Ўзбекистон | 16:41 / 21.05.2018
23142
5 дақиқада ўқилади

Эксперт нима учун Ўзбекистонда АЭС қурилиши кераклигига изоҳ берди

Электр энергияси бўлмаса, саноатда жадал ривожланиш бўлмайди, бутун мамлакат аҳолисининг электр энергиясига кун сайин ошиб бораётган эҳтиёжини қондириш учун эса Атом электр станцияси (АЭС)ни қуриш энг тўғри танлов бўлади ва одамларимиз буни жуда яхши тушунишади. Эксперт, "Ma'no" тадқиқотчилик ташаббуслари маркази раҳбари Бахтиёр Эргашев Сочи шаҳрида бўлиб ўтган X Халқаро Атомэкспо форуми доирасида KUN.UZ мухбирининг жамоатчилик АЭС қурилишини қандай қабул қилишига доир саволига шундай мазмунда жавоб берди.

"Халқимиз Ўзбекистон жуда муҳим чақириқ олдида турганини яхши билади, бу саноатни жадал ривожлантириш сиёсатининг амалга оширилишидир. Бунинг учун эса электр энергияси зарур. У бўлмаса, бизнинг саноатни ривожлантириш билан боғлиқ режаларимиз чиппакка чиқади. Ўзбекистондаги уй хўжаликларида йил сайин маиший электр жиҳозлари сони ошиб бормоқда - музлатгич, телевизор, кир ювиш машинаси, микротўлқинли печлар ва ҳ.к. Одамлар тобора кўпроқ электр жиҳозларидан фойдаланиш имконига эга бўлишмоқда, шундай экан, электр энергиясига бўлган талаб ҳам ошиб боради. Саноат томонидан талаб ошмоқда, ўсиб бораётган уй хўжаликлари томонидан талаб ошмоқда. Ўзбекистонда демографик ўсиш кучли, бизда янги оилалар жуда кўп, табиийки талаб ҳам шунга яраша. Барчасининг эҳтиёжини қондириш учун эса бизга электр энергияси керак", - дейди эксперт.

Эксперт: Бахтиёр Эргашев
Фото: Мақсад Жангиров

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон ишбилармонлари ҳам АЭС қурилиши тарафдори бўлади. Нима учун дейсизми?

"Ишбилармонлар электр энергияси етишмовчилиги сабаб ўз маҳсулотлари баҳосини оширишга мажбур бўлишади. Электр энергияси етишмаганидан кейин улар генератор қўйишларига тўғри келади. Генератор эса ўз-ўзидан маҳсулот таннархини оширади. Минтақада фаолият юритувчи деярли ҳар бир ишбилармон электр энергия танқислиги муаммосига дуч келади - ё тунда, ёки кундузи, баъзан эса ҳатто 24 соат электр энергияси бўлмайди. Минтақалардаги барча ишбилармонларнинг асосий муаммоларидан бири - тўхтовсиз электр энергиясига эга бўлиш. Бирор минтақа бу билан мақтана олмайди. Шундай экан, бизнес, айниқса минтақавий бизнес АЭС қурилиши учун овоз беради. Худди шундай ҳар қандай уй хўжалиги бошлиғи ҳам АЭС қурилишидан манфаатдор".

Бахтиёр Эргашевнинг айтишича, ҳозирги шарт-шароитларда АЭС қурилиши жиддий қадам ва ягона тўғри қарордир. Умуман олганда, бу йўналишда Ўзбекистонда жуда кўп ишлар қилинмоқда - гидроэлектроэнергетикани ривожлантиришга доир бутун бир дастур қабул қилинди, кўплаб ГЭСлар қуриладиган ва модернизация қилинадиган бўлди. 

"Ҳа, бу электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини оширади, бироқ бу денгизга томчи кабидир. Ҳа, Ўзбекистон муқобил электр станциялари, айниқса қуёш электр станциялари бўйича Марказий Осиёда етакчи, бироқ бу кам", - дея изоҳлайди Эргашев.

Унинг таъкидлашича, Ўзбекистонда аксарият электр энергияси газда ишловчи иссиқлик электр станцияларидан келади. Бироқ газ захиралари чекланган. Шунинг учун газ ёқиш орқали электр энергиясини олиш бутун бир ишлаб чиқариш занжири баҳосини оширади, зеро газ нархи икки бараварга қимматлашган бўлади.

"Шундай экан, Ўзбекистонда ривожланаётган электр энергетикаси тизимини бизда етарлича бўлган уранда ишловчи АЭС билан тўлдиришимиз керак", - дейди эксперт.

Бу қанчалар хавфсизлигига доир саволга эса Бахтиёр Эргашев қуйидагича жавоб берди:

"Албатта, Фукусима, Чернобиль синдромлари бўлган, бор ва бўлади ҳам. Бироқ ҳозирги "3+" авлоди реакторларида ўтмишдаги барча хатолар ҳисобга олинган. Фикримча, ҳар бир авлод билан хавфсизликни таъминлашга доир ишлар ошиб боради. Чернобиль реакторлари бир контурли эди, ҳозир эса икки контурли реакторлар қўлланилмоқда ва ҳатто уч контурли реакторлар ҳам бор. У ҳалокатли ҳодисалардан кейин ядровий энергетика олдинга катта қадамлар қўйди. Хавфсизликни таъминлашга доир ишлар фаол олиб борилмоқда, зеро йўл қўйилган хато имиджга катта зарба ҳисобланади", - дейди Эргашев.

Лола Рахманбаева

Мавзуга оид