Болтиқ денгизида Литва ва Латвия ўртасида оптик кабел шикастланган. Бу ҳақда душанба, 5 январ куни маҳаллий LRT радиоси эфирида Инқирозларни бошқариш миллий маркази (ИБММ) раҳбари Вилмантас Виткаускас хабар қилди. Унинг айтишича, шикастланиш Латвиянинг ҳудудий сувларида, Лиепая портидан бир неча километр узоқликда содир бўлган ва истеъмолчилар учун ҳеч қандай узилишларга олиб келмайди.

“Энг муҳими — мувозанат таъминланганини кўриш. Операторларимиз бизга истеъмолчилар учун ҳеч қандай муаммо йўқлигини айтди: интернет-трафик оқимлари бошқа нуқталар орқали қайта тақсимланди — қуруқликдан Полша орқали, шунингдек Швеция билан тўғридан тўғри кабел ҳам бор. Бизда муқобил йўллар бор ва истеъмолчилар ҳеч қандай узилишни сезмайди”, — деди ИБММ раҳбари.

Виткаускасга кўра, шикастланган оптик кабел Литва ва Латвиянинг муҳим инфратузилмаси бир қисми бўлиб, истеъмолчиларни Скандинавия мамлакатлари билан интернет алоқаси билан таъминлайди. Швеция пенсия жамғармалари томонидан бошқариладиган хусусий Polhem Infra компаниясига тегишли кабелнинг шикастлангани ИБММ томонидан 2 январ куни маҳаллий вақт билан соат 23:00 атрофида қайд этилган. Латвия полицияси матбуот хизмати LETA агентлигига маълум қилишича, шикастланиш ҳақидаги ахборот Литвадан келиб тушган.

Латвия хизматлари айбдорни аниқлаш ва маълумот узатишни тиклаш учун кабелни таъмирлаш бўйича чоралар кўрган. “Биз бу маълумотни латвиялик ҳамкасбларимизга узатдик, ҳозир улар тергов ўтказяпти: эҳтимолий қоидабузарни аниқлаяпти, муайян кеманинг эгалари ва экипажи билан музокаралар олиб боряпти. Тергов натижаларини кутамиз, унинг тез якунланишига умид қиламиз”, — деди ИБММ раҳбари. LRT қайд этишича, у Латвия ҳокимияти олиб бораётган терговга зарар етказмаслик учун батафсил маълумотларни ошкор қилмаган.

LRT радиоси Латвия бош вазири Эвика Силиняга таяниб хабар қилишича, Лиепая порти яқинидаги кабел шикастланиши юзасидан Латвия Жиноят қонуни 187-моддаси 1-қисми бўйича жиноий иш қўзғатилган — умумий фойдаланишдаги электрон алоқа тармоғи симини ёки ускуналарини қасддан йўқ қилиш ёки шикастлаш ҳолати сифатида.

Латвия полицияси аниқлаштиришича, шикастланишга сабабчи бўлиши мумкин бўлган айбдор — номи келтирилмаган кема. Қирғоқ қўриқлаш хизмати таҳлил қилган маълумотларга кўра, кема аввал фаол бўлмаган кабел устидан ўтган, кейин эса курсини фаол ва кейинчалик шикастланган кабел томон ўзгартирган. Кема ёки унинг экипажи ушлангани ҳақида хабар берилмаган, аммо экипаж полиция билан ҳамкорлик қилаётгани айтилади.