Спорт | 10:38 / 03.03.2026
12369
6 дақиқада ўқилади

«Реал» сенсацион равишда ютқазди

Алонсони бўшатиш ва ўрнига Арбелоани олиб келиш хато танлов бўлиб чиқди. Мадридликлар «Осасуна» ортидан «Хетафе»га ҳам мағлуб бўлди. «Барселона» билан орадаги фарқ ошмоқда.

«Реал» – «Хетафе» 0:1
Гол:
Сатриано, 39 (0:1)
«Реал»: Куртуа, Алаба (Карваҳал, 55), Рюдигер, Каррерас, Александр-Арнолд (Ҳаусен, 55), Тшуамени (Диас, 87), Питарч (Родригу, 55), Арда Гулер (Мастантуоно, 69), Винисиус Жуниор, Валверде, Гарсия
«Хетафе»: Сория, Босели, Дуарте, Ромеро, Рико, Иглесиас, Миля, Арамбарри, Сатриано (Абкар, 90+1), Кико Фемения (Лисо, 58), Васкес (Мартин, 69)
Огоҳлантиришлар: Ҳаусен, 68. Тшуамени, 71. Винисиус Жуниор, 90. Каррерас, 90 – Кико Фемения, 8. Арамбарри, 35. Рико, 64. Лисо, 79. Сатриано, 84
Четлатиш: Мастантуоно, 90. Лисо, 90 (иккинчи сариқ)

Испания Суперкубоги учун баҳсда ютқазган ва Испания кубогини эрта тарк этган «Реал» Испания чемпионатидаги вазиятини ҳам оғирлаштирди – жамоа ла лиганинг бу мавсумида илк бор қаторасига икки ўйинда ютқазди. Ўтган турда «Осасуна» майдонидан мағлуб бўлган Алваро Арбелоа шогирдлари уйда «Хетафе»дан ҳам очко ололмади.

Жамоа тўпурари Килиан Мбаппенинг тиззасидаги жароҳат жиддий бўлиб чиқди ва у яна камида бир ой жамоага ёрдам бера олмайди. Арбелоа унинг ўрнига ҳужум марказида Гонсало Гарсияни ўйнатмоқда. Шунингдек, Беллингҳэм ва Камавинганинг жароҳати клубнинг бошқа бир тарбияланувчиси – 18 ёшли Тияго Питарчга асосий таркиб учун йўл очди.

«Реал» илк дақиқалардан тўпга эгалик қилди ва позицион ҳужумлар уюштирди, «Хетафе» чуқур ҳимояланди: меҳмонлар ўз услубидан чекинмасдан, яккакурашларга эътибор қаратди, кўп фол ишлатди ва тўпни шунчаки узоқлаштириш билан шуғулланди. Майдонда ҳар бир тўп учун кураш кечди. 26-дақиқада эса Антонио Рюдигер ва Диего Рико ўртасидаги эпизод мезбонлар сон жиҳатдан озчилик билан якунланиши мумкин эди: «Реал» ҳимоячиси ерда ётган рақиби устига ўзини ташлади ва очиқчасига тиззаси билан унинг жағ қисмига зарба берди. Ҳакам вазиятни эътиборсиз қолдирди.

39-дақиқада эса меҳмонлар кутилмаганда ҳисобни очишди. Шу қишда «Лион»дан ижарага олинган форвард Мартин Сатриано жарима майдони атрофида тўпга эга чиқди ва уни тўхтатмасдан яқин тўққизликка йўллади. Куртуа жойидан қимирлашга улгурмади.

Иккинчи бўлим бошида Арбелоа учталик алмаштириш амалга оширди: Питарч, Алаба ва Трент ўрнига Родриго, Ҳаусен ва Карваҳал туширилди. Мадридликлар кўплаб голли вазиятлар яратишди, аммо меҳмонлар ҳимоячилари ва дарвозабон ишончли ҳаракат қилди. «Хетафе» тўлиқ ҳимояланди ва минимал устунликни ўйин охиригача сақлаб қолди.

Ўйиннинг сўнгги қисмида Арбелоа майдон четида туриб, ўз футболчилари асабини жиловлай олмасдан, энергия ва вақтини беҳуда сарфлашини шунчаки кузатиб турди. Бу дақиқаларда «Хетафе» майдоннинг рақиб дарвозаси жойлашган қисмидан умуман кетмади, чунки «Реал» футболчилари жарима майдони атрофида кетма-кет фол ишлатишди, меҳмонлар эса бундан фойдаланиб, вақт чўзишди.

Мураббий футболчиларига провокацияга берилмаслик ҳақида  керакли кўрсатмаларни бермади ва бу якунда Мастантуоно қизил олиши билан якунланди. Ўйиндан кейинги матбуот анжуманида эса мураббий яна бир бор барча айбни ўз зиммасига олиш билан чекланди ва амалда январда Ҳаби Алонсо истеъфога чиқарилиб, унинг ўрнига ўзи тайинлангани хато қарор бўлганини тан олди.

Бу мағлубият «Реал»нинг чемпионлик пойгасидаги имкониятларига жиддий зарба бўлди. Мадридликлар икки тур олдин «Барселона»ни қувиб ўтиб, биринчи ўринга чиқиб олганди, энди эса пешқадамдан тўрт очкога ортда қолмоқда. Ла Лига охиригача яна 12 тур бор.

Чемпионлар лигасида ҳам вазият яхши эмас: жамоа гуруҳ босқичидан тўғридан тўғри плей-оффга ўта олмади ва қўшимча икки ўйин ўтказишига тўғри келди. Натижада плей-оффда қийинроқ рақибга қарши ўйнашга тўғри келади: қуръа яна бир бор «Манчестер Сити»ни рақиб қилган.

Статистика

● «Реал» Ла Лигада қаторасига иккинчи бор ютқазди. Жамоа ўтган турда «Осасуна»дан мағлуб бўлганди.

● «Реал» йил бошидан буён илк бор майдонни голсиз тарк этди. Натижада мадридликларнинг 18 ўйиндан иборат голли ўйинлар серияси якунланди. Жамоа сўнгги бор ўтган йил 7 декабрида «Селта»га қарши ўйинда гол уролмаганди (0:2).

● «Бернабеу»да 7 ўйиндан иборат ғалабали серия якунланди. «Реал»  декабрда «Селта» ва «Манчестер Сити»га қарши мағлубиятлардан кейин ўз майдонидаги шунча ўйинда қаторасига ғалаба қозонганди.

● «Реал» «Хетафе»га қарши сўнгги 9 ўйинда илк бор очко йўқотди. Ушбу жамоага қарши ғалабали серия 2022 йилдан буён давом этаётганди.

● «Хетафе» бош мураббийи Пепе Бордалас ўз фаолиятида илк бор «Реал»ни мағлуб этди. У бунга 17-ўйинда эришди, бунгача у жамоаси бошқарувида 14 ўйинда ютқазиб, 2 бор дуранг қайд этганди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид