Давлат хавфсизлик хизматининг Андижон вилояти бўйича бошқармаси ҳамда божхона идоралари ходимлари ҳамкорлигида товар-моддий бойликларнинг мамлакат ҳудудидан ноқонуний олиб чиқилишининг олдини олишга қаратилган тезкор тадбир ўтказилди.

Маълум бўлишича, Балиқчи туманида яшовчи 1985 йилда туғилган аёл ҳамда унинг 2006 йилда туғилган қизи ностандарт шаклдаги 7 дона, жами 473 грамм олтин қуймаларни кийимлари остига яширган ҳолда Хўжаобод туманидаги “Дўстлик” чегара божхона пости орқали олиб ўтишга уринган вақтида ушланган.

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан қонунбузарларга нисбатан Жиноят кодексининг 182-моддаси (божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бу каби қонунбузилиш ҳолатларига дуч келинса, Давлат хавфсизлик хизматининг 1520 қисқа рақамига қўнғироқ қилиш мумкин. Шахснинг сир сақланиши кафолатланади.