Ўзбекистон | 18:34 / 09.06.2023
9789
4 дақиқада ўқилади

“Италия Ўзбекистоннинг Ғарбий Европадаги биринчи стратегик ҳамкорига айланди” — Шерзод Асадов

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 7-9 июнь кунлари расмий ташриф билан Италияда бўлиб турибди. Президент матбуот котиби ташрифнинг амалий аҳамияти, унда эришилган натижалар ҳақида маълумот берди.

Президент матбуот котиби Шерзод Асадов Италияга расмий ташрифни «президентнинг фаол ва прагматик ташқи сиёсатининг амалдаги ифодаси» деб атади.

«Мазкур ташриф тасниф жиҳатидан расмий, аҳамияти жиҳатдан тарихий ташрифдир. Сабаби икки давлат раҳбарлари 2000 йилдан буён илк бор олий даражада учрашмоқда. Икки давлат муносабатларида 2016 йилгача мавжуд бўлган бўшлиқ президентимизнинг саъй-ҳаракатлари билан охирги йилларда барча йўналишда, хусусан, Италия давлати билан, умуман олганда, Европа Иттифоқи давлатлари билан ҳам сифат нуқтайи назаридан, ҳам натижадорлик тарафдан анча тўлдирилди.

Ва бу саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми бу бугунги ташрифнинг асосий натижаси, яъни Ўзбекистон–Италия муносабатларининг стратегик даражага кўтарилишидир. Италия – Ўзбекистоннинг Ғарбий Европадаги илк стратегик ҳамкоридир.

Италия бош вазири Жоржа Мелони президентимиз билан суҳбат давомида: «Биз сизнинг ислоҳотларингизга ва сиёсатингизга ишонганимиз учун ҳамкорлигимизни стратегик даражага кўтаришга қарор қилдик» деган гапларини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Умуман олганда, Италия давлати билан охирги йилларда иккитомонлама ҳамкорликнинг барча йўналишлари бўйича юқори динамика қайд этилмоқда. Хусусан, сиёсий соҳани оладиган бўлсак, иккитомонлама ташрифлардан тортиб, натижадорликка қаратилган аниқ келишувларни айтиб ўтиш мумкин», – деди Асадов.

Унинг таъкидлашича, Италия ҳукумати Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи билан муносабатлари чуқурлашишига хайрихоҳ. Хусусан, расмий Рим Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги Кенг қамровли шериклик ва ҳамкорлик шартномаси имзоланишини қўллаб-қувватлайди.

Қайд этилишича, сиёсий-иқтисодий, маданий ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида Ўзбекистоннинг Италиядаги элчихонаси штати кенгайтирилади. Бундан ташқари, Милан шаҳрида элчихонанинг махсус бўлинмаси ҳам очилади.

Президент матбуот котиби Ўзбекистон–Италия бизнес форумида икки давлат ишбилармон доиралари томонидан умумий қиймати 9 млрд еврога тенг 40 дан зиёд келишувлар имзолангани, шунингдек, Италия раҳбарияти Ўзбекистоннинг Бутунжаҳон савдо ташкилотига киришига тўлиқ хайрихоҳлик билдирганини таъкидлади.

Шунингдек, Ўзбекистонда биринчи Ўзбекистон–Италия таълим форуми ўтказилишига келишиб олинган. Бундан ташқари, икки давлат раҳбарлари ўртасидаги учрашувларда Ўзбекистонда итальян тили борасидаги қўшма дастурларни ривожлантириш, янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳам келишувга эришилган. Яқин келажакда, нафақат Ўзбекистон олий ўқув юртларида, балки мактабларда итальян тилини ўқитиш курсларини ташкил этиш бўйича ҳам фикр алмашилган.

Асадов раҳбарлар учрашувида минтақавий масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилганини билдирди.

«Италия раҳбарлари билан учрашувларда минтақавий масалалар борасида ҳам фикр алмашилди, хусусан, Марказий Осиёдаги вазият, бўлаётган иқтисодий, ижтимоий ўзгаришлар ҳақида ҳам. Бундан ташқари, Италия раҳбарлари Ўзбекистоннинг Афғонистон бўйича сиёсатини тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирди ва бу бўйича кенг ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида ҳам келишиб олинди.

Ташриф доирасида икки давлат ҳамкорлигининг норматив-ҳуқуқий базаси анча кучайтирилди. 12 та ҳужжат қабул қилинди. Булар, асосан, саноат, адлия, маданият, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган ҳужжатлардир.

Ҳеч муболағасиз, президентимизнинг Италия давлатига расмий ташрифлари икки давлат ўртасидаги иқтисодий, сиёсий, маданий ва гуманитар алоқаларнинг мустаҳкамланишига катта замин яратади. Шу билан икки давлат ўртасидаги дўстона ва стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади», – деди у.

Мавзуга оид