача бу ишларни ҳаммамиз билиб, билмасликка олдик, ҳаммасига кўз юмиб келдик”, – деб ёзди депутат Ғаниев телеграм саҳифасида.
Мазкур қурилишлар натижасида мажмуа хотира майдони эмас, кўпроқ кўнгилочар жойга айланиб қолиш эҳтимолининг юқорилиги аҳолини хавотирга солмоқда.
Мавзуга оид
18:59 / 07.01.2025
“Эгасини туни билан қидирдим” — доллар тўла ҳамённи онахонга қайтарган сержант
16:47 / 07.01.2025
Тошкентдаги автобусларда йўлкирани нақд пул шаклида берганлар жаримага тортилади
12:38 / 05.01.2025
Фото: Тошкентда ҳарбий бўлинмалар Ғалаба боғидан шаҳар марказига қараб байрамона марш ўтказди
20:01 / 04.01.2025