Жаҳон | 13:22
446
3 дақиқада ўқилади

Австралия бош вазири қурол бўйича қонунларни қатъийлаштирмоқчи

Австралия бош вазири Энтони Албанезе фикрича, жисмоний шахслар мулкидаги қуроллар сонини чеклаш, шунингдек лицензияларни даврий равишда қайта текшириб туриш керак. Ўзгартишлар Миллий вазирлар маҳкамаси муҳокамасига қўйилади.

Фото: Dean Lewins/AAP/REUTERS

Австралия бош вазири Энтони Албанезе Сиднейдаги Бонди-бич пляжида яҳудий жамоаси аъзоларига қилинган ҳужумдан кейин қурол тўғрисидаги қонунчиликни қатъийлаштиришни таклиф қилди. Бу ҳақда душанба куни, 15 декабрда AFP ва Reuters агентликлари хабар берди.

Албанезе айтишича, у ислоҳотлар бўйича таклифини 15 декабр куни кундузи штатлар бош вазирлари иштирок этадиган Миллий вазирлар маҳкамаси йиғилишида муҳокамага қўяди.

Гап, жумладан, жисмоний шахслар эгалик қилиши мумкин бўлган қурол бирликлари сонини чеклаш, шунингдек лицензияларни муайян вақт оралиғида қайта текшириб бориш ҳақида кетмоқда. «Одамлар вақт ўтиши билан радикаллашиши мумкин. Лицензиялар умрбод бўлмаслиги керак», — деб ҳисоблайди бош вазир.

14 декабр куни Сиднейдаги машҳур Бонди-бич пляжида яҳудийлар байрами — Ханука бошланишига бағишланган тадбир қатнашчиларидан камида 16 киши ҳалок бўлди. Яна 38 нафар жабрланувчига касалхоналарда ёрдам кўрсатилган, деб хабар қилди AP агентлиги.

Штат бош вазири Крис Миннс отишма «Хануканинг биринчи кунида Сидней яҳудий жамоасига қарши атайлаб йўналтирилгани»ни билдириб, ҳужумни террорчилик акти деб атаган.

Полиция маълум қилишича, эҳтимолий икки ҳужумчидан бири ўлдирилган, иккинчиси эса оғир яраланган ҳолда қўлга олинган. Ҳужумчилардан бирини мусулмон экани маълум бўлган тасодифий йўловчи қуролини тортиб олиб, зарарсизлантирган. Бу иши учун уни, жумладан, Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ҳам мақтаган.

Ҳужум чоғида гумон қилинувчи шахслар — ота ва ўғил пляждаги одамларга қарата ўқ узган. Полиция 50 ёшли отада олти дона ўқотар қуролга лицензия бўлганини тасдиқлади.

Полиция матбуот анжуманида аниқлаштиришича, душанба куни, 15 декабрда 24 ёшли ўғил касалхонада ҳали ҳам ўта оғир аҳволда қоляпти.

Бу йил Ханука байрами 14 декабрдан 22 декабргача нишонланади. Сиднейдаги Бонди-бич — Австралиянинг энг машҳур пляжларидан бири бўлиб, у сёрферлар, чўмилувчилар ва сайёҳларни жуда кўп жалб қилади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид