Жаҳон | 20:40 / 04.07.2025
5482
3 дақиқада ўқилади

Австралияда эркак жуда кам учрайдиган вирусдан вафот этди

Тахминан 50 ёшли эркак қутуриш касаллиги билан боғлиқ бўлган лиссавирусни юқтирган.

Фото: Ewen Charlton

Австралиянинг Янги Жанубий Уэлс ҳудудида қутуриш касаллигига ўхшаш бедаво ва жуда кам учрайдиган вирусдан бир эркак вафот этди. У кўршапалак тишлаганидан сўнг бу касалликка чалинган. Бу ҳақда The Telegraph хабар берди.

Тахминан 50 ёшли эркак қутуриш касаллиги билан боғлиқ бўлган лиссавирусни юқтирган.

«Янги Жанубий Уэлсда одамларда ушбу вирус биринчи марта тасдиқланди ва 1996 йилда Австралияда лиссавирус топилганидан бери одам инфекциясининг тўртинчи ҳолати», дейилади хабарда.

Таъкидланишича, ушбу патогеннинг иккита штамми мавжуд. Bat Conservation Trust маълумотларига кўра, Буюк Британияда 1986 йилдан бери синовдан ўтказилган 19 минг кўршапалакдан фақат 59 тасида ушбу вирус аниқланган. Британияда касалликни қайд қилиш бошланганидан бери одамларда инфекциянинг иккита ҳолати аниқланган – биринчиси 1902 йилда, иккинчиси эса 100 йилдан кейин Шотландияда. Бу кўршапалаклар билан ишлаган одамда топилган.

«Одамларга юқиш ҳолати жуда кам учрайди. Аммо, афсуски, зарарланган кўршапалак томонидан тирналган ёки тишлаган одамларда лиссавирус аломатлари пайдо бўлганда, самарали даво йўқ», деди Кейра Глазго, соғлиқни сақлаш бошқармаси директори.

Лиссавирус белгилари кунлар, ойлар ва ҳатто йиллар давомида пайдо бўлиши мумкин. Дастлабки белгилар гриппга ўхшайди, бош оғриғи, иситма ва чарчоқ. Беморларнинг аҳволи тезда ёмонлашиши мумкин, фалаж, алаҳлаш, томир тортишиши ва охир-оқибат ўлим.

«Қутуриш - бу марказий асаб тизимининг касаллиги бўлиб, лиссавирус ҳам унга ўхшаш, гарчи бу икки вирус генетик жиҳатдан фарқ қилса ҳам. Афсуски, у билан касалланган одам учун даво йўқ, барча ҳолатлар ўлим билан тугайди», деди Иан Маккей, Квинсленд Университети вирусологи.

Бироқ, қутурганда бўлгани каби, касалликни ўз вақтида даволаш симптомларнинг ривожланишига тўсқинлик қилиши мумкин. Вируслар жуда ўхшашлиги туфайли, лиссавирус инфекциясини даволаш учун қутуришга қарши иммуноглобулин ва вакциналар қўлланилади.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид