Ўзбекистон | 11:18 / 04.12.2023
240259
3 дақиқада ўқилади

«Салимбой»га нисбатан терговга қадар текширув бошланди

Ғофур Раҳимов қидирувда экани ҳақидаги хабарлар эса тасдиқланмади.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари «Салимбой» ва «Салимбойвачча» лақаблари билан танилган 73 ёшли тадбиркор Салим Абдувалиевга нисбатан терговга қадар текширув ҳаракатларини ўтказмоқда. Бу ҳақда Kun.uz манбаси хабар берди.

Салим Абдувалиев 2017 йил январидан буён Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раиси ўринбосари ва мамлакат спорт курашлари ассоциацияси раиси ҳисобланади.

Турли спорт тадбирларига ҳомийлик қилгани учун Салим Абдувалиев айрим манбаларда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спорт устози мукофотини олгани маълум қилинган.

Шунингдек, ички ишлар органларидаги манбалар Ғофур Раҳимовнинг қидирувда экани ҳақидаги хабарларни тасдиқламади.

Ғофур Раҳимов / Фото: Kun.uz

Асли ўзбекистонлик тадбиркор Ғофур Раҳимов Ўзбекистон профессионал бокс федерацияси раиси биринчи ўринбосари ҳисобланади. 

Раҳимов 2018 йил ноябридан 2019 йил июлига қадар Халқаро бокс ассоциацияси (AIBA)да раҳбари лавозимида ишлаган. Шунингдек, 2010 йилда эса Осиё бокс конфедерацияси президенти этиб сайланган. 2001 йилдан 2012 йилгача Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг вице-президенти бўлган.

  • 2 декабр куни Тошкент шаҳар ИИББ пойтахтда ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан «кўча боллари» ва жиноий гуруҳларни аниқлаш ва қўлга олиш бўйича кенг кўламли рейдлар ўтказилаётгани ҳақида хабар берганди. Тезкор чора-тадбирлар пойтахтда жиноятчилик билан боғлиқ вазиятни яхшилашга қаратилгани қайд этилган.
  • Кўп ўтмай Тошкент шаҳрида «Саидазиз медгородок» лақаби билан танилган шахс қўлга олингани маълум бўлди. У атрофига жисмонан бақувват шахсларни тўплаб, қарздорлик ва бошқа муаммоларни қонунни четлаб ўтган ҳолда ҳал қилиб бериш билан шуғулланган. 
  • Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, шунингдек, «Бахти Ташкентский» лақаби билан танилган Бахтиёр Қудратуллаевни қўлга олган. Бундан ташқари, ўта йирик миқдордаги товламачиликда гумон қилинган яна икки шахс қўлга олинди. Уларнинг барчаси 15 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Мавзуга оид