Ўзбекистон | 23:43 / 06.08.2025
3600
4 дақиқада ўқилади

Мирзиёев БМТ бош котиби билан учрашди, Кўкдала туманида яна газ тўлдириш шохобчаси портлади – маҳаллий дайжест

Туркманистондаги БМТ конференцияси доирасида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев БМТ бош котиби Антониу Гутерриш билан учрашди. Самарқандда ЙҲХБ ҳайдовчиларни сарсон қилаётгани маълум бўлди, улар жарима майдонига қўйилган автомобилларини олиб чиқолмаяпти. Қашқадарё вилояти Кўкдала туманида яна газ тўлдириш шохобчаси портлади, бу сўнгги 20 кун ичида иккинчи ҳолат. Хитойда тарқалаётган чикунгуня безгаги Ўзбекистонга хавф солмайди, деб ишонтирди Санэпидқўмита. Нукус шаҳрида эркак 1 нафар фарзанди учун алимент пулини тўлиқ миқдорда олдиндан тўлаб берди, бу рекорд қиймат экани таъкидланмоқда. Kun.uz ёритган ушбу муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Шавкат Мирзиёев БМТ бош котиби билан учрашди

Туркманистондаги БМТ конференцияси доирасида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев БМТ бош котиби Антониу Гутерриш билан учрашди. Глобал ва минтақавий тараққиётнинг долзарб масалалари, шу жумладан, БМТ Бош ассамблеясининг бўлажак 80-юбилей сессиясини ўтказиш масалалари кўриб чиқилди.

Ўзбекистон билан БМТ ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш, Антониу Гутерришнинг ўтган йил июл ойидаги мамлакатимизга ташрифи давомида эришилган келишувларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Учрашув якунида томонлар амалий ҳамкорликни янада ривожлантириш, қўшма дастур ва лойиҳаларни кенгайтиришга тайёр эканини таъкидлади.

Қашқадарё вилояти Кўкдала туманида яна газ тўлдириш шохобчаси портлади

Олтиндала маҳалласида жойлашган автомобилларга газ тўлдириш шохобчасида пропан суюлтирилган газ ташувчи автоцистернадан пропан сақлаш резервуарига ёқилғи қуйиш вақтида чақнаш содир бўлиб, ёнғин келиб чиққан. 5 та ёнғин-қутқарув экипажи ёнғинни ярим соат ичида ўчирган. Ёнғин оқибатида автоцистерна ҳайдовчиси енгил куйиш тан жароҳати олган.

Сўнгги 20 кун ичида бу иккинчи ҳолат. 16 июл куни Кўкдала туманида аҳолига хизмат кўрсатувчи газ тўлдириш станцияси ҳудудида ёқилғи сақлаш резервуарида портлаш ва ёнғин содир бўлган эди. Ҳодиса оқибатида 4 нафар фуқаро ҳалок бўлди.

Хитойда тарқалаётган чикунгуня безгаги Ўзбекистонга хавф солмайди

Санэпидқўмитага кўра, ушбу касалликни тарқатувчи чивинлар Ўзбекистонда учрамайди.

Хитойнинг Гуандун провинциясида бир ҳафта ичида 3 мингга яқин одамда саломатлик учун хавфли бўлган чикунгуня безгаги аниқланган. Вирус камдан кам ҳолларда ўлимга олиб келишига қарамай, бўғимлардаги оғриқлар касалликнинг ўткир босқичидан кейин ҳафталаб, баъзан ойлаб давом этиши мумкин, бу эса беморнинг ҳаёт сифатини сезиларли даражада пасайтиради.

Хитой ҳукумати чикунгуня эпидемиясини тарқатувчи майда чивинларни ейиш учун улкан «филсимон чивинларни» табиатга қўйиб юборди.

МИБ тарихида энг катта миқдордаги алимент тўланди

Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳрида эркак 1 нафар фарзанди учун алимент пулини тўлиқ миқдорда олдиндан тўлаб берди.

У келгуси 13 йил давомида тўлаши лозим бўлган алимент пулини, яъни 2 миллиард 270 миллион 812 минг сўмни собиқ турмуш ўртоғига берган.

Таъкидланишича, бу қиймат МИБ тарихида ҳозирча энг йирик миқдордаги алимент тўлови бўлиб қолмоқда.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид