Иқтисодиёт | 14:37
361
2 дақиқада ўқилади

Латвия Ўзбекистон билан логистика ва мултимодал лойиҳаларга қизиқмоқда

Латвияда Ўзбекистоннинг инвестиция ва туризм салоҳиятига бағишланган тадбирда латвиялик ишбилармонлар транспорт-логистика, транзит йўналишлари ва мултимодал лойиҳалар бўйича ҳамкорликка қизиқиш билдирди. Учрашув якунида 2026 йил март ойида латвиялик тадбиркорлардан иборат бизнес-миссиянинг Ўзбекистонга ташрифи бўйича келишувга эришилди.

Фото: “Дунё” АА

Ўзбекистоннинг Латвиядаги элчихонаси томонидан икки давлат ўртасида иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида тадбир ташкил этилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбирда Латвиянинг 30 га яқин ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этди. Уларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, савдо ва тадбиркорликни ривожлантириш, эркин иқтисодий ва индустриал зоналар имкониятлари ҳақида тақдимот ўтказилди.

Хорижий инвесторларга амалдаги имтиёзлар ва преференциялар, шунингдек, мамлакат ҳудудларида саноат, қишлоқ хўжалиги, энергетика, инфратузилма, логистика ва хизматлар соҳаларида амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари ҳақида маълумот берилди. Тақдимотда иқтисодиётни рақамлаштириш, транспорт ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини модернизация қилиш ҳамда инновацион тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган давлат сиёсатининг устувор йўналишлари ҳам ёритилди.

Тадбирнинг алоҳида қисми Ўзбекистоннинг туристик имкониятларига бағишланиб, маданий-маърифий, тарихий ва гастрономик туризмни ривожлантириш йўналишларига оид лойиҳалар тақдим этилди.

Латвия ишбилармон доиралари вакиллари, айниқса, транспорт ва логистика, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Европага экспорт қилиш йўналишларида ҳамкорликка катта қизиқиш билдирди. Шунингдек, Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи мамлакатлари ўртасида транзит йўналишларини ривожлантириш, Латвиянинг порт, темир йўл ва авиация инфратузилмасидан фойдаланиш, юк ташиш ҳамда мультимодал соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Тадбир якунида 2026 йил март ойида латвиялик тадбиркорлардан иборат бизнес-миссиянинг Ўзбекистонга ташрифи бўйича келишувга эришилди. Ташриф доирасида тўғридан тўғри ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва туристик соҳаларда қўшма лойиҳаларни муҳокама қилиш режалаштирилган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид