Ўзбекистон | 17:52 / 07.11.2021
31048
4 дақиқада ўқилади

Бир ҳовуздан 450 миллион сўм даромад. Интенсив усулда форель етиштираётган балиқчилик балиқчи

 Андижон вилояти Балиқчи туманидаги “Nil Afshona” корхонасида балиқнинг ноёб тури – форель (хонбалиқ) етиштириляпти. Тадбиркор боқилиши турдошларидан бироз фарқли бўлган ушбу балиқ турини Ўзбекистон шароитида етиштириб, яхшигина даромад қилишнинг уддасидан чиққан.   

Форель балиқлари фақатгина тоза ва совуқ сувда яшагани сабабли ноёб ҳисобланади. Ундан тайёрланган таомлар эса ҳамиша тансиқ бўлиб келган. Шу сабабли, ушбу балиқ турига ички ва ташқи бозорда талаб юқори, нархи ҳам бироз қиммат. Тадбиркор Акмалжон Мирзаев оддий усулда форель балиғини етиштириб, ички бозорни тўлдиришга ҳамда ушбу луқмаи ҳалолнинг ҳамёнбоп нархда бўлишига ҳаракат қилмоқда. 

“Узоқ йиллардан бери Россияда тадбиркорлик билан шуғулланиб келамиз. Ўша ерда емакхоналарда форелдан тайёрланган шўрва ва кабобларни, икрасини кўп тановул қилганмиз. Шунда, бизнинг туманимиз, қишлоғимиз одамлари ҳам мазкур балиқ туридан тановул қилса, дея орзу қилганман. 2019 йилда ҳовузларни битказиб, хонбалиқ етиштиришни бошлаб юбордик. Аллоҳга шукур, омадимиз келиб, Балиқчи туманининг суви айнан форель етиштиришга мос тушди. Биласиз, хонбалиқ покиза, яъни тоза ва нисбатан совуқ сувда ҳаёт кечиради. Сувимиз йил давомида 17 даражада, ундаги элементлар ҳам жуда мос келди. Сувимизнинг мазкур ноёб балиққа тўғри келгани катта гап. Энг қувонарлиси, хонбалиқ бизнинг сувда жуда тез катта бўлиб, вазни бир йилда 10 килограммгача етмоқда. Мутахассислар Ўзбекистонда форелнинг вазни 10 килограммга етганини аввал кузатмаганини айтишяпти”, — дейди Акмалжон Мирзаев.

Корхонага 10 граммлик форел чавоқлари Учқўрғондан, ем-озуқаси эса хориждан олиб келинади. Озуқа вақтида берилиб, ҳовузлар доим покиза сақланиши ҳамда сув тинимсиз айланиб туриши муҳим омиллар экан. Балиқлар 1,5 килограмм бўлгач, бошқа ҳовузга олинади ва озуқа рациони кучайтирилади. Балиқлар 4 ойда 3,5 килограммдан 4,5 килограммгача вазнга эга бўлади. 7 килограммлик балиқдан 1,5 килограммгача қимматбаҳо икра (увилдириқ) олиниши мумкин.

“Икраларни ҳали сотувга чиқармадик. Атрофимиздаги аҳолига тарқатдик. Жуда тансиқ таом. Фаолиятимизни кенгайтирсак, қишлоғимиз аҳолисининг оғзи икрага тегади. Биласиз, интенсив усулда балиқ етиштириш жуда самарали. Мана шу 15 минг дона балиқни табиий ҳолда боқиш учун жуда катта ҳовузлар керак бўларди”, — дейди тадбиркор.

6 та ҳовузда форель парваришлаётган тадбиркор тинимсиз изланишда. Эндиликда у алоҳида ҳовузда чучук сувларда энг катта вазн йиғадиган балиқ тури – осётр боқишни ҳам бошлади. Тўпланган тажриба ўзини оқлади, осётрлар ҳам тез вазн олмоқда.

Даромади ҳақида тадбиркор шундай дейди:

“Мана шу ҳовузда 2 000 та етилган балиқ бор. Бу 6 тонна дегани. Форелнинг килоси 75 минг сўм. Демак, 450 миллион сўмлик маҳсулотимиз тайёр. Форелимизга чет элдан ҳам харидор кўп. Россиядан келишиб, минг тонна сўрашди. Қани эди шу миқдорда етиштиришнинг иложи бўлса. Бунинг учун Балиқчида менга ўхшаган камида 25 нафар тадбиркор бўлиши керак. Мен Балиқчи шароитида форель боқиб, фойда кўриш мумкинлигини исботлаб бўлдим. Энди шу йўналишда ҳам тадбиркорларни кўпайтириш керак”.

Форель балиғи фосфор, омега-3 ва омега-6 каби ёғ кислоталарига бой. Унинг истеъмоли эса инсонда хотира сусайиши, қон-томир ва асаб касалликларининг олдини олади. Агар ҳар бир туманда Акмалжон Мирзаев каби ўнлаб тадбиркор балиқнинг ушбу ноёб турини етиштирса, инсон организми учун жуда фойдали бўлган хонбалиқлар арзон нархда халқимиз дастурхонига етказилар эди.

Элмурод Эрматов,

Азизбек Исмоилов.

Мавзуга оид