Ўзбекистон | 17:01 / 09.07.2025
10116
2 дақиқада ўқилади

ИИВга тезлик чекловларини қайта кўриб чиқса бўладиган йўл участкалари рўйхатини шакллантириш топширилди

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент раислигидаги видеоселекторда ички ишлар вазирлигига вилоят ҳокимлари билан тезлик чекловларини қайта кўриб чиқса бўладиган йўл участкалари рўйхатини шакллантириш топширилди.

Қоидабузарлик учун айрим ЙҲХБлар орадан 7-8 ой ўтиб жарима қўллаш қарорини чиқараётгани бўйича эътирозлар кўплиги кўрсатиб ўтилди.

Эндиликда қоидабузарлик содир этилган кундан бошлаб бир ойда қарори чиқмаса, ҳайдовчи ҳеч қандай жарима тўламаслиги белгиланди.

Замонавий йўллар қурилаётгани, юқори хавфсизлик мосламалари мавжуд машиналар сони ҳам кун сайин кўпайиб бораётгани сабабли тезлик масаласида янгича ёндашувлар кераклиги таъкидланди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил мартида Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасига автотранспорт воситалари учун жарима солинмайдиган тезлик чегарасини 5 дан 10 км/соатгача ошириш тўғрисидаги ўзгартириш лойиҳасини киритганди.

Тезликни қайд этишдаги хатолик чегарасини ошириш зарурати техник воситалар (радарлар) ва транспорт воситаларининг спидометрларидаги баъзи «хатоликлар» билан асосланган.

Шунингдек, жорий йил июнида Қонунчилик палатаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳасини маъқуллаганди. Унга кўра «маъмурий огоҳлантириш» тушунчаси киритилаётгани, бу чора айрим ҳуқуқбузарликларни (камар тақмаганлик, телефондан фойдаланганлик, монитордан фойдаланганлик, тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларини бузганлик, мажбурий суғурта қилиш талабларини бузганлик) биринчи марта содир этган шахсларга қўлланиши маълум қилинганди.

Шунингдек, йўл чизиғини (полоса) босганлик камера орқали қайд этилмаслиги, агар камера ва радарлар орқали қайд этилган ҳуқуқбузарликлар учун қарор бир ойдан кечиктириб чиқарилган бўлса, жарима қўлланмаслиги айтилганди.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид