Иқтисодиёт | 11:57 / 13.11.2025
1455
2 дақиқада ўқилади

Миллий юк ташувчиларига Латвия транзити учун рухсатномалар жойида берилади

Беларус ва Литва билан айрим чегара пунктларининг вақтинча ёпилиши шароитида Транспорт вазирлиги ва AIRCUZ миллий ташувчиларга Латвия ҳудуди орқали транзитни таъминлаш мақсадида жойида рухсатнома бериш тартибини йўлга қўйди. Полоцк ва Медуми–Зарасай пунктларида 12–15 ноябр кунлари ариза асосида Латвиянинг икки томонлама/транзит рухсатномалари расмийлаштирилади.

Фото: Транспорт вазирлиги

Ўзбекистон Транспорт вазирлиги ҳамда Халқаро автомобил ташувчилари уюшмаси (AIRCUZ) Латвия ва Беларус элчихоналари иштирокида ишчи гуруҳ тузганини маълум қилди. Гуруҳ миллий ташувчиларнинг Латвия орқали транзит ҳаракати узлуксизлигини таъминлаш учун рухсатнома бланкаларини жойига чиқиб расмийлаштиради.

Жойида рухсатнома бериш манзил ва муддатлари:

  • 12–15 ноябр — Полоцк/Полоцк (Беларусь–Латвия) чегара пункти;
  • 13–15 ноябр — Медуми–Зарасай/Medumi–Zarasay (Латвия–Литва) чегара пункти.

Ушбу пунктларда “E-авто рухсатнома” тизимига берилган аризалар асосида, тегишли рухсатномаси йўқ бўлган лицензияланган автотранспорт воситаларига Латвиянинг икки томонлама/транзит рухсатномалари берилади.

Устуворлик тартиби:

  • 29 октябргача Литва–Беларус ҳудудида юк ортилган ҳолда бўлган автоуловлар;
  • ВМҚнинг 2023 йил 7 июл, 277-сон қароридаги шартлар асосида Латвия “универсал тақсимоти”да қолган бланкалар доирасида;
  • белгиланган муддатларда Беларус–Латвия ва Латвия–Литва пунктларига етиб келган бошқа миллий ташувчилар.

17 ноябрдан кейин: қолган рухсатномалар Транспорт вазирлиги томонидан “E-авторухсатнома” ААТ орқали берилган аризалар асосида ажратилади.

Ҳужжатлар рўйхати (ўзингиз билан олиб келинг):

  • автотранспорт воситаси техник паспорти;
  • автотранспорт воситаси лицензия варақаси (халқаро автомобиль юк ташувлари учун);
  • TIR-китобча (агар мавжуд бўлса);
  • халқаро товар-транспорт юк хати;
  • лицензияланган корхона (ташувчи)нинг штампи/муҳри.

Эслатма ва чекловлар:

— Латвия рухсатномаларидан учинчи шахслар фойдаланиши, узрсиз сабабларсиз йўқотилиши ёки 90 кунлик фойдаланиш муддати бузилиши туфайли санкция қўлланган корхоналарга ушбу турдаги рухсатнома бланкалари берилмайди;
— барча аризалар “E-авторухсатнома” орқали юборилади. Корхоналардан ҳисоб-китобларда етарли маблағ ва чекловлар/санкциялар йўқлигини олдиндан текшириб олиш сўралади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид