23:33 / 01.06.2020
6912

2019 йилда бюджет ташкилотларида 30 млрд. сўм ўзлаштирилгани маълум қилинди

2019 йилда ўтказилган назорат тадбирлари давомида 8074 та бюджет ташкилотининг 6616 тасида 142,5 млрд. сўм миқдорида молиявий хато, жумладан, 30,3 млрд. сўм миқдоридаги пул ва моддий бойликлар камомади ва ўзлаштиришлар, 112,2 млрд. сўм миқдоридаги ноқонуний харажатлар аниқланган. Бу ҳақда парламент қуйи палатасининг 1 июнь куни бўлиб ўтган мажлисида сўз борди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизматининг хабар беришича, депутатлар давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2019 йилдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқиш жараёнида бюджет ижросига оид айрим камчиликларга ҳам алоҳида эътибор қаратишган. Депутатларга кўра, аниқланган ҳолатлар бюджет маблағларининг мақсадли ишлатилиши устидан ҳалигача самарали назоратни амалга ошириш механизмлари яратилмаганлиги сабабли юзага келмоқда.

Фото: Олий Мажлиси  Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати

Мажлисда бюджет интизоми, шаффофлиги ҳамда ҳисобдорлиги масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Бюджетдан маблағ ажратишда аввало улардан кутилаётган самарадорлик ва натижадорликни ҳисобга олиш муҳимлигини таъкидланди. Маҳаллий давлат органлари мансабдор шахсларининг ижро интизомини ошириш, Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг келгуси давр учун ўз вақтида, сифатли ижро этилиши устидан парламент назоратини кучайтириш, бунинг учун халқ депутатлари тегишли кенгашлари билан ҳамкорлик қилиш юзасидан аниқ вазифаларни белгилаб олиш зарурлигини таъкидланди.

Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2019 йилдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботда қайд этилишича, 2019 йилда ялпи ички маҳсулот ҳажми 5,6 фоизга ўсган, ижобий ўсиш суратлари қурилиш соҳасида 19 фоизни, cаноатда – 6,6 фоизни, хизматлар соҳасида – 5,1 фоизни, қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги соҳасида – 2,5 фоизни ташкил этган. 2019 йилда асосий капиталга инвестициялар ҳажми 189 трлн 924 млрд сўм бўлиб, ялпи ички маҳсулотга нисбатан 37,1 фоизни ташкил қилган.

Ҳисобот даврида давлат бюджети даромадлари 112,2 трлн.сўмни (ялпи ички маҳсулотга нисбатан 21,9 фоизни) ташкил этган, прогноз кўрсаткичлари 9,2 трлн сўм ортиғи билан бажарилган. Бюджет тушумлари таркибида юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи 2018 йилнинг мос даврига нисбатан 4,7 бараварга ошган.

Ҳисоботга кўра давлат бюджетининг 2019 йилдаги харажатлари 2018 йилга нисбатан 48 фоизга ошган, бюджет харажатлари таркибида олдинги йиллар каби ижтимоий соҳа харажатлари улуши юқори бўлиб, ушбу соҳа харажатлари учун бюджети харажатларининг 54 фоизи миқдорида маблағ сарфланган.

Top