Ўзбекистон | 17:11 / 24.03.2018
7806
2 дақиқада ўқилади

Халқаро автоташишларга рухсатномалар қандай берилади?

Фото: cseautotrasporto.it

Вазирлар Маҳкамасининг 15.03.2018 йилдаги 202-сон қарори билан Автомобилда юк ва йўловчиларни халқаро ташишга рухсатномаларни айирбошлаш квотасини белгилаш, тақсимлаш, бериш ва фойдаланиш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди. 

Norma’нинг ёзишича, автомобилда юк ёки йўловчиларни халқаро ташиш Ўзбекистоннинг халқаро шартномаларига мувофиқ бир марталик рухсатномалар асосида амалга оширилади:

• миллий – хорижий ташувчига тегишли автотранспорт воситасининг мамлакатимиз ҳудуди бўйлаб ўтишига;
• хорижий – миллий ташувчига тегишли автотранспорт воситасининг хорижий давлат ҳудуди бўйлаб ўтишига.

Ҳар йили Ўзбекистон ва хорижий ваколатли органлар ўртасида уларнинг бланкалари айирбошланади.

Рухсатномалар Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлиги томонидан қуйидагилар учун берилади:

• икки томонлама юк ташиш;
• транзит юк ташиш;
• учинчи давлатга/дан юк ташиш;
• икки томонлама/транзит юк ташиш;
• номунтазам икки томонлама қатновларда йўловчиларни ташиш;
• номунтазам транзит қатновларда йўловчиларни ташиш;
• номунтазам икки томонлама/транзит қатновларда йўловчиларни ташиш.

Ҳар бир берилаётган хорижий/кўп томонлама рухсатнома учун ЭКИҲнинг 1/3 қисми миқдорида йиғим ундирилади. 

Маълумот учун: кўп томонлама рухсатнома – автотранспортнинг кўп томонлама рухсат бериш тизимига аъзо бўлган ҳар қандай давлат ҳудуди бўйлаб бир марталик ўтишига рухсатнома.

Халқаро шартнома бўйича рухсатнома талаб этилмайдиган икки томонлама ва транзит ташиш халқаро товар-транспорт юкхати асосида амалга оширилади.  

Ҳужжатда хорижий давлатларнинг ваколатли органлари билан рухсатномаларни айирбошлаш ва миллий ташувчиларга рухсатномалар беришнинг босқичма-босқич схемаси батафсил тақдим этилган.

Автомобиль транспортида хавфли, катта ҳажмли ва оғир вазнли юкларни ташиш хусусиятлари алоҳида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан белгиланади.  

Ҳужжат 17.06.2018 йилдан кучга киради.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид