Жаҳон | 14:34
1467
9 дақиқада ўқилади

Эронда портлатилган кўприк, Ҳўрмузни очиш бўйича коалиция ва АҚШ бош прокурорини ишдан олган Трамп – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Трамп Эронга зарбаларни кучайтирди

АҚШ ва Исроилнинг қўшма ҳаво ҳужуми бошланганидан бери деярли беш ҳафта ўтган бўлса-да, Эрондаги уруш бутун минтақада тартибсизликни ёйишда ва молия бозорларини ларзага келтиришда давом этмоқда.

Доналд Трамп сўнгги кунларда ўз риторикасини кучайтирди, чунки Эроннинг янги раҳбарлари билан воситачилар орқали олиб борилаётган музокаралар жуда кам силжиш кўрсатмоқда.

«АҚШ ҳарбийлари Эронда қолган нарсаларни йўқ қилишни ҳали бошлагани ҳам йўқ. Навбатда кўприклар, кейин эса электр станциялари», деб ёзди Трамп пайшанба куни кечқурун. Шунингдек, у Эрон раҳбарияти «нима қилиш кераклигини билади ва буни ТEЗДА амалга ошириши керак!» деб қўшимча қилди.

Трамп аввалроқ АҚШ Теҳрон ва Караж ўртасида янги қурилган кўприкни бомбардимон қилаётгани акс этган видеони эълон қилган эди. Ушбу B1 кўприги шу йили очилиши режалаштирилган эди. Эрон маълумотларига кўра, АҚШ ҳужуми оқибатида 8 киши ҳалок бўлган ва 95 киши яраланган.

«Фуқаролик иншоотларига, жумладан, қуриб битказилмаган кўприкларга зарба бериш – эронликларни таслим бўлишга мажбур қила олмайди», деди Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи.

Пайшанба куни америкалик 100 дан ортиқ халқаро ҳуқуқ экспертлари АҚШ кучларининг ҳаракатлари «халқаро инсон ҳуқуқлари ва халқаро ҳуманитар ҳуқуқнинг бузилиши, жумладан, эҳтимолий уруш жинояти бўйича жиддий хавотир уйғотаётганини» маълум қилди.

Экспертлар томонидан имзоланган мактубда, хусусан, Трампнинг АҚШ Эронга «шунчаки кўнгилхушлик учун» зарбалар бериши мумкинлиги ҳақидаги изоҳи қайд этилган. Шунингдек, унда Пентагон раҳбарининг март ойидаги АҚШ «жанговар ҳаракатларнинг аҳмоқона қоидалари» билан урушмаслиги ҳақидаги сўзлари келтирилган.

Кўрфаз давлатлари эса ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқини сақлаб қолишларини айтса-да, сўнгги бир ой давомида Эроннинг такрорий ҳужумларига ҳарбий жавоб қайтаришдан тийилиб турибди. Улар вазиятнинг янада ҳалокатлироқ бўлган – катта урушга айланиб кетишидан қочишга ҳаракат қилмоқда.

Уруш бошланганидан бери Яқин Шарқ бўйлаб минглаб одам ҳалок бўлди ва ўн минглаб киши яраланди.

Ҳўрмузни очиш бўйича ҳаракатлар бошланди

БМТ Хавфсизлик Кенгаши Ҳўрмуз бўғози ва унинг атрофида тижорат кемачилигини ҳимоя қилиш бўйича Баҳрайн резолюциясига овоз бериши кутилмоқда. Reutersʼнинг ёзишича, вето ҳуқуқига эга бўлган Хитой ҳар қандай куч ишлатишга рухсат берилишига очиқдан очиқ қарши чиққан.

Кенгашнинг 15 аъзоси иштирокидаги йиғилиш ва овоз бериш жараёни шанба куни эрталабга белгиланган.

Хавфсизлик Кенгашининг амалдаги раиси Баҳрайн резолюция лойиҳасини якунлаган. Унда тижорат кемачилигини ҳимоя қилиш учун «барча зарурий мудофаа воситалари»га рухсат бериш кўзда тутилган.

Аввалроқ ҳужжатни қабул қилдириш учун Кўрфаз давлатлари Россия ва Хитойнинг эътирозларини енгиб ўтиш мақсадида резолюция матнидан «мажбурий ижро» ҳақидаги очиқ ҳаволани олиб ташлаган эди.

Хавфсизлик Кенгаши резолюцияси қабул қилиниши учун камида тўққизта «ёқлаб» овоз берилиши ва бешта доимий аъзо — Буюк Британия, Хитой, Франция, Россия ва АҚШ томонидан вето қўйилмаслиги талаб этилади.

Бундан ташқари, пайшанба куни 40 дан ортиқ давлат АҚШ, Исроил ва Эрон ўртасидаги уруш якунлангач, Ҳўрмуз бўғози орқали эркин ўтишни таъминлаш мақсадида коалиция тузди.

Дастлабки йиғилишга Британия ташқи ишлар вазири Йветт Купер виртуал тарзда мезбонлик қилди. Унинг сўзларига кўра, кўп миллатли коалиция Ҳўрмузни «хавфсиз ва барқарор очиш» учун «дипломатик ва иқтисодий воситаларнинг барча турларини» жамоавий сафарбар этади.

Ушбу воситалардан бири Эронга нисбатан янги иқтисодий санкциялар бўлиши мумкин. Шу билан бирга, «можаро юмшаганидан сўнг» миналардан тозалаш ва кемаларни кузатиб бориш каби мудофаа имкониятлари ўрганилади.

Виртуал йиғилиш оператив қарорлар қабул қилишга эмас, балки асосан вазиятни баҳолаш ва сафларни жипслаштиришга бағишланди. Ҳеч қандай қўшма баёнот эълон қилинмади.

АҚШ бош прокурори ишдан олинди

Президент Доналд Трамп пайшанба куни АҚШ бош прокурори Пам Бондини лавозимидан озод қилди. Трамп унинг фаолиятидан, айниқса марҳум педофил-жиноятчи Жеффри Эпштейн иши бўйича ҳужжатларнинг эълон қилиниши борасида норозиликлари ортиб борган.

Манбаларга кўра, Трамп шунингдек, Бондининг у жиноий жавобгарликка тортилишини хоҳлаган танқидчилар ва рақибларига нисбатан айблов қўйишда етарлича тез ҳаракат қилмаётганини ҳис қилган.

Трамп ўз постида Бондини «Буюк Америка ватанпарвари ва содиқ дўст» сифатида мақтаган. Трамп унинг тез орада хусусий секторга ишга ўтишини айтди, бироқ тафсилотларни келтирмади.

Шунингдек, Трамп Адлия вазири ўринбосари ва ўзининг собиқ шахсий адвокати Тодд Бланш Адлия вазирлигига вақтинча раҳбар бўлишини маълум қилди. АҚШда адлия вазири — бош прокурор ҳам ҳисобланади.

Бош прокурор Бонди хоним эса ўзининг ижтимоий тармоқдаги постида Трампни мақтаб, унга миннатдорлик билдирди ҳамда бир ой давомида вазифаларини Бланшга топшириш билан ўтказишини айтди.

АҚШнинг бош прокурори сифатида ишлаган Бонди фаолияти давомида Трамп кун тартибининг ашаддий ҳимоячиси бўлган. У Адлия вазирлигининг тергов ишларида Оқ уйдан мустақил бўлиш анъанасини ҳам барбод қилди.

Шунингдек, Бонди Эпштейнга нисбатан Адлия вазирлиги олиб борган жинсий савдо бўйича тергов материалларини яширишда ёки уларнинг эълон қилинишини нотўғри бошқаришда айбланган.

Исроилнинг янги қонуни қораланди

Саккизта мусулмон давлати — фаластинликларга ўлим жазосини одатий жазо сифатида белгиловчи Исроил қонунини «кескин қоралади». Бу ҳақда пайшанба куни Покистон томонидан эълон қилинган қўшма баёнотда айтилади.

Душанба куни Кнессет қабул қилган ушбу қонун «Исроил мавжудлигига чек қўйиш»га қаратилган ҳужумларни содир этишда айбланган исроилликларга нисбатан қўлланади. Танқидчиларнинг таъкидлашича, бу фаластинликларга нисбатан ўлим жазоси қўлланишини, аммо ўхшаш жиноятларни содир этган исроиллик яҳудийларга нисбатан бундай жазо қўлланмаслигини англатади.

Маълум қилинишича, Покистон, Туркия, Миср, Индонезия, Иордания, Қатар, Саудия Арабистони ва БАА ушбу қонун «хавфли кескинлашув» эканини таъкидлаган. Улар кескинликни янада кучайтириши мумкин бўлган «чоралардан тийилиш зарурлигини» қайд этди.

«Улар жавобгарликни таъминлаш муҳимлигини таъкидлаб, барқарорликни сақлаш ва вазият янада ёмонлашишининг олдини олиш учун халқаро саъй-ҳаракатларни кучайтиришга чақирди», дейилади хабарда.

Қўшни Афғонистондаги «Толибон» ҳукумати ҳам ушбу қонунни «зулмнинг давоми» деб атади ва «халқаро ташкилотлар ҳамда нуфузли давлатларни бундай ҳаракатларнинг олдини олиш учун амалий чоралар кўришга» чақирди.

Қонун Исроилнинг Ғарбдаги иттифоқчилари томонидан ҳам танқидларга учради. Европа Иттифоқи ва Германия ушбу қадамдан хавотир билдирди, шунингдек, Канада ҳам бунга қарши чиқди.

Россияда яна бир нуфузли генерал ҳалок бўлди

Россия Қуролли Кучлари Шимолий флоти аралаш авиация корпуси қўмондони, генерал-лейтенант Александр Отрошенко 31 март куни Қримда қулаган Ан-26 ҳарбий-транспорт самолёти бўлган. BBC’нинг ўз манбаларига таяниб хабар беришича, у ҳалокат натижасида вафот этган.

Ҳисоб-китобларига кўра, Александр Отрошенко Украинага қарши кенг кўламли уруш бошланганидан бери ҳалок бўлган россиялик бешинчи генерал-лейтенант бўлди.

Александр Отрошенко 2010-2013 йилларда Россия Қора денгиз флоти денгиз авиациясига қўмондонлик қилган, сўнгра Шимолий флот денгиз авиациясига ва Ҳарбий ҳаво кучларининг 45-армиясига қўмондонлик қилган.

Сешанба куни қулаган Ан-26 самолёти қояга бориб урилгани тахмин қилинмоқда. Унинг бортида бўлган 29 кишининг барчаси ҳалок бўлган. Россия мудофаа вазирлиги «ҳалокатнинг дастлабки сабаби — техник носозлик» деб баҳолаган.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид