«Арзон совға бергани учун» талабага пўписа қилган ўқитувчи Бухоро давлат университетида ишлаши тасдиқланди
Бухоро давлат университети ўқитувчиси 8 март байрамида ўзига 300 минг сўмлик «жуда арзон» совға берган талабага пўписа қилгани ҳақида хабар берилганди. Бухоро давлат университети бу масалага муносабат билдирди.
«Бухоро давлат университети жамоаси жамиятда ўқитувчи касбининг ижтимоий мавқейини кўтариш, фан ва таълимни ҳар томонлама ривожлантириш борасида давлатимизда олиб борилаётган сиёсатни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди ва қадрлайди», деб бошланади Kun.uz'га тақдим этилган муносабат матнида.
«Ҳозирги вақтда университетга янги ишга қабул қилинаётган барча талабгорлар орасидан энг муносиб, ҳалол ва касбига садоқатлиларни саралаб олиш мақсадида жамоатчилик кенгаши ўз фаолиятини олиб бормоқда. Талабалар билимини баҳолашда инсон омилини кескин қисқартириш, баҳолаш жараёнининг шаффофлигини таъминлаш мақсадида якуний назоратларни компьютерда тест шаклида олиш амалиёти йўлга қўйилган.
Университет раҳбарияти ва талабалар ўртасидаги бевосита мулоқотни фаоллаштириш учун ҳафтада икки маротаба ректор томонидан қабул кунлари ташкил қилинган. Шу билан бирга, талабалар сонининг кўплигини инобатга олган ҳолда ректорнинг Телеграмда мурожаатлар боти, коррупцияга қарши курашиш борасидаги «anticorbot» Телеграм ботлари фаолият юритмоқда. Талабалардан келиб тушган мурожаатлар асосида биргина феврал-март ойида 2 нафар ўқитувчига интизомий жазо чоралари қўлланилиб, факультетлардаги ижтимоий-маънавий муҳит мунтазам таҳлил қилиб келинмоқда», дейилади муносабатда.
Қўшимча қилинишича, аввал блогер Умид Ғофуровнинг Телеграм канали ва сўнгра Kun.uz сайтида эълон қилинган хабар юзасидан ўша куннинг ўзида университет ректорининг буйруғи қабул қилиниб, ишчи гуруҳ тузилган.
«Ишчи гуруҳ аъзолари томонидан бугунги кунда ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Хусусан талабалар ўртасида сўровномалар олиниб, факультетда бу йўналишда амалга оширилган чоралар чуқур таҳлил қилинмоқда. Ўрганиш натижалари бўйича ўқитувчи ва масъул бўлган ходимларнинг хатти-ҳаракатига албатта қонун доирасида ҳуқуқий баҳо берилади. Бухоро давлат университети раҳбарияти мазкур ҳолат ҳақида хабар берган талабаларга ўз миннатдорчилигини билдиради ва кейинги даврда ҳам мазкур масалалар бўйича ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини таъкидлайди», дейилади муносабатда.
Эслатиб ўтамиз, Бухоро давлат университетининг Мактабгача ва бошланғич таълим факультети талабалари ўз гуруҳ раҳбарлари (куратори)га 8 март муносабати билан гулдаста ва 200 минг сўм пул совға қилган. Ушбу совғани паст қийматли дея баҳолаган ўқитувчи талабасига Телеграм орқали таҳдидли гаплар ёзиб, совғани қайтариб беришини айтган.
Kun.uz мухбирининг аниқлашича, талабага арзон совға бергани учун пўписа қилган ва ўзининг «қишлоқи эмаслигини эслатган» 40 ёшли ўқитувчининг мутахассислиги – физика-математика. Бу ўқитувчи рус ва инглиз тилларида гаплаша олиши маълум.
Мавзуга оид
15:49 / 18.04.2022
Бухоро давлат университети ўқувчиларга касб танлаш имкониятини тақдим қилди
11:30 / 18.03.2022
Бухоро давлат университети талабалари учун “Карьера куни – 2022 меҳнат ярмаркаси”да 8000 дан ортиқ иш ўрни таклиф қилинди
14:17 / 16.12.2021
Бухоро давлат университетининг йигирма нафар педагог-ходимлари Қозонда малака оширди
19:53 / 15.11.2021