Ўзбекистон | 22:32 / 17.12.2025
12089
2 дақиқада ўқилади

Юнусобод ва Сергели туманларига янги ҳоким тайинланди

Мирзо Улуғбек тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Аброрхўжа Саидалиев Юнусобод тумани ҳокими этиб тайинланди, у 1994 йилда туғилган. Марказий банк Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи Даврон Исматов эса Сергели тумани ҳокими бўлди.

Аброрхўжа Саидалиев / Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати

Саидалиев Аброрхўжа Рустамхўжа ўғли Тошкент шаҳри Юнусобод тумани ҳокими лавозимига тасдиқланди.

У 1994 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 2017 йилда Ўзбекистон миллий университети, 2021 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тамомлаган. 2018 йилдан Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлигида ишлаган, 2022 йил июн ойидан ушбу туман ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари – туман иқтисодиёт ва молия бўлими бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган эди.

Юнусобод тумани ҳокими лавозимида 2022 йил январидан буён Баҳодир Абдувалиев ишлаётганди. Туман ҳокимлигининг расмий хабарига кўра, у бошқа ишга ўтган.

Даврон Исматов / Фото: Сергели тумани ҳокимлиги матбуот хизмати

Исматов Даврон Раҳимжонович Тошкент шаҳри Сергели тумани ҳокими лавозимига тасдиқланди.

У 1982 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, Тошкент молия институти ҳамда Президент ҳузуридаги Давлат бошқарув академиясида таълим олган. 2024 йил феврал ойидан Марказий банк Тошкент шаҳар бош бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган эди.

Элбек Шукуров Сергели тумани ҳокими лавозимидан ҳурмат билан кузатилди. / Фото: Сергели тумани ҳокимлиги

Сергели туманини 2020 йил августидан буён Элбек Шукуров бошқариб келаётганди. Туман ҳокимлиги матбуот хизматига кўра, у ўз хоҳиши лавозимини тарк этган.

Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид