Жаҳон | 15:18 / 10.02.2026
4204
8 дақиқада ўқилади

Россия танкерини қўлга олган АҚШ, Кубада ёқилғи танқислиги ва Арманистонга келган Вэнс – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

АҚШ Россия танкерини қўлга олди

АҚШ қуролли кучлари душанбага ўтар кечаси Aquila II номли нефт танкерини қўлга олди. Ғарб ва Украина манбаларига кўра, мазкур кема халқаро санкцияларни четлаб ўтиш учун фойдаланиладиган Россиянинг «соя флоти» таркибига киради.

Пентагонга кўра, қўлга олинган танкер Доналд Трамп жорий этган санкция режимини бузган ҳолда фаолият юритган. Вазирлик кема яширинишга уринганини, бироқ барибир кузатувга олиниб аниқланганини билдирди.

«Уруш вазирлиги бу кемани Кариб денгизидан Ҳинд океанигача кузатиб борди ва қувиб етди. Ер сайёрасида ҳеч бир давлат ҳар қандай шароитда ўз сўзини ўтказиш қобилиятига эга эмас. Қуруқликда, ҳавода ёки денгизда — қуролли кучларимиз сизни топади ва адолатни тиклайди», - дейилади идора баёнотида.

Тахминларга кўра, танкер Россия ҳамда Венесуэла нефтини ташийди, баъзан жойлашувини яшириш учун транспондерни ўчириб қўйиш ва бошқа усуллардан фойдаланади.

Бу — 2025 йил декабридан буён Венесуэлага қарши жорий этилган блокада доирасида АҚШ ушлаган еттинчи кема ҳисобланади.

Ўртаер денгизида ўнлаб мигрантлар ҳалок бўлди

Ливия қирғоқлари яқинида резина қайиқ ағдарилиши оқибатида камида 53 нафар ноқонуний мигрант, жумладан, икки нафар чақалоқ ҳалок бўлган ёки бедарак йўқолган.

Халқаро Миграция ташкилотининг маълум қилишича, 55 нафар мигрант бўлган қайиқ жума куни Зувора шаҳри шимолида ағдарилган. Қидирув-қутқарув амалиёти давомида Ливия расмийлари томонидан фақат икки нафар нигериялик аёл қутқариб олинган.

Баёнотда айтилишича, омон қолган аёллардан бири эридан айрилганини, иккинчиси эса ушбу фожиада икки нафар чақалоғини йўқотганини билдирган.

Африка давлатлари фуқаролари бўлган мигрант ва қочқинларни олиб кетаётган қайиқ йўлга чиққанидан тахминан олти соат ўтиб ағдарилган.

Ташкилотнинг маълум қилишича, фақат январ ойида Ўртаер денгизида об-ҳаво шароитлари туфайли содир бўлган кема ҳалокатлари натижасида камида 375 нафар мигрант ҳалок бўлди. Юзлаб бошқа ўлим ҳолатлари эса қайд этилмаган бўлиши ҳам мумкин.

АҚШ вице-президенти Арманистонга келди

АҚШ вице-президенти Ж.Д.Вэнc душанба куни Арманистонга етиб келди. Бу ташриф уни Жанубий Кавказ давлатига келган АҚШ тарихидаги энг юқори лавозимли сиёсатчига айлантирди.

«Бош вазир бизнинг жуда яқин дўстимиз ва дунёнинг ушбу минтақасида тинчлик ҳамда тараққиёт масаласида ҳақиқий иттифоқчимиздир», деди Вэнс Пашинян ҳақида.

Арманистон бош вазири Никол Пашинян эса Вэнсга ва АҚШ президенти Доналд Трампга миннатдорлик билдирди. Арманистон ва қўшни Озарбойжон тинчликка «жуда яқин» келганини таъкидлади.

Вэнс ва Пашинян тинчликни мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор ҳужжатларни имзолади. Улар орасида тинч мақсадлардаги ядровий ҳамкорлик бўйича мажбуриятлар, Арманистон ҳудуди орқали Озарбойжонни Нахчивон эксклави билан боғлайдиган йирик транзит йўлагини барпо этиш ҳақида келишувлар бор.

Айнан ушбу транзит йўлаги Ереван ва Боку ўртасида узоқ йиллардан бери энг кескин баҳсли масалалардан бири бўлиб келган.

Вице-президент Вэнс сешанба куни қўшимча учрашувлар учун Озарбойжонга йўл олади.

Мазкур ташриф Украинадаги уруш фонида собиқ совет давлатлари Москва таъсир доирасидан узоқлашаётган бир пайтда амалга ошмоқда. Хусусан, Арманистон Россия билан хавфсизлик бўйича келишувини музлатиб қўйиб, Вашингтон ва Европа Иттифоқи билан алоқаларни чуқурлаштиришга интилмоқда.

Исроилнинг ҳаракатлари қораланди

Душанба куни Туркия, Миср, Иордания, Индонезия, Покистон, Қатар, Саудия ва БАА ташқи ишлар вазирлари Исроилнинг босиб олинган Ғарбий соҳилда яқинда кўрган чораларини кескин қоралади.

Туркия Ташқи ишлар вазирлиги эълон қилган баёнотда айтилишича, мазкур чоралар «Исроилнинг ноқонуний суверенитетини мажбуран ўрнатиш, посёлкалар фаолиятини мустаҳкамлашга» қаратилган. Шунингдек, у ҳудудни аннексия қилиш ва фаластинликларни сиқиб чиқаришга уринишларни тезлаштиради.

Баёнотда вазирлар «халқаро ҳуқуқни қўпол равишда бузадиган, икки давлатли ечимга путур етказадиган ушбу ноқонуний ҳаракатларни мутлақ рад этишларини» билдирди.

Вазирлар Исроилнинг ҳаракатлари – БМТ Хавфсизлик кенгашининг «Фаластин ҳудудлари, Шарқий Қуддуснинг «демографик таркиби, характери ва мақомини ўзгартиришга қаратилган Исроилнинг барча чораларини қораловчи» резолюцияни очиқдан очиқ бузишини таъкидлади.

Якшанба куни Исроил Хавфсизлик кабинети босиб олинган Ғарбий соҳилда Исроил назоратини кучайтиришга қаратилган ўзгартиришларни маъқуллаганди. Унга кўра, Ғарбий соҳилда фаластинликлар ерини яҳудийларга сотишни тақиқловчи қонун бекор қилинади ва ер эгалиги бўйича ҳужжатлар очилади.

Кубада ёқилғи танқислиги бошланди

Якшанба куни Куба ҳукумати маҳаллий аэропортларда авиаёқилғи танқислиги сабабли хорижий авиакомпанияларга самолётларни вақтинча ёнилғи билан таъминлаш имкони йўқлигини маълум қилди. Чекловлар душанбадан кучга кирди ва камида март ойининг ўрталаригача давом этади.

Гап мамлакатдаги бир нечта аэропортлар, жумладан, Ҳаванадаги халқаро аэропортда ҳам ёнилғи етишмовчилиги ҳақида бормоқда. Бу огоҳлантириш оролга келадиган хорижий авиакомпаниялар маршрутлари, парвозлар жадвали қайта кўриб чиқилишига олиб келиши мумкин.

Кубадаги ёқилғи танқислиги АҚШ томонидан босим кучайтирилганидан кейин янада кескинлашди. Январ охирида АҚШ президенти Кубага нефт етказиб берадиган мамлакатларга нисбатан янги тарифлар тизимини жорий этди.

Оқ уй буни Куба – АҚШ миллий хавфсизлигига таҳдид солаётгани ва душман давлатлар билан ҳамкорлик қилаётгани билан изоҳлади. Шу фонда оролга ёқилғи етказиб бериш қисқарди ва бу муаммоларни келтириб чиқарди.

Маҳаллий нашрларга кўра, Кубада туризм соҳасида қийинчиликлар пайдо бўлган: пандемиядан кейин АҚШ санкциялари ва ички иқтисодий муаммолар оқибатида сектор аллақачон инқироз ҳолатига келиб қолган.

БМТ АҚШ қарзини тўлашини кутмоқда

БМТ АҚШ бюджет бадалларини кечиктириб тўлаётгани бўйича қачон ва қанча маблағ ажратишини аниқлаштирувчи тафсилотларни кутаётганини билдирди. Бу баёнот АҚШ яқин ҳафталарда дастлабки тўловни амалга оширишга ваъда берганидан кейин янгради.

«Биз баёнотларни кўрдик ва очиғини айтганда, бош котиб бу масала юзасидан анча вақтдан бери элчи Майк Уолтц билан алоқада», - деди БМТ матбуот котиби.

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш 28 январдаги мактубида аъзо давлатларни ташкилот молияси бўйича огоҳлантирганди. У тўланмаган бадаллар сабаб 193 давлатдан иборат ташкилот «яқин фурсатда молиявий қулаш» хавфи остида қолаётганини билдирган.

Бадалларнинг асосий қисми АҚШ ҳиссасига тўғри келади. Трамп даврида АҚШ кўплаб йўналишларда ҳамкорликдан чекиниб, БМТдан ислоҳотлар ўтказиш ва харажатларни қисқартиришни талаб қилиб келмоқда.

БМТ расмийларига кўра, АҚШ БМТнинг мунтазам бюджети бўйича тўланмаган қарзларнинг 95 фоизидан ортиғи учун масъул. Феврал бошига келиб, мамлакатнинг қарзи 2,19 миллиард долларни ташкил этади. Бундан ташқари, амалдаги ва аввалги тинчликпарварлик миссиялари учун яна 2,4 миллиард доллар ҳамда БМТ трибуналари учун 43,6 миллион доллар қарздорлик мавжуд.

БМТ маълумотларига кўра, ўтган ҳафтада 55 та давлат муддатидан олдин жорий йил учун БМТ бюджетига ўз мунтазам бадалларини тўлаб бўлган.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид