Жаҳон | 15:02 / 12.01.2024
4100
1 дақиқада ўқилади

Ригадаги «Москва уйи» Латвия мулкига ўтказилди

Латвия парламенти баёнотида айтилишича, Россия ҳукумати Ригадаги «Москва уйи» биносидан «тажовузкор ҳаракатлар ва тарихнинг кремлпараст талқинини оқлаш» учун фойдаланган.

Фото: AP

Ригадаги «Москва уйи» маданий-ишбилармонлик маркази биноси Латвия давлати мулкига ўтказилди, тегишли қонун лойиҳаси Латвия Сейми томонидан маъқулланди. Бу ҳақда Латвия парламенти сайтида 11 январ, пайшанба куни чоп этилган хабарда айтилади. Бино Транспорт вазирлиги тасарруфига ўтказилади.

Қонун лойиҳасини 70 нафар парламентарий маъқуллади, 11 нафари қарши овоз берди, 9 нафари бетараф қолди, дея хабар беради Delfi. Унинг маълумотларига кўра, бино Москва шаҳар мулк бошқармасига тегишли бўлган.

Латвия Сейми сайтида эълон қилинган баёнотга кўра, Россия «Москва уйи»дан «ташқи сиёсат воситаси сифатида фойдаланди, бу орқали у ўз ҳаракатларини оқловчи ташвиқотни ва кремлпараст тарихини талқин қилишни мақсадли равишда тарқатди». Парламент, шунингдек, Украинага қарши уруш бошланганидан кейин ҳам «Москва уйи»да Россия Федерациясининг сиёсатини қўллаб-қувватловчи тадбирлар ўтказилганини даъво қилмоқда.

Мавзуга оид