Ўзбекистон | 16:31 / 03.02.2026
3892
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида айрим йўл участкаларида тезлик 80 км/соатгача туширилади

Тошкент вилоятида D012 Бектемир-Чирчиқ-Ғазалкент-Чорбоғ қўрғони йўлининг 6 та аҳоли яшаш жойидан ташқари қисмида тезлик 80 км/соатгача туширилади. Ушбу ҳудудда белгиланган тезликка риоя этилмаслиги сабаб бир йилда 63 марта ЙТҲ содир бўлиб, 15 киши ҳалок бўлган.

Фото: LiveJournal

Тошкент вилоятининг айрим ҳудудларида транспорт воситаларининг юқори тезлиги 80 км/соатгача туширилади. Бу Халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгашининг 2 февралдаги қарорида кўзда тутилган.

Ҳужжат йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, фуқаролар ва ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қабул қилинган.

Қарор билан вилоят ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича ҳудудий махсус комиссиясининг давлат аҳамиятига эга D012 Бектемир-Чирчиқ-Ғазалкент-Чорбоғ қўрғони автомобил йўлининг 6 та аҳоли яшаш жойидан ташқари қисмида ҳаракат тезлигини камайтириш бўйича таклифи маъқулланди.

Spot нашри ёзишича, қарор автомобил йўли бўйлаб жойлашган аҳоли пунктлари яқинидаги қуйидаги участкаларга тааллуқли:

  • Хитойтепа (19−20 км);
  • Уйенкулсой (44−45 км);
  • Сари Қанли (49−50 км);
  • Ғазалкент (61−62 км);
  • Қаранкўл (64−65 км);
  • Чиноркент (71−74 км).

Аввал ушбу участкаларда ҳаракат тезлиги 100 км/соатгача рухсат этилган эди.

Вилоят Автомобил йўллари бош бошқармаси бошлиғига ўн кун муддатда ушбу ҳудудларда ҳаракат тезлигини чеклаш учун 3.24 «Юқори тезлик чекланган» (80 км/соат) йўл белгиларини ўрнатиш юклатилди.

Қайд этилишича, D012 йўлининг 19–74-километрлари оралиғида белгиланган тезликка амал қилмаслик оқибатида 2025 йилнинг 12 ойи давомида жами 63 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. Оқибатда 15 киши вафот этган, 50 киши тан жароҳати олган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид