Жаҳон | 07:59 / 07.06.2024
9500
3 дақиқада ўқилади

Россия Кариб денгизида ҳарбий машғулотлар ўтказади

AP хабарига кўра, Россия ҳарбий кемалари ва самолётлари яқин ҳафталарда Кариб денгизига етиб боради ва ёз охиригача у ерда қолади. Уларнинг ҳаракатларини АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари кузатиб боради.

Фото: РИА Новости

Россия ҳарбий кемалари ва самолётлари ҳарбий машғулотлар учун Кариб денгизига йўл олди, дея хабар бермоқда AP АҚШ расмийларига таяниб. Агентлик 6 июн, пайшанба куни хабар беришича, Россия кучларининг бу ҳудудга яқин ҳафталарда келиши кутилмоқда. AP суҳбатдошларига кўра, бу ҳаракат ҳамкорларининг Украинани қўллаб-қувватлаши туфайли Ғарб билан муносабатларида кескинлик кучайган бир пайтда Россия кучини намойиш этади

Россия кемалари ҳаракатини АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари кузатиб боради 

Россия кемалари Венесуэла ва Куба портларига кириши мумкинлиги тахмин қилинмоқда. Режалаштирилган машғулотлар Россиянинг Қўшма Штатлар Украинани қўллаб-қувватлаши кучайиб бораётганига бўлган катта жавоби бир қисмидир, деди агентлик манбалари. Шу билан бирга, бу Россия президенти Владимир Путиннинг Украина армияси зарбалари натижасида бир қанча кемаларни йўқотганидан кейин Россия ҳарбий-денгиз флоти ҳали ҳам жаҳон миқёсида ўз кучини намойиш этишга қодирлигини кўрсатишга уриниши, деди расмийлар журналистларга анонимлик шарти билан. 

Уларнинг сўзларига кўра, Россия АҚШни бўлажак машғулотлар ҳақида хабардор қилмаган, бироқ Россия кемаларининг ҳаракатини АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари кузатиб бормоқда. Вашингтон Россия кемалари минтақада ёз охиригача қолишини кутмоқда. АҚШ Конгресси 5 июн куни бўлажак Россия машғулотлари тўғрисида хабардор қилинди. 

АҚШнинг Украинага ёрдами

Сўнгги ҳафталарда Қўшма Штатлар Украинанинг Россия ҳужумидан мудофаасини қўллаб-қувватлаш бўйича бир қанча янги мажбуриятларни эълон қилди. Апрел ойида АҚШ Конгресси бир неча ойлик муҳокамалардан сўнг Киевга 61 миллиард долларлик ҳарбий ёрдам беришни маъқуллаган эди. АҚШ Мудофаа вазирлигига кўра, кенг кўламли уруш бошланганидан бери Вашингтон Киевга 50 миллиард доллардан ортиқ ҳарбий ёрдам тақдим этган. 

Бундан ташқари, бир неча кун аввал Вашингтон Киевга Россиядаги нишонларга зарба йўллашга норасмий тарзда рухсат бергани маълум бўлди. Бироқ, Politico нашри ва CNN телеканали таъкидлаганидек, рухсат Россия Федерацияси томонидан ҳужумларга дучор бўлган Харкивни ҳимоя қилиш учун «фақат Харкив вилояти билан чегарадаги» ҳудудларга тегишли. 

Бунга жавобан Россия Федерацияси Вашингтонга Украинанинг Россия ҳудудига ракета ҳужумлари «ҳалокатли оқибатларга олиб келиши» билан таҳдид қилди. Ўз навбатида, АҚШ президенти Жо Байден Ғарб давлатлари Украинага ёрдам беришни тўхтатса, Ғарб ва Россия ўртасида уруш хавфи ортишига ишора қилди. 

Мавзуга оид